Абдулла Абдуқодиров: Стратегик бошқарувда худудларнинг хусусиятларини инобатга олиш даркор

Фото: Anhor.uz / Ровшан Шагаев коллажи

Мамлакат бошқарувидаги энг катта муаммолардан бири – стратегик бошқарувида мақсадлари, устуворликлари ва йўналишларини ҳудудий, маҳаллий раҳбарлар даражасида, жойлардаги шароитларини ҳисобга олган ҳолда етказиб бериш. “Уйдаги гап бозорга тўғри келмайди” деганидек, кўп ҳолларда юқори кабинетларда ишлаб чиқилган режалар ҳудудлар миқёсида кўрилганда, улардаги имкониятларга тўғри келмаслиги аён бўлмоқда. Натижада бошқарувнинг давлат миқёсидаги бўғини ва ҳудудлар бошқаруви номутаносиблик пайдо бўлиб, кўпгина муҳим иқтисодий, ижтимоий ташаббуслар беихтиёр бажарилмай қолмоқда. Қилинадиган ишни моҳияти, услублари жойлардаги шароит ва ресурсларга тўғри келмаса, албатта, белгиланган мақсадга эришиш деярли мумкин эмас.

Шу боис мамлакатимиз Президенти ҳар ой камида битта ҳудудга бориб, у ернинг муаммоларини батафсил ўрганиб, қилинадиган ишлар моҳияти ва ресурсларига урғу бермоқда. Жумладан,  жорий йилнинг 16 январь куни иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент иқтисодиётда самарадорликни ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгилади. Айнан шу йиғилишда намуна сифатида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани тилга олинди.

14 март куни Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Давлат раҳбари жойлардаги ва республика даражасидаги раҳбарлар Сайхунободдаги аҳволни яхшилашга эътибор қаратмагани, пастга тушиб ишламагани, фақат йиғилиш ўтказиш билан чеклангани танқид қилинди. Мазкур йиғилиш томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакат учун туб бурилиш ясаши қайд этилди.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, мамлакат раҳбари кун тартибида макроиқтисодий стратегик бошқарувни ҳудудлар кесимида аниқлаштириш ўта муҳим масала ҳисобланади. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Энг аввало, ҳудудлар географик жойлашув, иқтисодий, ижтимоий, табиий ва инсон ресурслари жиҳатидан кескин фарқ қилади. Масалан, Сурхондарё вилояти учта хорижий мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона вилоят. Демак-ки, бу вилоятда трансчегаравий савдо ва давлатлараро логистика масаласи кескин туради. Мамлакатимиз жанубида жойлашгани учун у ерда қадимдан деҳқончилик эрта экин маҳсулотлари билан машҳур. Мева ва сабзавотлар эрта баҳорда мамлакатимизнинг бошқа ерларига нисбатан 1-1,5 ой аввал етиштирилади. Табиий-ки, бу шароитда эрта етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғиб олиш, сақлаш ва асосий истеъмол марказларига тезда транспортировка қилиш ўта муҳим муаммолардан бири. Демак Сурхондарёда бу маҳсулотларни қайта ишлаш индустриясини барпо қилиш энг катта бир масала. Қадимий Бақтрия деб танилган бу диёр бир неча минглаб йил аввал буддизмнинг энг йирик марказларидан бири бўлган ва диний туризмни ривожлантириш учун муҳим “қадриятлар маскани” шу диёрда тўпланган.

Бундан ташқари, бир неча юз йил миллион йил аввал бу ерлар денгиз қаърида бўлган (тоғ ҳудудларида ҳанузгача ҳар қадамда учрайдиган денгиз ҳайвонларининг чиғаноқлари бунга далил) ва табиий бойликлар ер устига нисбатан яқин жойлашган. Демак-ки, геология-қидирув ишларини тўғри йўлга қўйган ҳолда вилоятдаги қазилма бойликлар салоҳиятидан фойдаланишни кескин кенгайтириш мумкин.

Давлатнинг иқтисодий бошқарув стратегияси ёки макроиқтисодий кўрсаткичлар даражасида ҳудуднинг бу хусусиятлари кўринмаслиги ёки етарли эътиборга олинмаслиги мумкин. Лекин вилоятдаги келгуси “ўсиш нуқталари” сифатида бу хусусиятлар жуда катта аҳамиятга эга.

Иккинчи томондан, вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожланиши турли рисклар ва таҳдидларга монанд бўлиши мумкин. Қайсидир районларда дарёлар яқинлиги туфайли сув масаласида муаммолар кам бўлса, қайсидир районларда чўл ва тоғолди ерлари бўлгани учун сув масаласи энг катта чекловчи фактор бўлиб қолган.

Орол денгизининг қуриши Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ерларнинг тузланиши таҳдидиини келиб чиқарди ва бу охирги 30 йилда инсонлар саломатлиги ва иқтисодиёт учун катта муаммолардан бири бўлиб бўлиб қолди.

Айнан шундай хусусиятлар аниқланган ва уларга холисона баҳо берилган тақдирдагина биз кейинги босқичга – ҳар бир ҳудуд бўйича иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, инвестицияларни жалб қилиш, турли иқтисодиёт тармоқларини (саноат ва қишлоқ хўжалигини) ўзаро боғлиқликда ривожлантиришни режалаштиришга ўта оламиз.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги 2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мамлакатимиз раҳбари топшириқлари билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ва хусусиятларини ўрганиш, у ерлардаги потенциал “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш билан банд. Айни вақтгача Агентлик ходимлари барча вилоятларга бориб, у ердаги мутасадди ташкилот ва ходимлар билан бирга ҳудудларнинг асосий статистик кўрсаткичларини, ютуқлари ва имкониятлари, ҳамда ҳудуддарнинг салоҳияти ва натижаларини янада кўтариш имкониятларини ўрганмоқдалар.

Эътибор қаратиладиган хусусият шунда-ки, муаммоларни ўрганиш нафақат вилоят миқёсида, балки конкрет туманлар миқёсида ҳам амалга оширилмоқда.

2024 йил март ойининг бошида Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятлари Агентлик ходимлари томонидан Сайхунобод, Оқолтин, Ховос, Боёвут туманлари мисолида ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларини хусусан Оқолтин тумани мисолида кўришимиз мумкин.

Оқолтин тумани бўйича қисқача маълумотлар (01.01.2024 йил ҳолатига):

– умумий майдони – 551,0 км2;

– доимий аҳоли сони – 55,8 минг нафар (вилоятлар орасида 9-ўрин);

– саноат маҳсулотлари – 338 миллиард сўм (вилоят ЯИМдаги улуши 2,2%);

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 1,7 триллион сўм (вилоят ЯИМдаги улуши 11,7%);

– қурилиш-пудрат ишлари – 80 млрд сўм (вилоят ЯИМдаги улуши 2,0%);

– чакана савдо ҳажми – 222 миллиард сўм (вилоят ЯИМдаги улуши 4,2%);

– хизматлар ҳажми – 199 миллиард сўм (вилоят ЯИМдаги улуши 3,3%);

– экспорт ҳажми – 6,7 миллион доллар (вилоят ЯИМдаги улуши 2,0%);

– импорт ҳажми – 3,7 миллион доллар (вилоят ЯИМдаги улуши 0,7%).

Оқолтин туманининг асосий хусусиятларидан бири шунда-ки, Оқолтин тумани “Шодлик” МФЙ ҳудудида “Тошкент – ТермизМ-39 ва А-373Гулистон – Гагарин27 километрлик автомагистрал йўллари ўтган. Бу йўллардан кунига ўртача 35-40 минг автотранспорт қатнови амалга ошади. Шундай гавжум қатнов бўлишига қарамай, худудда йўл бўйи инфратузилмаси (турли савдо ва маиший ҳизмат, дам олиш шоҳобчалари) мавжуд эмас.

Маълумот учун: Қурилиш вазирининг 2021 йил 28 апрелдаги 96-сон буйруғи билан тасдиқланган ШНҚнинг 2.05.02-07 1.10-бандида умумий фойдаланишдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли бўлмаган бошқа бино ва иншоотларни қурилиш чегарасигача бўлган масофа йўл ўқидан ҳар томонга (чап ва ўнг) 57,5 метрдан кам бўлмаслиги белгиланган.

Оқолтин туманидан ўтадиган автомагистрал йўлларнинг аҳоли яшаш пунктидан ўтадиган 4 км қисмига йўл бўйи муҳофаза зонасини 57,5 метрдан 27 метргача қисқартирилса ва озод бўлган ер майдонлари турли аукцион платформалари орқали савдоларга чиқарилса, маҳаллий инвесторлар турли ҳил инфраструктура лойиҳаларига архитектура талабларига риоя қилган ҳолда инвестиция қилишга ўз ҳоҳишларини билдирдилар.

Бунинг натижасида туманнинг “Шодлик”, “Кўркам Диёр” ва “Саховат” МФЙлари ҳудудидан кесиб ўтувчи А373ГулистонГагарин” автомагистрал йўл бўйида 1,36 га (13 600 м2), “Тошкент – ТермизМ39 йўл бўйида 1,06 га (10 600 м2) йўл бўйи хизмат кўрсатиши объектлари барпо этилади.

Шунда 150 дан ортиқ йўл бўйи хизмат кўрсатиш объектлари ишга тушади.
Бунинг натижасида 300 дан ортиқ янги иш ўринлар ташкил этилади, 1,1 млрд сўм даромад солиғи ва 432 млн сўм ижтимоий солиқ маҳаллий бюджетга тушиши ҳамда туманда хизматлар ҳажми 180% га ошиши мумкин.

Туманда икки кичик саноат зонаси (КСЗ) ва икки ёшлар саноат зоналари (ЁСЗ) мавжуд бўлиб, амалдаги қонунчиликда бу зоналардаги ер ва биноларга эгалик хуқуқини таъминлаш соҳасида, ҳамда бу зоналарда фаолият юритувчи корхоналарни турли солиқлардан озод этиш имтиёзлари мавжуд. Лекин амалда бу саноат зоналарда локация танлашда, у ерга керакли инфраструктурани (электр, газ, сув таъминоти, темир йўл шаҳобчаси) етказиб беришда, эгалик ҳуқуқини амалга оширишда мавжуд бўлган муаммолар туфайли маҳаллий инвесторлар бу зоналарда фаолият юритишга қизиқиш билдирмаяпти.

Маълумот учун:Кўркам Диёр” маҳалласидаги КСЗда бир дона саноат корхонаси фаолият олиб бормоқда. Қолган саноат зоналаридаги ер майдонлари лотларга бўлиниб онлайн аукцион савдосига чиқарилган (47 лот КСЗнинг бир лот нархи 15 миллион сўм, ЁСЗ 12 миллион сўм), бироқ ҳанузгача уларни сотиб олиш бўйича таклиф келиб тушмаган.

Йирик саноат корхоналарини ташкил этиш учун Оқолтин туманига энг яқин бўлган Мирзачўл туманидан ўтган темир йўл тармоғидан туманнинг “Андижон” МФЙ ҳудудигача 10 км темир йўл тармоғини (ветка) тортиш зарурати мавжуд. Ушбу лойиҳа қиймати тахминан 40 миллиард сўм хажмдаги инвестицияларни талаб қилади.

Юқорида кўрсатилган муаммолар ҳал қилинса, туманда 15 дан ортиқ янги йирик саноат корхоналари ишга туширилиши мумкин. Бу ҳолда 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади хамда йилига ўртача 1,9 млрд сўм бюджетга тушум ҳамда қўшимча 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти таъминланиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Юқоридаги каби муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтириш мумкин. Лекин Агентлик томонидан олиб борилган ўрганишлар қуйидаги тизимли камчиликлар борлигини ҳам ёритди:

Биринчидан, биз инклюзив статистика асосларини яратишимиз керак. Ҳар бир вилоят ва туманларда умумий статистика маълумотларини олишни ўзи бир машаққатли иш. Марказлаштирилган тартибда электрон тарзда барча умумий маълумотларни туманлар ва маҳаллалар кесимида топиш ҳозирча умуман имкон даражасида эмас. Биз микростатистикани корхоналар ва хонадонлар кесимигача кўриш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Агар таҳлил учун етарли статистик маълумотлар бўлса, вилоят ва туманларга мамлакат марказидан ҳар ойда ўнлаб мутаҳассисларни хизмат сафарларга юбориш кескин камаяди. Туманлар ва маҳаллалар бўйича умумий статистик маълумотлар тури, кўриниши ва қамрови бўйича мамлакат марказий бошқарув органлари ўз соҳалари бўйича келишув (консенсус)га эга бўлиши керак;

Иккинчидан, энг кўп ҳолларда кичик саноат зоналари ва ёшлар саноат зоналарида мулк хуқуқи масалалари охиригача ечилмаган. Илгари ер ажратиш тартиби ўзгача бўлиб, кейинчалик ўзгарган ҳолатда, тадбиркорларнинг қилган инвестицияларини ҳимоя қилиш ва мулк хуқуқи муаммоларини ҳал қилиш механизми Адлия вазирлиги томондан ишлаб чиқилмаган. Бу муаммоларни ҳал қилиш вақти аллақачон келган;

Учинчидан, барча туман ва вилоятларда ерларнинг фойдаланиш категориясини ўзгартириш ва қурилиш ва саноат ерларини ажратиб бериш муаммолари йиғилиб қолган. Бизнинг фикримизча, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги ер ресурслари бўйича махсус комиссия ҳар бир ҳолат (мурожаат) бўйича жойига бориб ўрганиш ва вердикт чиқариш имкониятига эга эмас. Ерларнинг фойдаланиш категориясини ўзгартириш ваколатини вилоят ҳокимлиги кенгашларига қайтариш масаласи бугунги кунда кўндаланг бўлиб қолмоқда. Албатта бунда мавжуд асосий экин майдонлари ҳажми, ва умумий ҳосил ҳажмини қисқартирмаслик асосий мезонлардан бири бўлиши керак. Бугунги кунда амалда айланмада бўлмаган суғорилмайдиган, сувсиз ерларни айланмага киритишни ўзи жуда катта иқтисодий потенциал яратади;

Тўртинчидан, мамлакатлараро транспорт-логистика йўлларини қуриш ва эксплуатация қилишда ҳудудлардаги йирик корхоналарнинг, айниқса, ер бойликларини қазиб олувчи корхоналарнинг йўл қурилиши борасидаги иқтисодий потенциалидан солиқ имтиёзлари бериш эвазига фойдаланиш ташаббуси кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навои вилоятларида, ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида катта маъдан ва газ қазиб олувчи корхоналар турли категориядаги йўл қурилиши масаласида жуда катта потенциал ва тажрибага эгалар. Уларга солиқ имтиёзлари берилса, бу корхоналар марказий бошқарув ва лойиҳалар асосида кўпгина магистрал ва ҳудудлараро йўлларни қуриб беришлари мумкин.

Кўриб турганимиздек, ҳудудларнинг ўзига хос муаммолари, афзалликлари ва имкониятларини инобатга олмай туриб стратегик ва макроиқтисодий бошқарувни амалга ошириб бўлмайди. Демак-ки, умумий статистика ривожланмаган шароитда масалаларни фақат жойига чиқиб ўрганиш ёлғизгина усул бўлиб қолмоқда.

Абдулла Абдуқодиров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги

директорининг биринчи ўринбосари

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.