Янги КНАУФ заводи Фарғона водийсининг иқтисодий салоҳиятини кучайтиради
Гипс асосидаги қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи дунёнинг энг йирик Кнауф компанияси Ўзбекистонда учинчи заводини ишга туширмоқда. Янги корхонада немис технологияси ва юқори экологик стандартлар асосида юқори сифатли гипсли қурилиш плиталари ва қуруқ гипс аралашмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2022 йил 20 июль куни Фарғона водийсида Ўзбекистондаги учинчи Кнауф заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Йилига 17 миллион м2 гипсли қурилиш плиталари ва 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқариш қувватига эга корхона 2,5 йил ичида ноёб модулли технология асосида барпо этилди. Бу ишлаб чиқаришни бозор эҳтиёжларига мос равишда кенгайтиришни осонлаштиради. Заводда аллақачон 55 киши иш билан таъминланган. Инвестициялар миқдори 18,7 миллион еврони ташкил этди.
Фарғонадаги янги ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Кнауф компанияси ҳам эгаси Николаус Кнауф, Кнауф гуруҳи бошқарувчи ҳамкори Уве Кнотцер, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер ташриф буюради. Фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва маҳаллий ҳокимият вакиллари кутилмоқда.
Кнауф гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори Уве Кнотцер ишлаб чиқаришнинг ишга туширилиши муносабати билан ўз мурожаатида шундай деди: “Биз Ўзбекистоннинг жадал ривожланишини иштиёқ билан кузатмоқдамиз, ишлаб чиқарувчилар ва инвесторларнинг иш фаолиятини яхшилаш бўйича энг муҳим ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини кўряпмиз. Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиб, аҳоли фаровонлиги юксалишига ишонч бағишлайди. 2022 йилда Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётган иккита Кнауф корхонасига учинчиси – замонавий жаҳон стандартлари асосида қурилган, юқори самарадорлик ва экологик хавфсизликка эга юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир бўлган учинчи корхона қўшилди. Фарғона водийсида Кнауф ишлаб чиқаришининг йўлга қўйилиши вилоят аҳолисини жаҳон андозалари даражасидаги сифатли қурилиш учун энг яхши шартларда талаб қилинадиган маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради”.
Дмитрий Дерипалко, Ўзбекистондаги Кнауф корхоналари раҳбари: “Ҳудудда завод пайдо бўлгунга қадар Кнауф маҳсулотлари Фарғона водийсига Бухородан олиб келинарди, бу эса қўшимча логистика харажатларини талаб қиларди. Корхонанинг ташкил этилиши вилоят иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши керак: завод гипс тошини маҳаллий конлардан олади, уларда маҳаллий аҳоли ишлайди, зарур хомашё ва бутловчи қисмлар билан таъминлайдиган яна 20 та пудратчи билан шартномалар имзоланган, улар транспорт, тозалаш ва бошқа хизматларни кўрсатади”.
Фарғона водийсидаги Кнауф заводи халқаро Кнауф гуруҳи томонидан қабул қилинган энг замонавий стандартлар бўйича лойиҳалаштирилган. Бу ишлаб чиқариш циклининг барча босқичларига, ишлаб чиқариш маданиятига, экологик хавфсизликка тегишли. Кнауф халқаро гуруҳининг барча корхоналари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий қоидаларга амал қилади, шунингдек компаниянинг глобал стандартларига амал қилади. Фарғонадаги заводда ҳам энг сўнгги авлод чанг йиғувчилар ишлайди, бу эса “чанг шлейфлари” ҳосил бўлишининг олдини олади.
Кнауф ўзининг ишлаб чиқариш фаолияти билан бир қаторда, замонавий қурилиш технологияларини оммалаштириш ва қурувчи, ишчи ва муҳандис касбининг нуфузини оширишга ҳам катта эътибор беради.
Ўзбекистоннинг Бухоро ва Тошкент шаҳарларида иккита ўқув маркази, Тошкент ва Самарқандда иккита Кнауф консалтинг маркази фаолият кўрсатади. Компания еттита қурилиш институти ва 8 та коллеж билан ҳамкорлик қилади. КНАУФ режаларида – мамлакатнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни режалаштирмоқда.
Шарҳлар