,

“Биз бўлмаганда ўзбеклар иштонсиз юришарди, вассалом!” – ўзбекларни камситиш давом этмоқда

ўзбеклар иштонсиз юришарди
Фото: Anhor.uz

Тармоқларда яна ўзбеклар, Ўзбекистон ҳақида мантиқсиз фикрларни айтаётган россиялик сиёсатшунос, радио ва телебошловчи, «Адолатли Россия – Ватанпарварлар – Ҳақиқат учун» партияси Марказий Кенгаши аъзоси Сергей Михеевнинг “Улар мана 30 йилдан бери ҳамма нарсани олдилар ва олмоқдалар, Ўзбекистон олаяпти. Бу ерда 5 миллион мигранти ишласа, уларнинг қандай манфаати бор? <<…>> Уларнинг иқтисоди фақат бизникига боғланган, биз бўлмаганимизда иштонсиз юришарди. Вассалом. Ва биз бу ҳолат билан ҳеч нарса қила олмаймиз…”, мазмунидаги фикрлари кескин муҳокамаларга сабаб бўлишни бошлади. Унинг “Ўзбеклар иштонсиз юришарди” мазмунидаги гапи, россиялик ёзувчи Захар Прилепиннинг “шунчаки қўшиб олиши” ҳамда рус тарихчиси Михаил Смолиннинг “Ўзбеклар умуман бўлмагани”дан ҳам ошиб тушди, демоқда тармоқ фаоллари.

Сергей Михеев ушбу фикрларини Россия 1 телеканалининг “Владимир Соловьев билан оқшом” деб номланган жонли эфирдаги дастурларидан бирида билдирган. Дастур кескин бахсга айланиб, Михеев фикрларига дастурнинг ўзида сиёсатшунос, шарҳловчи Яков Кедми томонидан кескин жавоблар қайтарилганини ҳам кўрса бўлади. 


Келинг, бахснинг иқтибосларини эслайлик: 

Михеев: Улар (ўзбеклар) ҳамма нарсани олдилар ва олмоқдалар, мана 30 йилдан бери, Ўзбекистон олаяпти.  Бу ерда 5 миллион мигрант ишласа, уларнинг қандай манфаати бор? Россия таклиф қиладиган ҳеч нарса йўқ, Россия 30 йил давомида бу ҳудудларни барчасини боқиб келмоқда. Яна бир савол шундаки, Россия бундан фойдалана олмаяпти. Уларнинг иқтисоди бизникига боғланган, биз бўлмаганимизда иштонсиз юришарди. Вассалом. Ва биз бу ҳолат билан ҳеч нарса қила олмаймиз. Ҳозир эса бизда таклиф йўқ, деймиз. Бизда жуда кўп таклифлар бор.

Хинштейн: Сизнинг сўзларингизни тасдиқлаш учун Тожикистон бюджетининг 25 фоизи Россияга келган муҳожирлар ўтказмалари ҳисобидан шакллантирилади. Агар биз бирор нарса қилмасак, бу бизларга гап ўргатишингиз учун сабаб эмас. 

Кедми: Улар эса Россия иқтисодиёти уларнинг ишчиларисиз ҳеч нарса қилолмайди дейишади. Ўзбекистонда улар бунга шундай қарашади, сиз истагандек эмас. Бизнинг ишчиларимизсиз иқтисодингизни юритолмайсизсизлар, дейишади. Уларсиз иқтисодимизни ҳаракатга келтира оласизми?

Михеев: Биз қила оламиз!

Кедми: Исботланг!

Михеев: Нимани исботлашим керак? Биз буни олдин ҳам қила олардик ва ҳозир ҳам қила оламиз. Бу ишбилармон гуруҳларнинг манфаатлари масаласи, вассалом!

Кедми: Бу назарий савол.

Михеев: Амалий савол.

Кедми: Амалий тарафи – 5 миллион одам ишлаяпти, уларни олиб ташлангчи – уларнинг (мигрантлар) ўрнини ким эгаллайди?

Дастурда кўтарилган мигрантлар, қонуний ва ноқонуний миграция ва Марказий Осиё давлатларининг айримларига нисбатан ишлатилган фикрлар ўзбекларни ғашини келтириши аниқ. Бу биринчи ҳолат эмас, юқорида айтилганидек, Ўзбекистон ва ўзбекларга нисбатан россиялик ёзувчи, сиёсатшунос ва тарихчиларнинг бундай муносабатларни билдиришлари сўнгги икки йил ичида анча ошгани бу масалага жиддий қараш кераклигини кўрсатмоқда.

Россиялик тарихчи Михаил Смолин НТВ телеканалидаги жонли эфирда узатилаётган кўрсатувда инқилобгача ўзбеклар бўлмаган деган баёнот билан чиқиш қилгани ортидан тармоқларда кетаётган бахс ва мулохазалар совуб улгирмасидан, Михеевнинг “Уларнинг иқтисоди фақат бизникига боғланган”, дегани Марказий Осиё давлатларининг айримлари, ҳусусан Ўзбекистон ҳақида. “Биз бўлмаганимизда иштонсиз юришарди. Вассалом. Ва биз бу ҳолат билан ҳеч нарса қила олмаймиз”, қабилидаги фикрлари фуқаролар, тармоқ фаоллари, депутат ва собиқ депутатларнинг кескин муҳокама марказига айланди.


Аввал, Прилепин, кейин Смолин, энди эса Михеев. Булар ўзбекча айтганда “ҳаддидан ошди”. 

Прилепиннинг нутқи ортидан Россиянинг фавқулотда ва муҳтор элчиси ТИВга чақиртирилиб, у билан суҳбатлашилган эди. Смолин ва Михеевнинг айтганларига қандай муносабат бўлади? Россия томони ҳар жавобида “бу уларнинг шахсий қараш ва фикрлари” эканини таъкидламоқда ва бу Россия-Ўзбекистон муносабатларига таъсир этмаслиги, бунга сиёсий тус бермасликни сўраб келмоқда. Ижтимоий фаол фуқаролар эса тармоқларда, ҳозир индалмаса, булар яна нималарни ўйлаб топишади каби саволларни беришаяпти. Улар Михеевнинг фикрига яраша расмий жавоб кутмоқда.

Биз Ўзбекистон ватанпарварларининг кайфияти ва саволларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига маълум қиламиз ва жавоб кутиб қоламиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.