Пойтахт кўчаларида йўл белгилари, светофорлар ва “Яма”лар муаммоси қачон бартараф этилади

Фото: www.anhor.uz

Қишнинг совуқ кунлари аста секин чекиниб бораётган, баҳор фаслининг илиқ ва ёмғирли кунлари бошланаётган паллада шаҳар кўчаларида автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати сезиларли даражада ошади. Хўш, бунга пойтахт кўчаларидаги йўл белгилари ва светофорларнинг созлик даражаси қандай. Anhor.uz бироз муддат аввал ҳам ушбу мавзуга тўхталган эди, бироқ мутасаддиларнинг бунга ҳеч қандай жавоби бўлмади. Айрим кўчалардаги йўл белгиларининг абгор аҳволию, пиёдалар йўлакларининг тушунарсиз ифодаси яна диққатимиз марказида.

Ушбу мавзу яна диққатимиз марказига тушишига сабаб бўлган омиллар эса жуда кўп. Аввалги материалимиз билан мана бу ҳавола орқали танишишингиз мумкин. Барчанинг ёдида қолдган қаттиқ совуқлар ва қор қировли кунлар магистрал ва ички йўллар, йўл инфраструктура тузилмалари ва йўл белгиларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Кўчаларда пайдо бўлган чуқурлар нафақат автотранспортга, балки пиёдаларга ҳам азият чектирмоқда. Қор ва ёмғирлар эса йўлларнинг бузилган сатҳларини яққол кўрсатиб қўйди. Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларидаги магистрал ва ички йўлларга қаратилган камерамиз обективлари сизга ушбу тасвирларни тақдим этади.

Фото: www.anhor.uz

Фото: www.anhor.uz

Масалан, ушбу йўл белгисини олайлик, уни дарахт шохлари тўсиб қўйганлигини сизу биз кўриб турибмиз, мутасаддиларчи? Уларнинг парвоси фалак. Наҳотки давлат бюджети маблағидан ойлик оладиган, ушбу ҳудудга масъул бўлган идоралар ўз вазифаларига шу қадар бефарқлик билан қарасалар?

Фото: www.anhor.uz

Йўл белгиларику бир мавзу, йўлларнинг ўзидаги камчиликлар яна бир бошқа мавзу, иккисининг ҳам назорати эса йўлга масъул бўлган ташкилотлар зиммасида. Агар уларнинг ёдидан кўтарилган бўлса, ёдларига солиб ўтмоқни жоиз билдик.

Фото: www.anhor.uz

Фото: www.anhor.uz

Шаҳарда ҳар қадамда қурилиш ва бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари авжида. Ушбу бунёдкорликлар инфратузилмаларга зиён етказилмаган ҳолда амалга оширилганида нур устига аъло бўлар эди. Фотосуратлар ва видеотасвирларда кўриб турганингиз Мирзо Улуғбек тумани, Ниёзбек йўли тор кўчаси, Тошкент молия институти бошланган жойдан то Ҳамид Олимжон метро бекатигача бўлган узун масофани ўз ичига олади. Бу ердаги йўлдан юраётган автомобилларни қўя туринг, пиёдалар ҳам ички йўллар ёмонлиги, машина ҳаракати натижасида ҳавога кўтарилдаётган чангдан азият чекмоқда.

Катта, кенг ва равон марказий кўчалар бўйлаб ҳаракатланаётган авто уловлар эгаларига доимо йўл белгиларининг кўриниб туриши ва созлиги муҳим аҳамият касб этади. Мобода, бирор корҳол бўлгудек бўлса, унда ким айбдор бўлишини тасаввур қиляпсизми? Агар йўл белгилари соз бўлсаку, ҳайдовчи ўз бўйнига олишга мажбур… Бўлмасачи? Бундай холатлар бўлмасин деймиз. Тасвирга тушириш ишлари давомида бир ҳайдовчига мурожаат қилдик, ўзини тасвирда кўрсатишни истамаган автотранспорт воситаси бошқарувчисининг фикрларига эътибор қаратамиз.

“Мен шаҳардан сал четроқда яшайман, лекин, оила, тирикчилик ташқишлари билан, автомобилимни миниб шаҳарга ишлаш учун келаман. Яхши кайфият билан уйдан чиқасиз, 1-2 км. юриб машинангиз гоҳ у, гоҳ бу “Яма”га тушса, жонингиз ачишади. Чунки, шу орқали оила тебратаманда. Йўловчилар ҳам сал эътиборлироқ ҳайдасангиз бўлмайдими, дегандаги аҳволимни тасаввур қилинг. Ҳудди бу чуқурларни мен атайин ковлаб қўйганману, яна унга тушяпман. Биридан қочиб, иккинчи чуқурчаларга тушади машина. Йўл белгиларию, светофорларнинг ҳолатинику гапирмасам ҳам бўлади. Қайси белги қачон, қаерда ўрнатилгани эсимиздан ҳам чиқиб кетган. Ҳаракатланиб кетаётиб дарахт шохлари орасида “Мен шу ердаман” деган оҳангда кўриниш бериб қолишмаса, кўрмай ҳам ўтиб кетаверамиз. Мутассаддиларимиз буларга ҳам этибор бериб қолишар.”

Anhor.uz масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига Ахборот сўрови юборди. Сўровга фақатгина Ободонлаштириш бошқармасидан тўлиқ бўлмаган қуйидаги жавобни олдик (жавоб матни фотосуратда), Тошкент шаҳар ҳокимлиги сўровга лом-мим ҳам демади.

Фото: Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ахборот сўровимизга юборган жавоб хати.

Йўл белгиларини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларда, маълум даражадаги йўл белги ва светофорлари, қатнов қисмининг 150-100 метр масофасидан кўзга ташланиши белгиланган. Бироқ, айрим йўл белгилари 30-40 метр масофадангина кўзга ташланади. Қачон ўзгариш бўлади, қачон йўл белгилари соз, светофорлар доимий иш фаолиятида бўлса. Бироқ бу муаммо ечими мутасаддилар қўлида. Ҳозирча улар бефарқга ўхшамоқда.

Фото ва видео репортажимиздан сўнг ушбу ишларга масъул бўлган мутасадди ташкилотлардан жавоб кутиб қоламиз.

Anhor.uz интернет нашри таҳририяти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.