Бош режасиз

Тошкентни ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларини реконструкция қилиш бўйича бош режанинг йўқлиги қурилиш компаниялари томонидан қилинаётган ноқонуний ҳаракатларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Ҳар куни Anhor.uz таҳририятига қонунсизликдан жабрланаётган, аммо умидини узмаётган одамларнинг мурожаатлари келади. Қуйида пойтахтнинг Ц-6 микротуманида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатини чоп этамиз.
 
Ҳурматли таҳририят!

Қабул қилинган қонунларга амал қилиш ва барча даражаларда уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш муаммоси энг ўткир муаммолардан бири ҳисобланади. Жамиятдаги ижтимоий муҳитни қабул қилинган қонунлар сони эмас, балки уларнинг сифати қонун устуворлиги базасида шакллантиради. Қонун устуворлиги тушунчасининг асосий маъноси жамият барча қатламларининг қонун олдида тенглигидан ва уларга амал қилинмаганида жавобгар бўлишидан иборат. 
 
Бизнинг кўнгилдагидай яшаш муҳитга бўлган қонуний ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш бўйича ҳикоямиз олти йилдан бери давом этмоқда. Биз Ц-6, Ш.Рашидов кўчаси, “Минор” маҳалласи 95, 96, 97 ва 117 уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар 9-умумтаълим мактаби, мусиқа мактаби ва учта болалар боғчасидан бир қадам масофада жойлашган участкадаги кўп қаватли гаражга эга кўп қаватли уйлар қурилишига қарши курашяпмиз.

0.7 га майдонни ARABBOI МЧЖга кўп қаватли уйлар қурилиши учун ажратиш ҳақидаги қарор аввал бошиданоқ ноқонуний қабул қилинган, чунки у шаҳарсозлик нормаларига зид келади – “микротуманларда тураржойлар орасида ҳар қандай мақсаддаги объектлар жойлашишига йўл қўйилмайди”. Махсус иншоотлар (болалар учун ўйин майдонлари, спорт майдончалари, ювилган кирларни қуритиш учун майдончалар, автомобиллар учун вақтинчалик тураргоҳлар) бундан мустасно (ШНК 1.03.06-13).

2014 йил 4 августдаги 651-сонли қарор Тошкентнинг собиқ ҳокими Р.Усмонов томонидан имзоланган бўлиб, унда нафақат уй-жой мулкдорларининг  фикри, балки ушбу участкани мураккаб муҳандислик-геологик ва гидрогеологик шароитлари сабабли кўп қаватли уйлар қурилиши учун ноқулай сифатида кўрсатган ЎзР ФА Сейсмология институтининг хулосаси ҳам  инобатга олинмаган. Тошкент шаҳрини сейсмик микрорайонлаштириш харитасига кўра ушбу участка тўққиз балли зонага киритилган. Ваколатли давлат органларига бир неча бор қилинган мурожаатлардан кейин 2018 йилда Тошкент ҳокими Ж.Ортиқхўжаев имзоси остида ARABBOI МЧЖга участка ажратишга рухсат беришни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқди.

Бироқ фуқароларнинг қувончи узоққа бормади, ARABBOI МЧЖ  Юнусобод туман ҳокимлиги кўмагида 2019 йил бошида барибир 95-уй ёнида 45 та машинага мўлжалланган автотураргоҳ қурилишини бошлади.

Шаҳарсозлик кодексига кўра, ҳокимл ик ваколатларига қонунчиликка амал қилинишини назорат қилиш ва уй-жой фондининг ва ижтимоий мақсаддаги объектларнинг сақланишини таъминлаш киради (19-модда).
 
ARABBOI МЧЖ “Ўсимликлар оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни (15-модда) бузган ҳолда ўз фаолиятини 80 та дарахтни кесишдан бошлади, уларнинг орасида Қизил китобга киритилган, уй-жой мулкдорларининг маблағлари ҳисобидан экилган дарахтлар (кўк арча, сакура, ёнғоқ, қарағай, хандон писта, олмалар ва ҳ.к.) ҳам бор эди. Қурувчи ташкилот уй-жой мулкдорларига Давлат экология қўмитасидан дарахтларни кесишга рухсатномани тақдим этмади, маънавий ва моддий зарарни қопламади.
 
Аҳолининг норозиликларига қарамасдан 45 машинага мўлжалланган автотураргоҳ барибир қурилди, бундай ободонлаштириш натижаси эса тумандаги экологик вазиятнинг кескин ёмонлашишида акс этди.

95, 96, 97 ва 117 уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг қурилишга қарши норозилиги шунга асосланганки, ARABBOI МЧЖ ушбу уйлар аҳолисининг қонуний талабларини ва Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ (20, 21, 33 моддалар) лойиҳа бўйича қуйидаги  маълумотларни олиш ҳуқуқини очиқдан-очиқ назар-писанд қилмаяпти. Хусусан:

o    лойиҳа доирасида конкрет нима қурилади ва лойиҳанинг қурилиш нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлиги;
o    давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Давлат экспертизаси бош бошқармасининг лойиҳа бўйича Эксперт хулосалари ягона реестрида, Миллий ахборот тизимида рўйхатга олинган ва қурилиш учун асос берадиган эксперт хулосаси;
o    Конструктив мустаҳкамлик, сейсмотурғунлик ва ёнғин хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши;
o    Қурилиш участкасининг гидрогеологик, муҳандислик-геологик шароитлари ҳақидаги маълумотларга эга ер участкасининг тасдиқланган режаси;
o    Ҳудуднинг экологик, муҳандислик-геологик, сейсмик, гидрогеологик ҳолати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган, муҳандислик коммуникациялари (иссиқ, совуқ сув, газ таъминоти, электр таъминоти ва канализация) ўтказилиши бўйича тадбирлар режаси илова қилинган кадастр ҳужжатлари;
o    Муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектлари ва уй-жой фондининг техник ҳолати ҳақидаги маълумотлар.
ARABBOI МЧЖ аҳолига қурилиш бўйича ана шу маълумотларни тақдим этмади.

Карантин даврида ARABBOI  МЧЖ 2020 йил февраль ойидан бошлаб коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия қарорига зид равишда қурилиш ишларини бошлади ва аҳолининг қатъий норозилигига қарамасдан 95-уй ёнидаги участкани икки метрлик девор билан тўсиб қўйди, трансформатордан 5 метр масофада 15 та контейнерни тахлаб қўйди, ўнлаб КАМАЗ машиналари атрофга чанг ва лой билан ифлослаган ҳолда котловандан тупроқ ташиди.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ (4-модда), “фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун майбул бўлган атмосфера ҳавосидан нафас олиш ҳуқуқига эга”, пандемияни ҳисобга олган ҳолда, атмосферада ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган чегаравий концентрациясидан ошиши нафақат туман аҳолисининг соғлиғи ёмонлашишига, балки COVID 19 билан касалланиш эҳтимолига ҳам олиб келади.

Қурувчи ташкилот томонидан қазилган котлован дарров сувга тўлди. “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонунга (9-модда) зид равишда қурувчи ташкилот ҳожатхона қурди, унинг чиқиндилари бевосита қазилган котлованга оқиб тушмоқда. Ободонлаштирилган яшил дам олиш зонаси қурувчи ташкилот томонидан бадбўй ботқоққа айлантирилди.  


 
Уй-жой мулкдорлари маҳаллий  ҳокимият органларидан ва қурувчи ташкилотдан талаб қилаётган ягона нарса – бу қабул қилинган қонунларга амал қилиш.

Аҳоли ушбу участкада нима қуришмоқчи эканини Murosayu Madora телекўрсатувидан билиб олди. Ўшанда бошловчининг бу участкада конкрет нима қурилиши режалаштираётгани ҳақидаги саволга АRABBOI МЧЖ вакили Сергей Шачнев кўп қаватли гаражга эга иккита кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилганини айтган.

Бугунги кунда Ц-6 массиви Тошкентнинг аҳолиси энг зич жойлашган ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда бирорта яшил дам олиш зонаси йўқ. Кўп қаватли гаражга эга яна бир кўп қаватли уй қурилиши биз ва фарзандларимиз учун хавф даражасини бир неча бараварга оширади: 9-мактабга, мусиқа мактабига ва болалар боғчаларига олиб борадиган йўл жуда тор, машиналар оқими эса анча жадал. Шу боис бу ерда қурилишни бошлаш нафақаь юк транспорт сонининг ошиши, балки авариялар хавфи сабабли ҳам ностандарт вазиятлар юзага келиши эҳтимолини оширади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.