,

АҚШ Иорданиядаги базасига берилган зарбага жавобан, Ироқ ва Суриядаги 85 та объектга ҳужум қилди

Фото: EPA

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Сурия ва Ироқ бўйлаб авиазарбалар берилганини тасдиқлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ҳужум 85 дан ортиқ нишонларга қаратилган. Кўплаб самолётлар, шу жумладан, АҚШдан учиб чиққан узоқ масофали бомбардимончилар 125 та юқори аниқликдаги ўқ-дориларни отган, дейилади қўмондонликнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Президент Жо Байден жавоб ҳаракатлари давом этишини ваъда берди. Ироқ ўз ҳудудига берилган зарбаларни қоралади.

Таъкидланишича, зарбалар “Ал-Кудс” (Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг ҳарбий бўлинмаси) ва Эрон гуруҳлари жойлашган нуқталарга берилган. Қўмондонлик пунктлари, разведка марказлари, ракета ва учувчисиз учар қурилмалар омборлари, шунингдек, ўқ-дори етказиб бериш учун фойдаланилган объектлар нишонга айланган.

Жо Байден зарбалар унинг буйруғи билан берилганини маълум қилди. “Бизнинг жавобимиз бугун бошланди. У биз танлаган вақтда ва жойда давом этади”, — дейилади унинг баёнотида. Президент қайд этишича, АҚШ Яқин Шарқда ўзи низо қидиргани йўқ, бироқ америкаликларга зарар етказилишини жавобсиз қолдирмайди.

Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШнинг ҳаракатлари — “жавобимизнинг бошланиши” деб айтди. Унинг сўзларига кўра, Жо Байден бошқа ҳаракатлар ҳақида ҳам аллақачон буйруқ берган. “Бу биз танлаган вақтда ва жойда юз беради”, — дейилади мудофаа вазири баёнотида.

Ироқ қуролли кучлари АҚШнинг зарбаларини ўз суверенитетининг бузилиши деб атади. Армия фикрича, ҳужумлар “Ироқда ва минтақада хавфсизлик ва барқарорлик учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаради”.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига номаълум учувчисиз учар қурилма ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу Ғазо секторида уруш бошланганидан буён америкаликлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир.

Кейинроқ АҚШ ҳужумга жавоб кўрсатиш учун бир нечта вариантларни кўриб чиқаётгани маълум бўлди. Шунингдек, Пентагон раҳбари Иорданияга қилинган ҳужумга қарши жавоб бўлишини ваъда қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.