Яна бир бор дорилар хавфсизлиги масаласига қайтиб
Республикада дори воситалари тақсимотини бошқариш соҳасида ва умуман фармацевтика саноатида тартиб ўрнатиш муаммоси Ўзбекистон учун қимматга тушди – у болаларнинг нобуд бўлишига олиб келди.
Anhor.uz сайти дори воситалари контрабандаси ва уларнинг ноқонуний савдоси, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар рўйхатидаги беморларни дори воситалари билан таъминлаш учун етарли маблағ ажратилмагани, шунингдек, шубҳали фармацевтика лойиҳаларини давлат ҳисобидан молиялаштириш муаммосини бир неча бор кўтарган эди.
2018 йил май ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “Zamin Bio Health ” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Андижон вилоятида қандли диабет касаллигини даволашда қўлланиладиган инсулин ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестицион лойиҳани амалга оширишни бошлаганди.
Ички бозорни инсулин билан таъминлаган ҳолда, йилига 10 миллион дона флакон ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бунда қандли диабет билан касалланган беморларга бепул тарқатиш учун инсулин сотиб олишни ваъда қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмачи сифатида ҳаракат қилиши керак эди. Бундан ташқари, завод қурилишини молиявий қўллаб-қувватлаган “Трастбанк” ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг хабарларида корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилса, ушбу дори воситасининг импорт улуши қисқариши, экспорт имкониятлари кенгайиши, валюта маблағлари тежалиб, дори таннархи арзонлашиши таъкидланганди. Шу билан бирга, йилига 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган эди.
Бироқ, ҳозирда завод амалда фаолият кўрсатмаяпти — завод директорининг сўзларига кўра, бунга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан буюртмалар йўқлиги сабаб бўлмоқда. Мазкур инсулинни дорихоналар ҳам сотиб олмаяпти. Афтидан, завод экспортга инсулин етказиб бериш орқали муаммоларни бартараф эта олиши мумкин, аммо завод директори бу ҳақда гапирмади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу турдаги инсулин ҳам таркиби, ҳам чиқарилиш шакли бўйича эскирган – у флаконларда ишлаб чиқарилади ва қандли диабет билан оғриган беморларда талабга эга эмас. Замонавий тиббиёт шприц-ручкалар ва инсулинли помпаларга ўтган. Барча қўшни давлатлар, масалан, Қозоғистон, Қирғизистон инсулин ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчилари томонидан ишлаб чиқарилган шприц-ручкалар кўринишидаги дори воситаларини сотиб олади.
Олти йил ўтиб инсулин сотиб олишдан бош тортган Соғлиқни сақлаш вазирлиги инсулин заводи қурилишини нега қўллаб-қувватлагани сабаби ҳақидаги савол очиқ қолмоқда. Президентнинг тиббиёт масалалари бўйича маслаҳатчилари ушбу жиддий камчиликлар борасида ишга тушириш маросимида шахсан иштирок этган давлат раҳбарини хабардор қилмагани ҳам ажабланарли.
Маълумотнома: “Zamin Bio Health” МЧЖ (кейинги ўринларда – “Zamin Bio Health”) 23.06.2015 йилда давлат рўйхатидан ўтган, компаниянинг устав капитали 301 019 700 000 сўмни (30 минг АҚШ долларига яқин) ташкил этади.
2016 йилда “Zamin Bio Health” Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига мурожаат қилади, агентлик эса инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни тавсия қилади. Кейин излашлар натижасида “Zamin Bio Health” раҳбарияти 2012 йилда инсулини энг яхши деб топилган БАА компаниялари ичидан шерик топади. Қурилиш 2016 йилда бошланган ва 2018 йилда якунланган.
Маълумот учун: Анвар Алимов 2012—2016 йилларда Соғлиқни сақлаш вазири бўлган, 2016-йилда унинг ўрнига Адҳам Икромов тайинланган. 2017 йилда унинг ўрнига Алишер Шадманов тайинланган.
2017 йилдан буён Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари лавозимида Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги қарори билан лавозимидан озод этилган Кариев Сардор ишлаб келаётган эди. Бунга қадар соҳага Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бошқармаси масъул эди.
2022 йил 1 февралда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайтида МДҲ ва ЕОИИ мамлакатлари ҳудудида биотехнологик препаратларни ишлаб чиқарувчи Россиянинг “Герофарм” компанияси иштирокида Ўзбекистонда яна бир инсулин ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилгани ҳақида маълумот эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги иккинчи марта айнан шу хатога йўл қўймаяптимикан?
Anhor.uz таҳририяти, Андижон фармацевтика лойиҳасининг муваффақиятсизликка учрагани учун ким масъул эканини, “Герофарм” технологияси асосида инсулин ишлаб чиқарадиган янги завод маҳсулотлари замонавий эндокринология талабларига қандай жавоб беришини жамоатчилик билиши керак деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-102-сонли Фармонининг муқаддимасида “Эндокринология хизмати кўламини кенгайтириш доирасида 2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринологик ёрдам кўрсатишни яхшилаш миллий дастури, диагностика ва даволашнинг янги стандартлари тасдиқланди, 75 мингга яқин бемор Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қиймати 40 миллиард сўмдан ортиқ бўлган инсулин билан 100 фоиз бепул таъминланди, 200 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобидан 14 та ҳудудий эндокринология муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, 3,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди” дейилади.
Қандли диабет билан оғриган беморлар замонавий стандартларга жавоб берадиган инсулин билан таъминланмаганлигини айтишга журъат этамиз. Бўлмаса , нега дорихоналарда Ўзбекистонга расман олиб келинганидан анча арзон бўлган Туркия, Қозоғистон, Россиянинг контрабанда инсулини сотилади ва у талабга эга? Аввалгидек, хавф-хатарга қарамай, одамлар Ўзбекистонга ҳарорат режими бузилган ҳолда олиб келинаётган контрабанда инсулинини арзонроқ сотиб олишга мажбур бўлмоқда, бу эса унинг таъсирини камайтиради ва натижада шифокор инсулиннинг юқори дозасини ёзишига олиб келиши мумкин. Ҳарорат режимига риоя қилган ҳолда ташилган ва сақланадиган инсулиннинг янги, ортиб бораётган дозаси дозанинг ошиб кетишига ва комага сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар айниқса болалар учун хавфли бўлиб, боланинг ўлимига олиб келиши мумкин.
“Лантус” инсулинининг қонуний олиб кирилган қутиси 525 000 сўм туради. Ўзбекистон дорихоналарида худди шу, аммо контрабанда йўли билан олиб келинган дорини 138 минг сўмдан харид қилиш мумкин. Контрабанда йўли билан олиб келинган “НовоРапид”нинг нархи 115 минг сўмдан 418 минг сўмгача, қонуний равишда олиб кирилаётгани эса 450 минг сўмни ташкил этади. Arzonapteka.uz сайтида контрабанда дори воситалари бўйича юзлаб таклифлар мавжуд.
Ўзбекистонда барча беморлар, жумладан, болалар ҳам керакли инсулин турини олишини таъминлайдиган шаффоф тизим йўқ. Таҳририят ушбу муаммо ҳақида 2018 йилдан бери хабар бериб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қайта-қайта сўровлар юборди, бироқ деярли жавоб ололмади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда дорихоналарни текшириш мураккаб тартиб-қоидага эга. 2021 йил март ойида Anhor.uz юборган сўровга қонун талабларини бузган ҳолда, 2022 йил 2 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шундай жавоб олинган: “Ҳар қандай мулкчилик шаклидаги дорихоналарни текшириш ниҳоятда қийин. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги дорихонани аниқ шикоят келиб тушганидан кейин ва Президент девонининг ходими бўлган бизнес-омбудсман билан келишилганидан кейингина текшириши мумкин”.
“Док-1 Макс” препаратини қабул қилган болаларнинг ўлими билан боғлиқ фожиа Ўзбекистонда мавжуд бўлган шаклдаги доривор моддаларни назорат қилиш тизими мутлақо самарасиз эканлигини кўрсатди. Агентлик ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай, ҳатто энг чекка дорихонада ҳам дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар сифати учун тўлиқ жавобгар бўлиши керак. Дорихона шунчаки сотиладиган жой эмас, дори-дармонлар шунчаки товар эмас, шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги дорихоналарни лицензиялаш ва уларнинг фаолиятини назорат қилишнинг янги тартиби ҳақида ўйлашлари керак.
PS: Таҳририятга ўқувчилардан оилавий поликлиника ходимлари томонидан уйдаги биринчи тиббий ёрдам тўпламлари текширилаётгани ҳақида хабарлар келади – «Келишди, биринчи тиббий ёрдам тўпламини текширишди, муддати ўтган дори-дармонларни чиқариб ташлашди«. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий уй хонадонларни текширган ҳолда, энг кам қаршилик кўрсатиладиган йўлни танлади.
Шарҳлар