Тошкентда йўқолган болани излаш ишлари давом этмоқда
Тошкентда йўқолиб қолган етти ёшли Муроджон тўрт кундан буён қидирилмоқда.
Яккасарой туман ИИБ қидирув бўлимидагиларнинг маълум қилишларича, 7 июль куни бола йўқолиб қолганлиги ҳақида ариза тушган. Унинг қаерда бўлиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди. Бўлим бошлиғи Дониёр Нарзуллаевнинг айтишича, Муроджоннинг деярли гапира олмаслиги, яхши эшитмаслиги ва яхши кўрмаслиги қидирувни янада мураккаблаштирган.
Тахминларга кўра, Муроджон эрта тонгда уйдан дераза орқали чиқиб кетган. Ота-онаси унинг уйда йўқлигини эрталаб соат 5 да сезиб қолишган ва шу заҳоти уни қидиришга тушишган ҳамда милицияга хабар беришган.
«Болани қидириб топиш учун барча кучлар жалб қилинган. Пойтахтдаги барча туман ИИБлари, вақтинчалик қабул масканлари ва касалхоналарга маълумот тарқатилган. Бугун боланинг суратини бир нечта кабелли телевидение станцияларига бердик. Статистика бўйича йўқолган болаларни 1—2 сутка ичида топамиз. Лекин мазкур ҳолатда гап ўзига хос бола ҳақида кетяпти. Муроджонни соғ-саломат топишга умид қилмоқдамиз «, — деди Яккасарой туман ИИБ қидириув бўлими бошлиғи Дониёр Нарзуллаев.
Болани ҳуқуқ тартибот органлари ва қариндошларидан ташқари пойтахт аҳолиси ҳам қидирмоқда.
Муроджон ҳақида маълумотга эга бўлганлардан фотосуратдаги телефон рақамларига ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишлари сўралади.
Манба: Спутник
Шарҳлар