Конституциявий ислоҳот шаҳарлар мақомига таъсир кўрсатадими
Яқинда Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати 1 августга қадар узайтирилди [1]. 2022 йил 21 июль ҳолатига кўра, келиб тушган таклифлар сони 88 мингдан ошган [2].
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида Конституциянинг ўзгартириш киритилмаётган боблари саноқли. Улардан бири – бу 2 моддадан иборат ва “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши” деб номланган XVI боб ҳисобланади.
Бизнингча, бошқа айрим моддаларга киритиш таклиф этилган ўзгартиришларга нисбатан олиб қараганда, айнан мана шу боб, унинг таркибидаги 68-модда [3] асосли ўзгартиришларга муҳтож. Ушбу моддага кўра “Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат”. Конституциядаги ушбу модда ўз тузилиши ва юридик мазмуни жиҳатдан айрим саволлар келтириб чиқаради.
Биринчидан, мазкур моддада санаб ўтилган маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ўзаро нисбати аниқ кўрсатилмаган, яъни вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ўзаро тенг тузилмаларми ёки бир-бирининг таркибига кирадими?
Иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси нега бошқа бирликлардан кейин қўйилган? Ушбу ҳудуд туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларга бўлинмайдими?
Учинчидан, маҳалла – маъмурий-ҳудудий бирлик ҳисобланадими ёки йўқ? Ахир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар билан бир қаторда маҳаллаларда ҳам ташкил этиладику? [4]
Тўртинчидан, ушбу моддада Тошкент шаҳри нега кўрсатиб ўтилмаган? Бу ердаги “вилоятлар, туманлар, шаҳарлар…” кетма-кетлиги Тошкент шаҳрига эмас, кўпроқ вилоятлар таркибидаги шаҳарларга тегишли бўлиб қолган.
Юқоридаги каби саволларга Конституциянинг бошқа моддаларини таҳлил қилиш орқали айрим жавоблар топиш мумкин.
Хусусан, унинг 69, 77, 107, 117-моддаларига [5] диққат билан разм солинса, уларнинг барчасида “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри” кетма-кетлиги қўлланилган.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, Ўзбекистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилишига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан иборат, ҳозир ёзиб қўйилганидек “вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан” эмас!
Айни шу масалада 1978 йилдаги Конституциянинг (Асосий Қонуннинг) 73-моддаси [6] алоҳида қизиқиш уйғотади. Унга кўра, “Ўзбекистон Республикаси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси мавжуд. Ўзбекистон Республикасида қуйидаги вилоятлар: Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм ҳамда республика бўйсунувидаги шаҳар – Тошкент бор”. Ушбу норма ҳозиргиси билан солиштирганда, бирмунча аниқ, тушунарли ва ортиқча саволларсиз баён этилган.
Биринчидан, ҳозирги Конституциянинг 68-моддасидан фарқли равишда, эски нормада Тошкент шаҳрининг вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси билан тенг даражадаги алоҳида бирлик эканлиги аниқ ёзиб қўйилган.
Иккинчидан, ҳар бир вилоятнинг Конституцияда кўрсатилганлиги таҳсинга сазовор. Чунки 1992 йилдан буён ҳали бирор марта бирор янги вилоят ташкил этилгани, номлари ўзгартирилгани ёки бирорта вилоят тугатилгани йўқ. Агар шундай таклифлар пайдо бўлса ҳам, улар ўз аҳамияти жиҳатдан Конституцияга ўзгартириш киритиш йўли билан ҳал этишга арзийди.
Учинчидан, бир қарашда арзимас нарса бўлиб кўринса-да, вилоятлар номларининг Конституцияда муайян кетма-кетликда баён этилганлиги аслида жуда муҳим. Бизда бу борада алоҳида қоида бўлмагани учун расмий ҳужжатларда, ҳатто, Парламент қабул қилган қонунларда ҳам [7], вилоятлар номлари “Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий …” каби кетма-кетликда ишлатилади. Энг ачинарлиси, бу кетма-кетлик учун асос қилиб вилоятларнинг рус тили алифбосидаги номлари қабул қилинган. Шунинг учун ҳам, Қашқадарё (Кашкадарья) нисбатан олдин, Фарғона нисбатан охирида!
Тўртинчидан, нима учун Андижон шаҳри Андижон вилояти таркибига кирадию, Тошкент шаҳри Тошкент вилояти таркибига кирмайди? Кўпчилик ўзича жавоб берадиганидек, бунинг сабаби – Тошкент пойтахт бўлгани эмас. Чунки жаҳон амалиётида провинцияларга бўйсунувчи пойтахтлар ҳам йўқ эмас. Бу саволга ягона жавоб – Тошкент республика бўйсунувидаги шаҳар! Гарчи, бу қоида 1978 йилдаги Конституцияда бўлган ва мустақил Ўзбекистон Конституциясига киритилмаган бўлса ҳам.
Мамлакат таркибига кирувчи барча маъмурий-ҳудудий бирликларни Конституцияда тўғридан-тўғри ва тўлиқ кўрсатиш эски амалиёт эмас, бундай тажриба ҳозир ҳам кўплаб давлатларда, хусусан, Германия [8], Россия [9], Украина [10] каби давлатлар конституцияларида мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, Конституцияга ўзгартириш киритишда унинг 68-моддасини ҳам, албатта, қайта кўриб чиқиш керак.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Бир пайтлар қонунчилигимиздан бутунлай чиқиб кетган, бироқ, кейин яна қайтиб келган “шаҳарлардаги туманлар” ҳамда “республика бўйсунувидаги шаҳарлар” мақоми ҳақидаги саволларга ҳам Конституциянинг 68-моддаси узил-кесил жавоб бериши керак.
Илгари бизда Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари таркибида туманлар мавжуд бўлиб, улар 2004 йил 1 январдан тугатилган эди [11]. Ўша пайтга қадар “шаҳар таркибидаги туманлар” деганда Тошкент шаҳри таркибидаги 11 та туман ҳамда Файзулла Хўжаев, Тўқимачи, Кармана, Давлатобод, Сиёб, Боғишамол, Темир йўл ва Қиргули туманлари тушунилган.
Бу туманлар тугатилганидан кейин “шаҳар таркибидаги туманлар” деганда фақат Тошкент шаҳри таркибидаги туманлар тушиниладиган бўлди, уларнинг мақоми, қайсидир маънода, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси таркибидаги туманлар билан бир хил. Айни мана шу пайтда Наманган вилояти Наманган шаҳри таркибида Давлатобод [12], Янги Наманган [13] туманлари ташкил этилди.
Албатта, Наманган шаҳри таркибида туманлар ташкил этилиши бежизга эмас. Вилоят таркибидаги ушбу шаҳарда 657 минг киши яшайди [14] ва у аҳоли сонига кўра республикада Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда туради. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, 8 та туман ва 3 та шаҳардан иборат Сирдарё вилоятида 868,3 минг аҳоли [15] истиқомат қилади.
Лекин, юридик жиҳатдан, бу ўзгариш бутун қонунчилик тизимини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Чунки, шу пайтгача барча ҳудудларда 3 босқичли тизим мавжуд эди (масалан, республика – Тошкент шаҳри – Яккасарой тумани). Наманганда эса 4 босқичли тизим пайдо бўлди (республика – Наманган вилояти – Наманган шаҳри – Давлатобод тумани).
Оддийроқ қилиб айтганда, масалан, прокуратура органлари тизимида [16] барча вазифалар Бош прокуратура (1), вилоят (Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар) прокуратураси (2) ва туман (шаҳар) прокуратураси (3) ўртасида тақсимлаб қўйилган. Ёки Давлат бюджети [17] ҳам республика бюджети (1), вилоятлар бюджети (2), туман ва шаҳарлар (3) бюджетига бўлинган. Қайси соҳага қарамайлик, тақсимот мана шу тартибда.
Бундай тақсимот Тошкент шаҳрига ҳам мос келади, лекин Наманган шаҳри мисолида Наманган шаҳар прокуратураси ва Давлатобод туман прокуратураси ўртасида вазифалар қандай тақсимланиши тушунарсиз. Ёки Наманган шаҳар бюджети ва Давлатобод тумани бюджети даромадлари ва харажатлари қандай шакллантирилиши ва тақсимланиши ҳам савол остида.
Кейинги савол эса 2020 йилда қабул қилинган қонунда [18] келтирилган “республика бўйсунувидаги шаҳарлар” тушунчасидир. Бу тушунча Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарлари, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчаси учун киритилган. Чунки, айнан мана шу шаҳарларга “республика бўйсунувидаги шаҳарлар” мақомини бериш [19] режалаштирилган эди.
Аслида, “республика бўйсунувидаги шаҳарлар” тушунчасини юқорида тилга олинган шаҳарларга эмас, том маънода вилоятлар билан тенглашадиган йирик шаҳарларга нисбатан қўллаш керак. Ҳозирги кунда ушбу хусусиятлар, мамлакат пойтахти – Тошкент шаҳрида сўзсиз мавжуд.
Республика ёки федерация даражасидаги шаҳар мақоми аксарият давлатларда бор. Эътиборлиси, бу мақом фақат пойтахт шаҳарларга эмас, аҳамияти жиҳатдан улардан қолишмайдиган бошқа шаҳарларга ҳам берилган. Масалан, Германияда Берлин, Гамбург ва Бремен [20], Қозоғистонда Нурсултон, Олма-ота ва Чимкент [21], Россияда Москва ва Санкт-Петербург [22], Қирғизистонда Бишкек ва Ўш [23] ана шундай алоҳида мақомга эга. Бизда ҳам Тошкент шаҳри билан бир қаторда ана шундай алоҳида мақомга лойиқ шаҳарлар пайдо бўлмоқда. Уларга мисол қилиб воҳа вилоятларида – Самарқанд шаҳри, Фарғона водийсида эса – Наманган шаҳрини кўрсатиш мумкин.
Ушбу шаҳарлар аҳоли сони бўйича Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ва учинчи ўринларда туради. Тез орада уларнинг “миллионлик шаҳарлар”га [24] айланиши кутилмоқда.
Бу икки шаҳарга “республика бўйсунувидаги шаҳар” мақомини бериш вақти аллақачон келган ва бу муҳим таклиф конституциявий ислоҳотлар жараёнида муҳокама қилишга арзийди. Агар Самарқанд шаҳри таркибида ҳам 5 та янги туман [25] ташкил этиш режалаштирилгани инобатга олинса, бу ўзгариш Наманган ва Самарқанд шаҳарларида бошқарувни ҳудди Тошкент шаҳри сингари (республика – шаҳар – туман) ташкил этиш, 4 босқичли тизим ортидан қонунчилик ва амалиётда пайдо бўладиган янги саволларнинг олдини олиш имконини беради.
Самарқанд ва Наманган вилоятларининг маъмурий марказларини эса бошқа шаҳарларга, масалан, Каттақўрғон ва Тўрақўрғон (Ахсикентга ўзгартириш мумкин) шаҳарларига кўчириш мумкин.
Ушбу таклиф амалга оширилган тақдирда, Самарқанд ва Наманган шаҳарлари расман Тошкент шаҳридан кейинги энг муҳим шаҳарлар мақомини олади, бизнес ва ички миграция учун жуда муҳим сигнал бўлади, Тошкент шаҳри зиммасига тушаётган ва йилдан йилга ўсиб бораётган юкламани нисбатан камайтиради, яқинда тўлиқ янги қурилган Самарқанд аэропортининг [26] нуфузини ошириш, водийдаги 3 та вилоят учун ягона ҳаво хаби [27] ташкил этиш бўйича мунозараларга ечим топиш имконини беради, Самарқанд ва Наманган вилояти ҳокимликлари ўз эътиборини тобора кенгайиб бораётган катта шаҳарга эмас, вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратади. Бу рўйхатни яна исталганча давом эттириш мумкин.
Бундай ўзгариш, табиийки, муайян харажатлар талаб этади, лекин унинг ортидан келадиган иқтисодий самара бу харажатларни албатта оқлайди.
Ўзбекистон таркибида охирги марта 1982 йилда – Навоий вилояти ташкил этилган (1988 йил тугатилиб, 1992 йил қайта ташкил этилган). Шундан кейин 14 та ҳудуд умуман ўзгаргани йўқ. Лекин 1992 йилдан кейин республика аҳолиси сони сал кам 15 миллионга кўпайди. Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун эса, маъмурий бирликларни доим такомиллаштириб туриш лозим.
Масалан, Қозоғистонда 1991 йилдан кейин Олма-отадан ташқари яна 2 та шаҳарга (Нурсултон ёки собиқ Остона ва Чимкент) “республика бўйсунувидаги шаҳар” мақоми берилди, 2022 йилда 3 та янги вилоят[1] ташкил этилди. Бу ислоҳотларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга ижобий таъсир кўрсатишини барча бирдек эътироф этмоқда.
Юқоридагиларга асосан, конституциявий ислоҳотлар доирасида унинг 68-моддасига ҳам ўзгартириш киритиб, унда “Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ҳамда республика бўйсунувидаги шаҳарлар – Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларидан, шунингдек улар таркибидаги туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалардан иборат” деб белгилаб қўйиш таклиф этилади.
Элдор Ҳамроев, ҳуқуқшунос, мустақил тадқиқотчи
[1] https://www.gazeta.uz/uz/2022/07/15/draft/
[2] http://www.meningkonstitutsiyam.uz
[3] http://old.lex.uz/docs/20596
[4] http://old.lex.uz/docs/2156899
[5] http://old.lex.uz/docs/20596
[6]https://nrm.uz/contentf?doc=391018_konstituciya_(osnovnoy_zakon)_respubliki_uzbekistan_(prinyata_19_04_1978_g_na_vneocherednoy_shestoy_sessii_vs_ruz_devyatogo_sozyva)
[7] http://old.lex.uz/docs/5801127?query=%D0%B0%D0%BD%D0%B4%D0%B8%D0%B6%D0%BE%D0%BD
[8] https://www.btg-bestellservice.de/pdf/80201000.pdf
[9] http://publication.pravo.gov.ru/Document/View/0001202007040001
[10] https://www.president.gov.ua/documents/constitution
[11] http://old.lex.uz/docs/228447
[12] http://old.lex.uz/docs/5372644
[13] http://old.lex.uz/docs/5423262
[14] https://uza.uz/uz/posts/namangan-aholisi-otgan-toqqiz-oyda-616-ming-kishiga-kopaydi_311761?q=%2Fposts%2Fnamangan-aholisi-otgan-toqqiz-oyda-616-ming-kishiga-kopaydi_311761
[15] https://kun.uz/news/2021/07/21/sirdaryo-viloyatining-doimiy-aholisi-soni-malum-qilindi
[16] http://old.lex.uz/docs/106197
[17] http://old.lex.uz/docs/2304138
[18] http://old.lex.uz/docs/4973063
[19] http://old.lex.uz/docs/4372271
[20] https://www.btg-bestellservice.de/pdf/80201000.pdf
[21] https://www.akorda.kz/ru/legal_acts/decrees/ob-akimah-gorodov-nur-sultana-almaty-shymkenta-i-oblastei
[22] http://publication.pravo.gov.ru/Document/View/0001202007040001
[23] http://cbd.minjust.gov.kg/act/view/ru-ru/202913?cl=ru-ru
[24] http://old.lex.uz/docs/5841063
[25] https://qalampir.uz/news/samark-and-sha%D2%B3rida-5-ta-tuman-tashkil-etiladi-50273
[26] https://www.gazeta.uz/ru/2022/03/19/samarkand-airport/
[27] https://www.gazeta.uz/uz/2022/04/11/ferghana-valley/
[1] https://24.kg/obschestvo/232812_vkazahstane_poyavilis_tri_novyie_oblasti_/
Шарҳлар