Шифокор қайдлари. Учинчи қисм. Буёғига нима бўлади?

Шифокор қайдлари. Учинчи қисм. Буёғига нима бўлади?

 Бундан олдин сайтимизга жойлаштирилган “Шифокор қайдлари: Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси кадрлари қандай тайёрланмоқда?” ва “Шифокор қайдлари. Иккинчи қисм. Бечора шифокор ҳақида ҳам ўйланг” мақолалари ўқувчиларимизда катта қизиқиш уйғотганди. Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бирор жавоб бўлишини кутмаймиз, аммо ушбу соҳа раҳбарлари оддий шифокорларнинг нуқтаи назарини ва, эҳтимол, Anhor.uz ўқувчиларининг шарҳларини эътиборга олишига умид қиламиз. Олдин ваъда қилганимиздай, ушбу материалнинг учинчи қисмини чоп этяпмиз. Мақола муаллифи ва шартлари ўзгаргани йўқ.  

Ўзбекистон илм-фани кўп ҳолларда бизнеснинг бир шаклига, бюджет маблағларини бўлиб олиш усулларидан бирига айланмоқда. Афсус. Энди диссертациялар россиялик олимларнинг илмий ишларидан йиғилмоқда, чунки тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчиларининг аксарияти бошқа хорижий тилларни билмайди. Республикада реал илмий тадқиқотлар деярли ўтказилмайди, жуда камдан-кам ҳолатлар бундан мустасно, албатта. Каттароқ илмий ишлар 15 йил олдин тугаган.

Йилдан-йилга амал курсисига ўтириб олиб, ўзига сўзсиз итоат этадиган ходимлардан иборат “ўз ҳокимияти”ни шакллантирадиган фан докторлари кўпайиб бораётир. Оз бўлса-да ўйлайдиган ва мустақил фикрга эга мутахассислар турли баҳоналар билан, баъзида жанжал билан, баъзи жимгина жамоадан сиқиб чиқариляпти.

Тиббий жамоаларда маҳаллийчилик ва қариндошчилик алоқалари чуқур илдиз отган, “бегона” киши бундай жамоага деярли ўрганиб кетолмайди.  
Ҳозирги тиббий жамоа иерархияси тахминан қуйидагича:

Даставвал ординаторлар, яъни жамоанинг ҳар бир аъзосини, унинг хатти-ҳаракатлари, алоқалари ва гап-сўзларини кузатиб борувчи раҳбарга алоҳида яқин кишилар келади. Улар ҳар куни раҳбарга нафақат касб билан боғлиқ ишларнинг ҳолатини, балки тиббий ходимлар орасида юрган гап-сўзларни ҳам етказиб туради.
 
Улардан кейин турли топшириқлар билан у ёқдан-бу ёққа югурувчи “югурдаклар” келади. Уларга бериладиган топшириқлар иш юзасидан бўлиши шартмас. “Югурдак”лар исталган ишни ўз ҳисобидан сўзсиз ва ўйламасдан бажаришга тайёр.
 
Сал қуйида “лаганбардорлар” туради. Улар ҳар доим бошлиққа мадҳия айтишга, унинг топшириғини кутишга ва ҳеч бўлмаганда “югурдаклар” даражасига кўтарилиш учун ҳатто уни сўраб олишга ҳам тайёр.
 
Мазкур гуруҳларнинг ҳар бири турли “ҳужумлар”дан ўз ҳимоясига эга. Ординаторларни уларнинг бевосита раҳбари ҳимоя қилади, “югурдаклар”нинг ҳимояси унчалик кучли эмас. “Лаганбардорлар”ни эса бўлим мудири фақат касалхона, клиника раҳбаридан ҳимоя қилиши мумкин, холос. Ушбу гуруҳларнинг ҳаммаси  раҳбариятга яқин бўлиш учун тинимсиз “кураш” олиб боради. Бунда улар ҳамма нарсани – чақув, фитна каби воситаларини қўллаши мумкин.  
 
Ниҳоят, ҳаммадан пастда беморларни даволаш бўйича асосий ишни бажарувчи “қора ишчилар” туради. Улар диссертацияларини 10 йил ҳам, 20 йил ҳам ёзиши мумкин, уларни илмий ишлари тан олиниши, амал поғонасидан кўтарилиши, маошининг ошиши ҳақидаги ваъдалар билан “боқишади”, бироқ йиллар ўтса ҳамки ҳеч нарса ўзгармайди. Тўлов қобилияти йўқ беморларни, мураккаб ҳолатларни айнан уларга бириктириб қўйишади, кейин барча маломатлар ҳам уларнинг бошига ёғилади.
 
Ҳозирги соғлиқни сақлаш тизими менда кўплаб саволларни туғдирмоқда.
 
Нега шифокор ҳар 5 йилда ўз малакасини тасдиқлаши кераг-у, кўпгина фан докторлари эса илмий даражага эга бўлганидан сўнг ўз ривожида тўхтаб қолиб, орттирган кўникмалари, тажрибаси ва билимини йўқотган ҳолда, маъмурий ишлардан ташқари бошқа ҳеч нима билан шуғулланмайди?
 
Тиббиёт соҳасида етакчи бўлган мамлакатларда диссертациялар қатъий исботлар, махсус математик база асосида ёзилади, ҳимоя, яъни тадқиқот якунлари бўйича эса кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларининг баённомаси тузилади. Бунга ҳамма амал қилиши шарт.  
 
Агар даволаш жараёни беморга зарар етказган ёки фойда келтирмаган бўлса, беморлар ва суғурта компаниялари бемалол судга даъво билан мурожаат қилади. Агар клиника шифокорнинг малакаси борасида шубҳаси бўлса, уни ҳеч қачон ишга олмайди, акс ҳолда хонавайрон бўлиши мумкин.
 
Сурбетлик – мақоламдаги алоҳида боб.  Шифокорлар малакасининг тушиб кетиши улардаги умумий маданиятнинг тушиб кетишидан бошланади. Бундайларнинг кўпчилигини зиёли дейишга кишининг тили бормайди.  
 
Тиббиётда раҳбариятнинг сурбетлиги одатий ҳолга айланган. Раҳбар ходимга ҳеч қандай сабабсиз ўшқириши, ҳақоратлаши, камситиши мумкин. Ҳа, ҳеч қандай сабабсиз. Шунчаки бугун унинг кайфияти ёмон ёки унга қўл остида ишлаётган ходимнинг ташқи кўриниши (соқолини олмаган, ёки бошқача олган, соқолли ёки соқолсиз…) ёқмаган. Республика марказларидан бирининг директори ёш шифокорлар ва ҳамшираларнинг олдида ёши улуғ профессорни ҳақоратлагани ва камситганига ўзим гувоҳ бўлганман. Энг даҳшатлиси, унга ҳеч ким гап қайтара олмади. Балки профессор ҳақ эмасдир, аммо одоб-ахлоқ меъёрларини ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Ахлоқий меъёрлар бўйича Марказ директори профессорни кабинетига таклиф этиши, фақат шундан кейингина ўз эътирозларини билдириши, хайфсан эълон қилиши, ишдан бўшатиши ва ҳоказоларни қилиши мумкин эди.  
 
Афсуски, ушбу тизимда фаолият кўрсатувчи айрим раҳбарларнинг сурбетлиги ва одобсизлиги тез-тез учрайдиган ҳолат – норматив бўлмаган сўзлар касалхона ва поликлиникалар раҳбарларининг луғат бойлигидан мустаҳкам ўрин олиб бўлган.  
 
Менга яна бир савол тинчлик бермаяпти. Нега мен маошимни олишим учун коммунал тўловлар ҳақидаги квитанцияни тақдим этишим, янги намунадаги паспортни кўрсатишим керак, нега?
 
Энг зиёли, энг олижаноб, энг маданий ва интеллектуал касб эгалари қандай қилиб сурбетлик, андишасизлик ботқоғига ботиб қолди, деган савол ҳам мени қийнамоқда. Ушбу иллатларни йўқ қилишнинг иложи бормикин?
 
Тиббиёт соҳаси ходимларининг фуқаролик позицияси – бу фантастика бўлса керак. Шифокорларнинг аксарияти “ҳамма жим, мен ҳам жим юраман” тамойилига амал қилади.
 
Бу ерда ишлай олмаётганлар мамлакатдан чиқиб кетмоқда, бу ҳам яна бир муаммо. Кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳали ўз таъсирини кўрсатади.
 
Буям ҳали ҳаммаси эмас. Фақат биздагина онкология клиникасига проктологни, хирургияга – терапевтни, пульмонологияга – жарроҳни раҳбар этиб тайинлашлари мумкин. Бу мазкур муассасанинг “отахон”ларига бўлган ҳурматнинг йўқолишига олиб келаётир, чунки улар ўз клиникасидаги талабларнинг ўзига хослигини билган ҳолда бошлиқлар билан баҳслашиши, зарур нарсаларни талаб қилиши мумкин. Бу соҳанинг мутахассиси бўлмаган раҳбар эса янги, фақат ўзига керак бўлган тартибларни йўлга қўяди, ўзига содиқ ходимлар жамоасини шакллантиради, содиқ бўлмаганларни эса ишдан бўшатади ёки бўшашга мажбур этади.  Кейин ҳаммасини, тиббий ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши шарт бўлган касаба уюшмасидан тортиб, то кадрлар бўлимигача ўзининг темир қўллари остига олади. Хуш келмай қолган ходимлар “муқаддас учлик”, яъни бўлим мудири, кадрлар бўлими ва касаба уюшмаси етакчисининг шарофати билан тезда йўқ қилинади.   
 
Хулоса ўрнида шуни айтишни истардимки, тиббиётда исёнчи Спартак миссиясини ўз зиммасига олишни истаганлар Спартак қандай тугатган бўлса, худди шундай оддий ва осон тугатиши аниқ. Уни тиббиёт хочига чормих қилишади.  Кейин эса бир зумда унутишади.
 
Шифокорнинг тақдирини, унинг тиббий кадрлар иерархиясидаги ўрнини унвон ва нишонлар эмас, балки билим, тажриба ва маҳорат белгилаши учун нималар қилиш керак – буни билмайман. Мен ўзим амалиётчи шифокорман. Аммо бугун шуниси аёнки, барча муаммоларни ҳал этиш учун соғлиқни сақлашни бошқариш тизимини ўзгартириш зарур, бунинг учун бизда кадрлар салоҳияти етарли. Ҳозирча етарли.  
 
Жонажон Ўзбекистонимнинг тиббиёт соҳасидаги олдинги шуҳратини қайтара оладиган шароитлар ва инсонлар пайдо бўлишини Худодан сўраб қоламан.
 
Олий тоифали шифокор,
Алишер А.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.