Сувсиз, овқатсиз ва “памперслар”да: шифокор пойтахт ковид-клиникалардан бири тиббиёт ходимлари қандай ишлаётгани ҳақида гапириб берди

Сувсиз

Ҳимоя кийими, иккита ниқоб, икки жуфт қўлқоп, шапкача, кўзойнак, этик ва … катталар учун таглик – бу ковид-режиvга ўтган пойтахт клиникасида ишлайдиган шифокорнинг 8 соатлик смена давомида ишлатадиган одатий экипировкаси. Бугун тиббий муассаса раҳбарияти Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) стандартлари бўйича даволамагани учун кунларнинг бирида хусусий клиникаларнинг лицензиялари тўхтатилиши ҳақида “огоҳлантириш” олиш учун ўз ходимларининг ҳаётини хавфга қўйиш, махсус ускуналар ва препаратлар харид қилиш учун қарзга ботиш, туну-кун тиним билмасдан ишлаш керакмиди, деган шубҳага бормоқда. Diason ва Parents Holiday клиникаларининг раҳбари олий тоифали шифокор Лола Диёрова Anhor.uz мухбирига нега Covid-19 ни қатъий протокол бўйича даволаш қийинлиги, ходимларни касалланишдан ҳимоя қилиш мумкинми ёки йўқлиги ва энг оғир даврларда уларга ким ёрдам бергани ҳақида гапириб берди.
 
«Бизга ҳар куни қўнғироқ қилиб, ковид-беморлар учун клиника очишимизни сўрашарди»

Бир неча ҳафта олдин Parents Holiday стационари ковид-режимда очилди, бунинг учун клиникани қисман қайта жиҳозлашга тўғри келди. Энди бу ерда шунчаки биринчи ва иккинч  қаватлар эмас, балки иккита зона мавжуд: қизил – беморларни сақлаш учун, яшил – тиббий ходимларни жойлаштириш учун. Зоналарга кириш ва чиқиш жойларида дезинфекциялаш туннеллари ўрнатилган. МСКТ корпуси йўл-йўл ленталар билан тўсилган, соматик беморлар клиникадан уйига қўйиб юборилди, тор мутахассислар қабули тўхтатилди: энди кардиологлар, невропатологлар ва терапевтлар энди шунчаки қизил зонадаги шифокорлардир.

«Одамлар бизга мунтазам равишда қўнғироқ қилиб, ковид-беморларни қабул қилишимиз-қилмаслигимизни сўрашарди. Тез ёрдам хизмати кўп сонли беморларни эплай олмасдан, чақирувларга келмай қўйганди, ҳатто оғир беморларни ҳам касалхонага ётқизиш қийин бўлиб қолганди. Нафақат давлат, балки хусусий касалхоналар ҳам беморларга тўлиб кетганди. Биз ҳар куни маълумотларни ўрганардик, протоколларни муҳокама қилардик, бошқа клиникаларда даволаш натижаларини таҳлил қилардик, хатарларни ҳисоблардик. Охир-оқибатда шу қарорга келдик, чунки четда қараб туролмаслигимизни тушундик. Аммо ковид-госпитални ташкил қилиш осон иш эмасди. Ҳаммасини янгидан ташкил қилишга, кислород концентраторларини харид қилишга тўғри келди. Улар ҳеч қаерда йўқ эди. Ўша пайтда Ўзбекистонга қиммат нархда битта-иккита олиб келинарди. Биз қийинчилик билан 900-1000 доллардан бир нечта аппаратни топишга муваффақ бўлдик, улар энди 4 млн сўмгача арзонлашди, июль ойида уларни бундай нархга топиб бўлмасди. Баъзи аппаратларни жуда қиммат сотиб олдик. Чунки ҳатто фармкомпаниялар ҳам узр сўраб, қандайдир бир препаратни икки қутидан кўп беролмаслигини, уларда дорихоналар ва бошқа клиникаларни таъминлаш кўрсатмаси борлигини айтишарди. Бундан ташқари, ходимлар учун ҳимоя кийимлари харид қилинди, идишлар, чойшаблар ва ҳ.к.лар алмаштирилди», – дейди Лола Диёрова.

“Диасон” клиникаси раҳбарининг сўзларига кўра, клиника беморларни кўкрак қафаси МСКТга қабул қила бошлаганида, фаолиятнинг биринчи ҳафтасида ходимлар оммавий тарзда зарарлана бошлаган. Зоналар аниқ ажратилганига, ҳимоя кийимлари ва тотал дезинфекция мавжудлигига қарамасдан, шифокорлар ва ҳамширалар ковидга чалина бошлади. Бу кўпчилик учун кескин бурилиш даврига айланди. Тиббий ходимлар касаллик айрим ҳолларда оғир кечишини, инфекцияни яшин тезлигида юқтириб олиш мумкинлигини ва коронавирус ўзини қандай тутишини билиб бўлмаслигини кўришди. Ҳамма ҳам соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйишни истамасди.

«Агар кимдир кетишни хоҳласа, уни олиб қолишга ҳаракат қилмадим. Айримларнинг соғлиғи кўтармаслигини, кўпчиликнинг уйда болалари, кекса ота-оналари борлигини тушунардим. Бир шифокоримиз оғир касал бўлиб қолди, реанимацияда ётди, ҳозир реабилитациядан ўтмоқда. Биз хусусий сектормиз, мен ҳеч кимни Гиппократ қасамини бажаришига мажбурлай олмасдим. Биз маошларни нафақат шифокорларга, балки ҳамширалар ва санитарларга ва ҳатто ошпазлар, хўжалик ишлари ходимлари ва қўриқчиларга ҳам бир неча баравар кўтарган бўлсак ҳам, одамларни ишлашни хоҳламасди. Чунки ковид-режимдаҳатто чойшабларни ҳам ювишга бошқача тарзда топшириш керак: қизил зонадар чиқадиган барча чойшаблар дезинфекцияланади ва фақат шундан кейингина уни кир ювиш корхонасига олиб бориш мумкин. Бу нега қиммат деган саволга жавоб. Клиникамиз доим ўзининг ҳамёнбоп нархлари билан ажралиб турган, аммо бу ҳолда биз нархни суткасига 350 минг сўмдан 3 млн сўмгача кўтаришга мажбур бўлдик, чунки харажатлар бир неча бараварга ошди – бу ходимларга маош, ускуналар, тиббий препаратлар хариди учун харажатлар, бунинг устига ковид-режимга ўтишда бизда яна бошқа кўплаб чиқимлар ҳам пайдо бўлди», – дея қайд этади клиника раҳбари.
 
«Шифокорлар сувсиз, овқатсиз ва “памперс”да 8 соатлаб ҳолдан тойгунча ишламоқда»

Parents Holiday стационарида шифокорлар вахта режимида ишлайди, яъни улар 14 кун касалхонани тарк этмайди. Ҳар 8 соатда алмашиб туришади. Бундай тартибни тиббий ходимлар ўзлари белгилаган. Бу вақт давомида улар ҳимоя кийимларида бўлади ва қизил зонани тарк этмайди.

«Коронавирусга чалинган беморлар ётган қизил зонага киришдан олдин ҳар бир тиббий ходим махсус ҳимоя кийимини кияди. Юзига қўш ниқоб, кўзойнак тақади, шапкача кияди, оёқларига эса – резина этик. Ҳозир шифокорларда кислород очлиги ривожланмоқда, ҳимоя ниқоби мунтазам равишда терига тегиши ва уни босиши натижасида уларнинг юзларида гематомалар пайдо бўлган.
 
Қизил зонада ҳеч нимани ечиш, ичиш ёки ейиш мумкин эмас, ҳожатхонага бориш мумкин эмас. Бунинг учун тиббий ходимлар катталар учун мўлжалланган памперслардан фойдаланади, уаммо улар жуда иссиқ, айримларда тери билан муаммолар, дерматитлар, тошма пайдо бўляпти. Аммо бошқа илож йўқ. Шифокор фақат 8 соатдан кейин қизил зонадан чиқади, дезинфекциядан ўтади, кийимини ечиб, биринчи қаватга тушади, бу ерда биз ходимлар учун “меҳмонхона” ташкил қилганмиз. Вирус юққан тақдирда, шифокорлар бир-бирини зарарламаслиги учун ҳар бир ходимга алоҳида хона ажратилган. 8 соатлик ҳордиқдан кейин тиббий ходимлар яна сменага чиқади. Шу тарзда 2 ҳафта ишланади. Кейин улар яна бироз вақтга карантинга жойлаштирилади. Агар аломатлар бўлмаса ва тест салбий чиқса, клиника ходимлари ўз оилаларига қайтади», – дейди шифокор.

«Covid-19 ўзини қандай тутишини билиб бўлмайди»

Клиника шифокорлари бу инфекциянинг бирор-бир аниқ стереотипга ёки стандартга солиб бўлмайдиган мутлақо кутилмаган самарага эга эканини айтишмоқда. Беморларнинг кўпчилиги уларда ковид эмас, фақат пневмония борлигини таъкидлашади. Бироқ пневмония – бу вирус ривожининг бор-йўғи оқибатидир. Агар ПЗР таҳлил натижалари салбий чиқса, бу ҳали беморда коронавирус йўқлигини кафолатламайди.
 
«Биз ўзимиз учун МСКТ 98% аниқликда ташҳис қўйиш методларидан бири эканини белгилаб олдик. ПЗР ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Мен сохта салбий тестга эга кўплаб беморларни кўрдим. Эҳтимол, бу ПЗР методининг аниқлиги ўртача 77-80% бўлгани учундир. Кўп ҳолларда беморда салбий ПЗР тест бўлганидаковид-пневмония шиддат билан ривожланган», – дейди Лола Диёрова.

Ковидда босқичлилик бор: организмнинг интоксикацияси, эпизодик ҳарорат, шамоллашга ўхшаш иситмали қалтираш ҳолати, айрим ҳолларда диарея бўлиши, гайморит ёки отит зўрайиши мумкин. Аммо бу ковид учун етарлича ўзига хос аломат, дейишмоқда шифокорлар. Пневмония ва коагулопатия, яъни қоннинг кескин қуюқлашиши вируснинг асосий асоратлари ҳисобланади. Улар касалликнинг илк босқичида бўлиши ёки йўқлиги номаълум.

«Кўп ҳолларда ковид-пневмония аломатсиз кечади, уни фақат МСКТ тадқиқот кўрсатиши мумкин. Ковиднинг энг ёмон томони ҳам ана шунда. Бизга МСКТга кўринишидан соғлом, ҳароратсиз ва ҳансираши бўлмаган одамлар ҳам келган, бироқ томография уларда ўпканинг 50% дан ортиғи шикастланганини кўрсатган. Яқинда ғаройиб бир ҳодиса бўлди – МСКТга кекса жуфтлик келди. Ўзлари, ҳеч кимнинг ёрдамисиз мустақил келишди. Аппарат эса, эркакда бир ўпканинг деярли йўқлиги, иккинчисида эса бор-йўғи 15% шикастланмаган тўқима қолганини кўрсатди. Бу биз учун шок эди. Ковид жуда кам ўрганилган ва у ўзини қандай тутишини билиб бўлмайди. Биз стационарда беморлар деярли бир кечадаёқ енгил шаклдан оғир шаклга ўтганини кўрдик. Шу боис шифокорлар ҳар тўрт соатда беморларни кўрикдан ўтказади. Сатурацияни, қон босимини ўлчашади, зарур бўлса таҳлиллар, ЭКГни амалга оширишади. Тайинлаш варақлари бутун даволаш курси давомида бир неча марта ўзгариши мумкин», – дейди Лола Диёрова.

Шу боис ССВнинг ҳаммани битта стандартга бўйсундиришга бўлган интилиши ғазабга солмоқда. Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, ой бошида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 6-протокол пайдо бўлган, эртаси куни эса вазирликдаги йиғилишда хусусий клиникалар раҳбарларига тўртта клиника “Covid-19 га эга беморларни ССВ билан шартнома тузмасдан ва станлартларга амал қилмасдан даволагани учун” лицензиясидан маҳрум этилгани маълум қилинди.

«Биз бу ишга қўл урмаслигимиз, аввалги режимда ишлашда давом этишимиз мумкин эди. Аммо беморлар ҳар куни телефон қилар ва уларни қабул қилишимизни илтимос қиларди, чунки давлат касалхоналари эплолмай қолганди. Биз бу урушга қўшилдик, энди бизга хусусий муассасаларга бундай муносабат. Ковид билан қатъий протокол бўйича ишлаб бўлмайди, чунки ҳар бир кишида вирусга индивидуал иммун жавобга эга. Афсуски, ўлим ҳолатлари муқаррар, биз бутун дунёда одамлар коронавирусдан нобуд бўлаётганини кўряпмиз. Фақат Ўзбекистондагина улар вирусдан эмас, балки уни хусусий клиникаларда даволашдан нобуд бўлишяптими??? Бу беъманилик! Яъни ССВ ҳозир ўлим ҳолатлари давлат касалхоналарида, уйда в тез ёрдам машиналарида бўлиши мумкинлигини фараз қиляпти, аммо хусусий тиббий муассасаларда эмас. Биз ҳар куни беморларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун курашдик, курашяпмиз ҳам, биз виждонан ва фидойилик билан ўз бурчимизни бажардик, аммо ҳозир бу курашга қўрқув қўшилди – битта ўлим ҳолати бўлса, клиникани ёпишади. Одатда биз ҳар бир сўзимизни ўйлаб гапирамиз, бироқ энди пичоқ суякка етди. Менинг ходимларим ва беморлар олдида жавобгарлигим бор», – дейди шифокор.

Лола Диёрованинг қайд этишича, у ўз клиникаларини қайта жиҳозлашга катта пул йўналтирган, ходимларни хавф остига қўйган, ССВ эса лицензияни чақиртириб олиш билан таҳдид қилмоқда. Шунингдек, беморларнинг уйда даволаниши тақиқлангани ҳам шифокорларнинг ғазабини қўзғатди. «Агар бемор муолажа тайинлашни илтимос қилса, биз эса бу шифокорларга тақиқлангани учун унга ёрдам беришни рад этсак, унда биз, шифокорлар, нима қилишимиз керак?! Ахир айнан шифокор касаллик аломатлари ва унинг кечишини енгиллаштириши, беморни тиббий муассасага ўз вақтида йўналтириши  мумкин (сатурация пасайганида, даволаш самара бермаганида, ҳолат ёмонлашганида)», – дея қайд этади Лола Диёрова.

Шифокорлар худо эмас, улар имконсиз ишни қилолмайди, ҳолбуки сўз кам ўрганилган вирус ҳақида бормоқда. Шифокор нотўғри диагноз қўяётган, нотўғри муолажани тайинлаётган тиббий ходимлар борлигига қўшилади, аммо бу, унинг айтишича, конкрет ҳолатлар бўлиб, улар хусусий тартибда кўриб чиқилиши керак.

«Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?» ва «Ҳой, манга қара!» – шифокорларнинг кундалик ҳаётидан

Мухбирнинг ССВ нима биландир ёрдам бердими, деган саволига суҳбатдошимиз бошини чайқади. У кўмак ўша кунларда ҳатто хусусий клиникаларга ҳам жуда зарур бўлганини гапириб берди. Шаҳарда оддий препаратларни топиб бўлмасди, ускуналарни етказиб бериш бўйича қоғозбозлик тўсиқлари бўлди.

«Ёрдам биз кутмаган томондан келди. Бир куни клиникага Олмазор прокуратурасининг ходимлари келди. Улар “Опажон, сизга қандай ёрдамимиз тегиши мумкин?” деб сўраганида ҳайратда қолдим. Бу қуруқ сўзлар эмасди! Улар ҳақиқатдан ҳам биз учун бутун Тошкент бўйлаб махсус препаратларни излашарди. Концентраторларнинг биринчи партиясини ололмай турганимизда, бизга бир тадбиркор келиб, бешта аппаратни бериб кетди. У биздан фақат бир нарсани – тезроқ очилиб, унинг ходимларини даволашни бошлашимизни сўради. Кейин, ковид-режимда ишлай бошлаганимиздан сўнг, клиникамизнинг доимий пациенти қўнғироқ қилиб, нима ёрдам бериши мумкинлигини сўради. Мен ҳеч нима керакмас, агар хоҳласангиз, тиббий ходимларни ва беморларни маънавий қўллаб-қувватлашингиз мумкин дедим. Шу куннинг ўзидаёқ у бир машина мева ва ширинликлар олиб келди. Ходимларим йиғларди», – дейди клиника раҳбари.

Аммо шифокорнинг иш кунлари ҳар доим ҳам бундай қувончли эмас. Беморларнинг кўпчилиги касалхонадан чиқаётиб, шифокорларнинг қўлларини ўпади, миннатдорчилик сўзларини айтади, узоқ умр тилайди. Аммо бунинг акси ҳам бўлиб туради.

«Яқинда бизда шундай воқеа бўлди: анча оғир бемор аёлни олиб келишди. Унинг қариндошлари ходимларимизга сурбетларча муомала қилишди. Улар гапини “Ҳой, манга қара” дан бошлаб, шифокор келишини, беморга қандай муолажалар қилинганини, у нима еганини айтишимизни, унга тушликка помидор тўғраб беришимизни ва индивидуал менюга ўтказишимизни ва ҳоказоларни талаб қилишарди. 8 соат ҳатто сув ича олмайдиган шифокор буйруқ оҳангида санлаб айтилган помидорчалар ва бодринглар ҳақида эшитишга мажбур. Албатта, кишининг хафсаласи пир бўлади. Чунки шифокор тишини-тишига қўйиб, вазмин бўлиши ва ҳайтларни қутқаришда давом этиши керак. Аммо беморларнинг кўпчилиги самимий миннатдорчилик билдиришади, бизни ҳалоскорларимиз дейишади. Биз улар учун ишлаймиз», – дейди Лола Диёрова.

Клиника ходимларининг тахминан 70% ковидни бошидан кечириб бўлди. Аммо салбий тест натижасини олишлари билан дарров ишга чиқишади. Нафас олиш қийин бўлган ҳимоя кийимларида юришади, витаминлар ичишади, дам олишга ва яхши овқатланишга ҳаракат қилишади. Улар оиласини жуда соғинган. Тез орада буларнинг ҳаммаси тугашига ишонади. Ҳозирча эса ишлашда, даволашда, оёққа турғазишда давом этишмоқда. Ҳар бир бемор учун самимий қайғуришади, ССВ амалдорларининг санкцияларидан қўрққани учун эмас, чунки кимдир ҳаётдан кўз юмишини истамагани учун. Улар онгли равишда ва принципиал тарзда ўз ишини, ўзлари севган ва бор кучини бераётган ишни бажармоқда…

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.