Болаларни зўравонликдан қандай ҳимоя қилиш керак: халқаро меъёрларга мувофиқ комплекс ёндашув

Фото: пресс-служба ЮНИСЕФ

БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ва унинг фаолият кўрсатиш тамойиллари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, ушбу соҳадаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга тақдим этилган тавсиялари тўғрисида Anhor.uz  нашрига интервью берди.

– ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни мустаҳкамлаш бўйича ўз тавсияларини берди. Нима учун Ўзбекистон бу тавсияларга эътибор бермаяпти деб ўйлайсиз?

– Болалар ва аёлларни ҳимоя қилиш ваколатига эга етакчи халқаро ташкилот сифатида биз 1994 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини (БҲК) амалга оширишда доимий равишда техник ёрдам кўрсатамиз.

Ўзбекистонда сўнгги ўн йил ичида болалар ва аёллар ҳуқуқларини таъминлашда муваффақиятга эришилди. Менинг фикримча, асосий масала мамлакатда болалар манфаатларини таъминлаш ва бола ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун халқаро мажбуриятларини бажариш нуқтаи назаридан яна нима қилиш кераклигида. Гап мамлакат аҳолисининг учдан биридан кўпроғини ташкил этувчи аҳолининг ярми – аёллар ва болалар ҳақида бормоқда.

Афсуски, бизга мерос бўлиб қолган тизим ва ўтмишдаги қолдиқлар халқаро мажбуриятларни самарали амалга оширишга, болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга имкон бермаяптии. Кўпгина жиноятчилар бу жараёнда жавобгарликдан қочишади ва кўпинча жиноят қурбонлари виктамизацияга дучор бўлишади. Мисол учун, агар аёл ёки болага нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракати содир этилган бўлса, кўпинча улар айбдор бўлган ва жиноятчини қўзғатган деб ҳисобланади. Бу борада ҳуқуқий ислоҳотлар самарали ҳимояни таъминлаши керак.

Яна бир муаммо шундаки, Ўзбекистонда ижтимоий фаолият хизмати деярли йўқ. Аҳолининг заиф гуруҳлари билан ишлаш учун ўқитилган психологлар ва бошқа мутахассислар етарли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги энг муҳим қадам бўлди. Биз ушбу муҳим қадамни олқишлаймиз ва профилактика ва чоралар кўриш хизматларини амалга ошириш ва кучайтиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Биз фақат ҳукумат, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтата оламиз.

– ЮНИСЕФ, шунингдек, Ўзбекистон фаоллари доимий равишда ижтимоий ҳимоя идорасини ташкил этиш, шунингдек, институционаллаштирилган муассасалардан узоқлашишга чақиради. Нима учун ҳукумат бу борада суст, нима деб ўйлайсиз?

– Болаларни ҳимоя қилиш масалалари кўп идорали ёндашувни талаб қилади. Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар тизими жуда тарқоқ эканлиги бизни хавотирга солмоқда. Бир неча йилдирки, биз турли даражадаги ижтимоий ҳимоя бўйича алоҳида вазирлик ташкил этиш ғоясини илгари сурмоқдамиз. Ушбу вазирлик доирасида болаларни ҳимоя қилиш хизматлари ташкил этилиши мумкин.

Ижтимоий ҳимоя кўпинча фақат нафақалар билан боғлашади. Тасаввур қилинг-а, инсон қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолади, ишсизлик, қашшоқлик, ногиронликка дуч келади. Унга нафақа берилади, аммо бу етарли эмас ва бундай вазиятда индивидуал эҳтиёжларга асосланган чора-тадбирлар мажмуини қабул қилиш керакки, бу ерда моддий ёрдамдан ташқари, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш зарур бўлади.

Ўзбекистонда ижтимоий хизматнинг тўлиқ фаолият кўрсатувчи ягона шакли бу институционал муассасалардир. Маълумки, турар-жой муассасаларидаги болаларнинг 80-90% дан кўпроғи камида битта ота-онага эга. Бу оилалардаги ижтимоий, иқтисодий, психологик муаммолардан далолат беради, уларга эътибор бериш керак. Қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга ўз вақтида ёрдам берадиган жойлардаги хизматларга эҳтиёж бор.

Кўпинча маҳалладан яхшироқ, маҳаллий ҳокимиятдан яхшироқ, ҳеч ким вазиятни баҳолай олмайди ва оилага нима кераклигини тушунмайди. Ишончим комилки, маҳаллада ҳамма яқин қўшниларнинг аҳволи, уларнинг оилаларида нималар бўлаётганини билади. Бинобарин, маҳалла муассасасидан жойларда зарур кадрлар – ижтимоий соҳа ходимлари, психологлар ва ўқитувчиларнинг қийин аҳволга тушиб қолган оилаларни ўз вақтида аниқлаб, уларга кўмак кўрсатиши учун самарали фойдаланиш мумкин. Бундай ёндашув билан болани болалар уйига ёки мактаб-интернатга жойлаштиришга ҳожат йўқ.

Бугунги кунга келиб, ота-онасининг қарамоғисиз қолган болалар муаммолари билан профессионал равишда шуғулланадиган дипломли ва сертификатланган мутахассислар жуда кам. Шу муносабат билан бевосита болалар билан ишлайдиган тузилмалар ходимлари махсус тайёргарликдан ўтишлари керак.

Албатта, эртага барча маҳаллаларга дипломли ижтимоий соҳа ходимларини юбора олмаймиз. Шунинг учун биз тўрт ойлик курсни ишлаб чиқдик, бу ижтимоий хизматларнинг зарур ишларини амалга ошириш учун асосий билимларни олиш имконини беради.

Бундан ташқари, тахминан икки йил давомида биз ижтимоий фаолият  тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ёрдам бердик. Умид қиламизки, ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижро этувчи ҳокимият яқин келажакда унга қайтади. Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий ходимнинг вазифалари ва бошқа тузилмаларнинг оилалар ва болаларга зарур ёрдам кўрсатишдаги масъулиятини белгилаб беради.

– ЮНИСЕФ болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этди, Сенат шу йил 6 апрелда уни қабул қилди. Ушбу қонун лойиҳаси қандай кўринишда бўлиши ҳали аниқ эмас, аммо унда нима бўлиши шарт?

– Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати томонидан “Болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун маъқулланганини олқишлаймиз.

Ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёни узоқ ва анча қийин бўлди. Бу қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилишнинг илк мисолларидан биридир. Бизнинг таклифларимиз халқаро стандартларга, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига ва унинг факультатив баённомасига асосланган эди.

ЮНИСЕФ фикри қонуннинг барча оиладаги зўравонлик ҳаракатлари жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги ҳақидаги қонун қоидасига мос келади.

Оиладаги зўравонлик ва умуман зўравонлик ҳолати болаларнинг ривожланишида ва уларнинг кейинги ҳаётида узоқ муддатли из қолдиради. Ишчи гуруҳ жиноятчи жабрланувчининг вояга етмаганлигини билиши ёки билмаслиги муҳим эмаслиги ҳақидаги позицияни илгари сурди. Қувонарлиси, эндиликда бу қонунда ўз аксини топгани, судланувчи жабрланувчининг ёшини билмаслиги уни жавобгарликдан озод этмайди.

Қонун лойиҳаси доирасида тарафимиздан таклиф қилинган яна бир янгилик, ножўя хатти-ҳаракатларга учраган вояга етмаганларнинг ҳимоя ёшини ошириш бўлди. Биз ёш чегарасини Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқлаштиришни таклиф қилдик, унда болалар 18 ёшгача бўлган шахслар эканлиги аниқ кўрсатилган.

– Ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларнинг ёпилишига қандай қарайсиз?

– Биз мактаб-интернатлар ва меҳрибонлик уйларини ислоҳ қилиш ҳақида гапирар эканмиз, уларни жуда қисқа вақт ичида ёпиш керак, деган фикрни билдирмаймиз. Бу муаммони ҳал қилмайди.

Баъзи Шарқий Европа мамлакатларида ислоҳот жараёни муассасаларнинг ёпилиши билан бошланганида салбий тажрибалар бўлган. Болалар тартибсиз равишда муассасалардан маҳаллий ва муқобил оилаларга юборилди. Бироқ, тажриба шуни кўрсатдики, бу ечим эмас. Биринчидан, бу оилаларга ҳамроҳлик қиладиган ижтимоий хизматлар йўқлиги сабабли. Иккинчидан, болалар энг яхши ниятларга эга бўлиши мумкин бўлган, лекин болани қабул қилишга тўғри тайёргарлик кўрмаган оилаларга топширилади.

Биз болаларнинг ихтисослаштирилган муассасаларга киришига йўл қўймаслик тизимини яратишдан бошлашимиз керак ва параллел равишда у ерда тарбияланаётган болалар билан ишлашимиз керак.

– Болалар, хусусан, ихтисослаштирилган муассасаларда яшовчи ва тарбияланувчиларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатида ҳукумат қандай шошилинч ва узоқ муддатли чоралар кўриши мумкин?

– Бугун меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатларда тарбияланаётган ҳар бир боланинг тақдири юзасидан шошилинч чоралар кўриш зарур.

Янги болаларнинг ушбу муассасаларга тушишининг олдини олиш муҳим. Gate keeping деб аталадиган механизм мавжуд. Яъни, жойларда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли механизм ва хизматларни яратиш йўли билан мазкур муассасалар эшигини ёпамиз. Шундай қилиб, ушбу муассасаларга бўлган эҳтиёж йўқолади.

Биз ушбу муассасаларни ўзгартириш режасини қўллаб-қувватлаймиз. Катта салоҳиятга эга кадрлар хизмат кўрсатувчи провайдер сифатида қайта тайёрланиши керак. Масалан, худди шу меҳрибонлик уйлари негизида оилалар учун кундузги тарбия марказлари ташкил этилиши мумкин.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида комплекс ёндашув бўлиши керак. Масалан, “ишонч линиялари” ишлаши керак, мактабларда иш механизмлари ишлаб чиқилган.

Зўравонлик қурбонлари, биринчи навбатда, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож. Булар узоқ муддатли ва болалар учун хавфсиз чоралар бўлиши керак.

Болалар жиноятнинг гувоҳи ёки қурбони бўлган тақдирда, улар билан фақат ўқимишли мутахассислар ишлаши керак, сўроқлар болага қайта шикаст етказмаслик учун қулай, қўрқувсиз муҳитда психологлар иштирокида ўтказилиши керак.

Энг муҳим тамойил – зарар бермаслик. Болалар манфаатларини кўзлаб, ҳуқуқий нормалар ва халқаро мажбуриятларга асосланиш керак. Тизимли даражада тарғиб қилинадиган ҳар бир нарсада нафақат умумий чоралар, балки ҳар бир боланинг манфаатлари биринчи ўринда туриши лозим.

Дана Опарина суҳбатлашди

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.