Маданият вазирлиги эълон қилган очиқ эшиклар аслида «Ёпиқ эшиклар» кунимиди? (видео)

Фото: Anhor.uz

Маданият вазирлиги томонидан 27 март – Халқаро театр куни муносабати билан 21-27 март кунлари давлат тасарруфидаги барча театрларда очиқ эшиклар ҳафталиги ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Буни эшитиб хурсанд бўлган халқ қатори биз ҳам Ўзбек миллий Академик драма театрига жараён билан танишиш мақсадида бордик. 

Биргина Миллий театр атрофи тўла одам. Шунча йиғилган одамларни кўриб вазиятни ўрганишга қизиқдик. Билсак бу бепул спектакллар хамма учун эмас экан. Хўп шунақа экан шунча халқни овора қилиб нега бундай эълон берилди? Олдиндан огоҳлантирса бўлмасмиди. Бир оз вақт ўтгач Ўзбек Миллий Академик драма театрининг телеграмдаги каналида огоҳлантириш хабари эълон қилинди. 

Унда айтилишича «Хабар берганимиздек, мазкур ой 21-мартдан 27-мартгача «Театр томошалари ҳафталиги» муносабати билан ОЧИҚ ЭШИКЛАР куни бўлиб ўтмоқда. 10-мартдан эътиборан чипталар, Сиз азизларга (томошабинларга) мутлақ бепулга улашилди. (олдиндан?) АСЛИДА БЕПУЛ ЧИПТА ҚОЛМАДИ! Айрим кунлари чипта эгаси келмай қолганлиги сабабли, «бўш жой топилади», деб жавоб бергандик. <…> Бизни тўғри тушунинг. Бепул чипта қолмаган. Мабодо, бўш жой қолгудек бўлса, бажонидил!«, – дея изоҳ беришган.

Шунингдек, «Азизлар! Театрга келиб тўполон кўтарманг, саҳна назоратчиларини ҳақорат қилманг, ижтимоий тармоқда бўлар-бўлмас кўнгилга тегадиган сўзларни ёзманг! Биз ҳар бирингизни қайноқ меҳр билан яхши кўрамиз! Сиз учун меҳнат ва ижоддамиз!«, – дея қўшимча қилишган.

Шу ерида эътиборимизни театрнинг телеграм каналидаги хабарлар тортди. 10 мартдан бепул чипта улашдик деган театр маъмурияти, телеграм каналда бу бўйича бирор хабар бермаган. Вахоланки, 21 мартдан бошланиши режа қилинган «Очиқ эшиклар куни» бўйича айни 21 март санасида намойиш қилинган спектакль жараёнидан фотолавҳа ва фикрларни улашган.

Айни 21 март куни намойиш қилиниши режа қилинган «Усмон Носир» спектакли учун дастлаб чипталар бор мазмунида фотосуратдаги эълон жойлаштирилган. Унда чипта нархлари ҳам қайд этилган. Бу ҳолатга масъуллар қандай муносабат беришади? (қуйидаги фотосуратга қаранг)

Майли, жараён ташкил этилгани яхши, бироқ шунча одамни оввора қилмай, театр сиғимидан ва талабдан келиб чиқиб Миллий театр матбуот хизмати хабарларни янгилаб борса бўлмасмиди? Шунча қоракўз театр эшиги олдида йиғилиб қараб турган пайтда, аниқроғи “поезд аллақачон ўтиб кетганда” «узр» сўраб эълон жойламасдан.

 

 

“Биринчи фақат билети борлар киради. Жой ортса сизларни ҳам киритамиз. Билет бизда олдиндан тарқатилган”, – дейди театр ишчиларидан бири тўпланиб турган халққа жавобан.

Хўп майли, билет одамларнинг нимасига қараб берилди экан? Очиқ эшиклар куни бўлганидан кейн бошида эрта келганлар кириб томоша қилса бўлмасмиди? Билети борлар кечикиб келса ҳам шунча одамлар орасидан ўтиб кетябди. Эрта келганлар эса шунча кутиб қайтиб кетгани қолди холос. 

Бу ерда тўпланган халқ орасида ёш болалардан тортиб катта ёшли нуронийларгача бор эди. Уни ҳам қўйиб турайлик ногиронлиги бор шахс ҳам эшикни олдида қўлтиқ таёғига суянган ҳолда ичкарига кириш навбатини кутиб тургани кишига қаттиқ таъсир қилар экан. Ачинарли ҳолат Ҳурматли Маданият вазирлиги. Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги 57-сонли  қарорига мувофиқ биринчи навбатда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам ва хизмат кўрсатилиши керакмасми?

Хуллас шунақа гаплар. Бу биз биргина Миллий театр олдида кўрганларимиз. Келгуси «очиқ эшиклар куни» «Ëпиқ эшиклар куни»га айланмайди деган умиддамиз.

Умида Якупова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.