Навоий ҳайвонот боғидаги жониворлар Тошкентга қандай аҳволда олиб келинди

Ёғоч яшик ичидан жаҳлдор хириллаш эшитилади. “Кўрсатайликми?”, – деб сўради Тошкент ҳайвонот боғининг ходимлари. Биргаликда ичи қоронғи қишки уйчага тикилдик. Шанба куни Навоийдаги хусусий ҳайвонот боғидан Тошкентга олиб келинган қамишзор мушугини кўриш истаги катта эди, аммо бу уни тузатишга ёрдам бермасди.
 
«Ҳозир унинг аҳволи яхши», – дейди Тошкент ҳайвонот боғининг бош ветеринар врачи Маҳмуд Қўзибоев. У ҳамкасблари фельдшер Жаҳонгир Расулов ва майда сут эмизувчилар бўлимининг бошлиғи Маҳмуд Баҳромов билан биргаликда Навоийгача 600 км гача йўл босиб хусусий ҳайвонот боғининг жониворларини пойтахтга олиб келди. Айтиш жоизки, навоийлик экофаоллар, волонтёрлар ва умуман лоқайд бўлмаган кишилар ноябрь ойидан буён оғир аҳволда яшаётган жониворларни қутқариш ҳақида бонг ураётганди.
 
Ёввойи ҳайвонларни қутқариш бўйича махсус операция очлик ва совуқдан ҳалок  бўлаётган жониворларга ёрдам бериш ҳақида 70 га яқин мурожаатни олган “Mehr va Oqibat” ННТ  аралашувидан кейингина амалга оширилди. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг саъй-ҳаракатлари ва Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, ветеринария ва чорқачиликни ривожлантириш бошқармасининг кўмаги билан хусусий ҳайвонот боғининг жониворлари пойтахтга етказилди.
 
Йўл 12 соат вақтни олди. Ҳайвонларни безовта қилмаслик учун секин юрилди. Уларни кўрикдан ўтказиш учун ҳар икки соатда йўлда танаффус қилинди. 
 
Тошкентда жониворлар ҳақида ғамхўрликни пойтахт ҳайвонот боғи ўз зиммасига олди. Бугунги кунда мутахассислар назорати остида иссиқ карантин боксларида қамишзор мушугидан ташқари, Африка шери, чўл бўриси,  жайра, бургут, қузғун, укки ва иккита қора гриф яшамоқда. Реабилитация даври карантинни ҳам ҳисобга олган ҳолда 90 кун давом этади.
 

Фотосурат: Тошкент ҳайвонот боғи
 
Ҳайвонларнинг аҳволи асосан қониқарли. Ёши тахминан 6 да бўлган қамишзор мушуги энг кўп қийналгани маълум бўлди. Маҳмуд Қўзибоевнинг сўзларига кўра, жонивор қопқонга тушган ва хусусий ҳайвонот боғига панжаси ва бош суяги ярадор аҳволда олиб келинган.
 
«Улар ветеринарни чақириб, панжасини ампутация қилишган ва қутқариб қолишга муваффақ бўлишган. Айни пайтда жароҳат анча тузалган, аммо биз барибир ишлов беришда давом этамиз. 7-10 кундан сўнг мушукни умумий вольерга чиқаришни режалаштиряпмиз», – дейди у.   
 
Шунингдек Алиса лақабли бўри ҳам икки “хонадан” иборат ўз вольерига эга бўлди. Вольерга одам яқинлашса, жонивор ўзини тетик тутиб, думларини ликиллатади, қўлга ўрганган.
 
Мутахассислар уч ёшли шернинг аҳволини ҳам қониқарли сифатида баҳолашмоқда. Сиқилган шароитлар ва нотўғри рацион сабабли йиртқичнинг конституцияси нормадан паст.
 
Ҳайвонлар ва қушларга ишлов берилди, дегельминтизация ишлари ва бошқа зарур процедуралар ўтказилди. Ветеринарлар жониворларни ҳар куни кузатиб турмоқда, чунки тартиб шундай.
 

Фотосурат: Виктория Абдурахимова
 
Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларининг сўзларига кўра, хусусий ҳайвонот бурчакларида жониворларни ҳафтасига камида бир марта кўрикдан ўтказиш зарур. Қутуришга қарши эмлаш ишлари эса йилда бир марта, поливалент вакцина (олтита касалликка қарши) – уч йилда бир марта амалга оширилади. Энг қиммат эмдори бир дозаси учун 100 минг сўмгача туради. Навоий ҳайвонот боғида уларнинг ҳеч бири бўлмаган.
 
Cоҳиба Барноева жониворларни тақдим этаётган пайтда берган тилхатда улар эмланмагани ва санация қилинмагани кўрсатилган. Шунингдек жониворларнинг паспортлари ва биологик карталари ҳам йўқ. Ҳайратланарлиси шундаки, масъул идораларнинг ҳеч бири буни назорат қилмаган ва ёввойи ҳайвонларнинг яшаш шароитлари билан қизиқмаган.
 
«Улар энди ўша шароитларга қайтмайди. Фақат жониворларнинг собиқ эгалари барча камчиликларни бартараф этсагина улар қайтиши мумкин. Мен реконструкция ишлари бўйича тавсияларимни бердим. Хусусан, ёзги вольерларни кенгайтиришни, қишкиларини ташкил қилишни, қушлар учун алоҳида катта вольерлар қилишни маслаҳат бердим. Бу ерга келиб стандартлар билан танишишни, ўрганишлари мумкинлигини айтдим», – дейди Махмуд Қўзибоев. У тавсияларга қулоқ тутишларига ва Навоий ҳайвонот боғи иккинчи имкониятга эга бўлишига умид билдирди.
 
Агар ҳайвонот боғининг эгаси Соҳиба Барноева олинган тавсиялар бўйича шароитларни яратса, у реабилитация ишлари якунланганидан сўнг ҳайвонларни қайтариши мумкин. Ҳавон стандартларига мувофиқлик бўйича амалга оширилган бўлғуси ўзгаришлар Давлат экология қўмитасининг комиссияси томонидан баҳоланади.
 
“Mehr va Oqibat” ННТда Навоий вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳайвонларнинг кейинги тақдирини белгилаш учун судга мурожаат қилишини кутишмоқда.
 
Виктория Абдурахимова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.