Афғонистон: ҳақиқий ва асоссиз хавотирлар

Фото: Фахриддин Холбек

Афғонистондаги вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳукумат ва Толибон кучлари ўртасида кескин жанглар давом этяпти. Беқарорлик қўшни давлатларга тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувлар жамоатчиликни ташвишга солаётир. Афғонистонда нималар бўлаётгани ва Ўзбекистон нимадан қўрқиши кераклиги ҳақида – Anhor.uz материалида танишинг.

Афғонистондаги вазият ҳеч қачон барқарор бўлмаган, АҚШ ва НАТО қўшинларининг шошилинч равишда чиқиб кетиши Толибон ҳаракатининг кучайишига олиб келдики, у ҳукумат кучлари позицияларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади.

Бугун Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бўлинмалари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида шиддатли жангларда қатнашмоқда. Айниқса, йирик Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарларининг назорати учун кучли қарама -қаршилик юзага келди.

Толибон томонидан жанговар ҳаракатларнинг кучайишини ҳисоблашни АҚШ президенти Жо Байденнинг 2021 йил 11 сентябрга қадар – АҚШнинг Афғонистонга интервенциясига сабаблардан бири бўлиб хизмат қилган Нью -Йоркдаги терактларнинг 20 йиллигига қадар АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарори билан бошлаш мумкин.

Россия сиёсатшунослар жамияти Таҳлилий маркази директори, Афғонистон сиёсатини ўрганиш Маркази раҳбари Андрей Серенконинг Anhor.uz мухбирига айтишича, Толибон ўзининг ҳужум салоҳиятини тугатган ва энди Афғонистондаги асосий вилоят ва шаҳарларни эгаллай олиш салоҳиятига эга эмас.

Андрей Серенко

“Бугун Афғонистонда биз фуқаролар урушини эмас, балки гибрид урушининг гувоҳи бўламиз. Толибон жангарилар ва қуролларни Покистондан Афғонистонга ўтказишда давом этмоқда. Афғонистонга ўртача кунига мингга яқин жангари киради. Таркибида Марказий Осиё ва Шимолий Кавказнинг туб аҳолиси вакиллари бўлган Афғонистонга етиб келган жангарилар ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун мамлакатнинг турли вилоятларига тарқатилган.

Фақат Ҳиротни қўлга олиш учун бир ҳафта олдин бўлиб ўтган жангларда толибларнинг тўрт минг кишидан иборат бўлган гуруҳлари тўпланган, уларнинг ярми чет элликлар эди. Толибон иккинчи марта ёзги ҳужум уюштиришга бир неча бор уринишди, лекин ҳозирча террорчилар муваффақиятсизликка учраб, катта йўқотишларга дуч келишди.

Афғонистон ҳукумати ҳарбий самолётлар ёрдамида, шу жумладан АҚШ Ҳарбий -ҳаво кучлари кўмагида барча террор ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлди. Шу куни Ҳиротда 300 га яқин толиблар ўлдирилди. Бу шуни кўрсатадики, кучлар ташланганига қарамай, Толибон Афғонистондаги асосий вилоят ва шаҳарларни эгаллай олиш салоҳиятига эга эмас”, – дейди Андрей Серенко.

«Ҳар қандай уруш кутилмаган совғаларга тўла бўлади, лекин афғон можаросини, айниқса, олдиндан айтиб бўлмайди. Бугун биз Толибон ҳужумда салоҳиятини тугатганини ва мудофаага ўтганини кузатишимиз мумкин. Толибон мамлакат ичкарига кира олмайди. Яқин келажакда биз Фаластин-Исроил можароси сингари, яна сўниб, алангаланадиган, лекин тўхтамайдиган секин урушни кузатамиз. Шунинг учун унинг тез ҳал қилинишини олдиндан айтиш учун ҳеч қандай асос йўқ».

Шу билан бирга, Серенко Афғонистон ҳукумати бугун террористик тажовузга қарши жиддий миллий коалиция тузиш имкониятига эга эканлигини таъкидлади. «Яқин келажакда биз янги Афғонистон давлати қандай яратилаётганига гувоҳ бўламиз, бу ўтган 20 йил ичида америкаликлар ва НАТО қўли билан яратилган мамлакатдан тубдан фарқ қилади. Адолат нуқтаи назаридан шуни айтиш керакки, шу вақт ичида Ғарб кучлари Афғонистон учун кўп яхшиликлар қилишди, жумладан республика тузумлари ва институтлари яратилди. Бироқ, расмий Кобулнинг ҳозирги раҳбарияти мамлакатдаги вазият ўзгараётганини, америкаликлар кетишини ва мамлакат афғон анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, ички сиёсатини тўғрилаши кераклигини тушунади. Шунинг учун яқин келажакда биз катта сиёсий ислоҳотлар бошланишини кузатамиз ва Афғонистон сиёсатида янги ёрқин номларни эшитишимиз мумкин. Лекин асосийси, Афғонистон ташқи душманларга таслим бўлишни хоҳламайди ва ўзини ҳимоя қилишни давом эттиради ва ўз мустақиллиги ҳамда ўзининг сиёсий субективлигини сақлаб қолишга интилади».

Андрей Серенко Толибоннинг Афғонистонга қўшни республикаларга, жумладан Ўзбекистонга ҳужумини истисно қилмайди.

“Толибон Марказий Осиёга бостириб кирмоқчи эмаслигини айтиб келади. Аммо террорчиларга ишониш учун сиз жуда содда одам бўлишингиз керак. Амалиёт уларнинг аксар баёнотлари ёлғон эканини кўрсатмоқда. Бугун улар Афғонистон чегараларидан ташқарига чиқа олмайди. Уларда бунга куч йўқ. Толибон ва хорижий жангариларнинг қўшни давлатларга ҳужумини ҳозирча кутиш мумкин эмаслигининг асосий изоҳи ҳам шу. Аммо агар толиблар ўз захираларини хорижий жангарилар ёрдамида мустаҳкамлашда ва кенгайтиришда давом этса, Тожикистон, Ўзбекистон ёки Туркманистонга қуролли киришга уринишлар бўлиши мумкин. Қолаверса, афғон кучлари ҳужум қилганда, Толибон тарафида жанг қилаётган жангарилар ҳукумат қўшинлари қўлига тушмаслиги учун қўшни давлатларга яширинишга уриниши мумкин. Қанчалик парадоксал кўринмасин, афғон ихтилофининг ҳозирги формати минтақадаги барча мамлакатларга фойда келтиради. Афғонистон армияси ўз чегаралари ичида террорчиларни ушлаб туришга муваффақ бўлган экан, қўшни давлатлар аҳолиси тинч ухлаши мумкин. Ҳар бир ўлдирилган афғон аскари – бу қутқарилган ўзбек аскаридир. Шунинг учун Афғонистон ҳукуматига ёрдам бериш минтақадаги ҳукуматлар манфаатларига мос келади ”, – дейди эксперт.

Яқинда Россия қўшинларни  машқлар учун Ўзбекистонга кўчириш ишларини якунлади. Кўпгина экспертлар Россия Афғонистондан Марказий Осиёдаги ҳарбий кучларини мустаҳкамлаш учун баҳона сифатида фойдаланаётганини сезишди. Андрей Серенконинг сўзларига кўра, бу сценарий анча реалдир.

«Бу борадиги қўрқувлар тўлиқ оқланади. Меҳсонга келган чет эл армиясининг аскарлари одатда кетишни унча исташмайди. Шунинг учун, меҳмонларни чиқариб юбориш осон бўлмаслигига тайёр бўлиш керак. Бу борада россиялик ҳарбий хизматчилар ҳам бундан мустасно эмас. Лекин кўп нарса мамлакатнинг сиёсий иродасига боғлиқ. Менимча, Москва ўз ҳарбий кучларини Ўзбекистонда қолдирмайди. Биринчидан, Россиянинг Тожикистонда ҳарбий базаси бор. Иккинчидан, ҳозирги шароитда Ўзбекистон хавфсизлик тузилмалари Афғонистондан келиши мумкин бўлган ташқи таҳдид билан мустақил кураша олади. Албатта, бир девор нарида уруш давом этаётгани ёқимсиз, лекин ҳозирча Ўзбекистонда ваҳима қўзғашга асос йўқ. Ҳукумат юқори даражадаги мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистон минтақадаги энг барқарор ва ўзини ўзи ишонган давлатлардан бири ҳисобланади. Ҳукумат ваколатли дипломатия олиб бормоқда ва, айтиш мумкинки, Афғонистон учун ишончли шериклардан бири. Қолаверса, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ҳозирда олиб бораётган сиёсати беқиёсдир, бу эса минтақадаги бошқа давлатлар учун намуна бўлиши мумкин. Менимча, баъзи масалаларда ҳатто Россия ҳам намуна олиши керак ”, – дея хулоса қилди Андрей Серенко.

Бу орада, куни кеча Ўзбекистон АҚШга мамлакат ҳудудида ҳарбий базаларни жойлаштиришни рад этди. «The Wall Street Journal» бундан олдин бундай имконият ҳақида ёзган ва Афғонистондан олиб чиқилган танклар Ўзбекистонга юборилиши мумкинлигини қайд этган эди. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мамлакат мудофаа доктринасини эслатди, унда ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириш кўзда тутилмаган. Баъзи экспертлар Вашингтон Ўзбекистоннинг рад жавобини дўстона бўлмаган ҳаракат сифатида қабул қилиши мумкинлигини тахмин қилишди.

Михаил Нейжмаков

Сиёсий ва иқтисодий коммуникациялар Агентлигининг етакчи таҳлилчиси Михаил Нейжмаков Anhor.uz билан суҳбатда қуйидагиларни айтди: «АҚШ ва Ўзбекистон ҳозирда кейинги мулоқот учун заминни синовдан ўтказмоқда. Бу, масалан, Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг «Давлат департаментидаги ҳамкасбларим билан чегарадош давлатлар билан мулоқот қиламиз ва у ерда қандай имкониятлар пайдо бўлишини тушунишга ҳаракат қиламиз» деган баёнотига жуда мос келади. Бундай геосиёсий қадамлар доирасида АҚШ Давлат департаментининг махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШнинг халқаро ривожланишни молиялаштириш Корпорацияси бош ижрочи директори Адам Бойлернинг Ўзбекистонга, шунингдек Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комиловнинг Вашингтонга.аввалги ташрифларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. АҚШ экспертлари ва дипломатик ҳамжамиятининг бир қатор вакиллари америкалик қўшинлар Афғонистондан чиқарилгандан сўнг Марказий Осиёда Вашингтонга нисбатан ишончсизлик кучайганини тушунишади. Масалан, 2000 -йилларнинг бошларида Американинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Жон Хербст, янги шароитда минтақа давлатлари билан ишлаш истиқболларини баҳолаб, «биз Афғонистондаги муваффақиятсизликларимиз туфайли  жабр чекдик», – дея афсусланди.

«Америка томонининг кўплаб масалалар бўйича минтақа давлатлари билан музокаралар тез натижаларга олиб келмаслигидан норозилиги, албатта, бўлади, лекин, эҳтимол, АҚШ бу йўналишда тез ва осон ғалабаларга умид боғламаган бўлиши мумкин. Жозеф Байден маъмурияти ҳар қандай ҳолаитда ўз мамлакатидаги сиёсий ва эксперт доираларга Вашингтон Афғонистондаги мураккаб вазиятда Марказий Осиё билан ишлашда давом этаётганини, шунингдек, Москва ва Пекиндан минтақага қизиқишни кўрсатиши керак бўлади. Шу боис, Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги мулоқот учун «эшик» тўлиқ ёпилди, дейишга ҳали эрта «, – деди Михаил Нейжмаков.

Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.