Шубҳали инновация
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги 2021 йил декабрида (ўша пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги эди) Хасан Арипов бошчилигидаги оилавий корхона лойиҳасини инновацион деб топиб, 911 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратган эди.
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги оилавий корхона томонидан ишлаб чиқилган “Маҳаллий вино ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини халқаро бозорга чиқариш учун брендли идиш ишлаб чиқариш” лойиҳаси миллий услубда керамик идишни ишлаб чиқариш орқали ўзбекистонлик вино ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорга чиқаришни кўзда тутади.
2022 йил декабрда якунланиши керак бўлган лойиҳа фақат 2023 йил апрель ойида иш бошлай олди, беш ойга кечикди. Кечикиш сабаби – Ўртачирчиқ туманида электр энергияси ва табиий газ билан таъминотдаги узилишлар эди. 2022 йил ноябридан электр таъминотида тез-тез узилишлар содир бўлиб, қиш мавсумида табиий газ батамом узилди ва 2023 йил апрелигача берилмади.
Италия, Испания, Франция, Австралия ва Чили дунёнинг етакчи 5 та вино экспорт қилувчи мамлакатлари сирасига киради, улар жаҳонда ишлаб чиқариладиган виноларнинг 24 фоизини экспорт қилади. Уларга янги вино ишлаб чиқарувчи давлатлар ҳам қўшилмоқда.
Жаҳон вино бозорига кириб бориш учун энг аввало вино сифати, шунингдек идиш сифати муҳим. Шунинг учун Фарғона водийсида француз усталари билан қўшма корхона ташкил этган вино ишлаб чиқарувчилар Ариповнинг оилавий корхонаси билан шартнома тузишни таклиф қилишди. Шартнома доирасида 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6 минг дона керамик идиш ишлаб чиқарилган бўлиб, 2023 йил охиригача 30 минг дона керамик идиш ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Интервью давомида Иброҳим Абдураҳмонов лойиҳалар танлови илмий-техник кенгашлар (ИТК) томонидан ўтказилишини айтган. 2021 йил декабрь ҳолатига ИТКлар томонидан турли йўналишлардаги (фундаментал, амалий, инновацион) лойиҳалар танловининг 56 таси ўтказилган. Аммо, Anhor.uz мазкур стартапни текшириб, Иброҳим Абдураҳмонов томонидан айтилганларга тўғри келмаслигини аниқлади .
Агар терминологияга қатъий ёндашадиган бўлсак, инновация – илгари мавжуд бўлмаган маҳсулот ёки технологиядир. Шундай қилиб, вино учун керамик идишга нисбатан “инновация” деган термин шубҳа туғдиради. Буни халқаро бозорда миллий нақшларга эга керамик идишларда кўплаб вино ва бальзамлар мавжудлиги тасдиқлайди.
Шундай экан, ушбу лойиҳани «инновацион» деб баҳолаган эксперт комиссияси мутахассисларининг иши ҳақида савол туғилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги 2019-2022 йилларда 122 та стартапни молиялаштирган, уларнинг барчаси ишлаб чиқариш босқичида бўлган. Жами 94 миллиард сўм ажратилиб, тахминан 1135 иш ўрни яратилган. Секторлар кесимида: 32 та стартап қишлоқ хўжалигига, 25 таси IT соҳасига, 13 таси энергетика ва транспортга ва қолганлари бошқа секторларга тегишли.
Бизнес лойиҳаларини “инновация” деб молиялаштириш мамлакат учун қанчалик зарарли эканлигини баҳолаш учун Жаҳон банки гуруҳи томонидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги кичик, ўрта ва йирик корхоналар ўртасида ўтказилган сўров натижалари билан танишишни таклиф этамиз. Ўзбекистон корхоналарининг инновацион фаоллиги бошқа ривожланаётган мамлакатларга нисбатан паст эканлиги аниқланган. Масалан, даромади ўртачадан паст ривожланаётган мамлакатларда фирмаларнинг 36 фоизи инновацион маҳсулотлар, 35 фоизи жараён инновацияларини жорий этган. Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида бу кўрсаткичлар мос равишда 29 фоиз ва 20 фоизни ташкил этган. Ҳозирча, қўшимча қилишга ҳожат йўқ.
P.S. Республиканинг қишлоқ ҳудудларида технологик лойиҳалар учун барқарор ва ишончли энергия базаси мавжуд эмас, шунинг учун қишлоқ жойларида замонавий технологик ишлаб чиқариш, юқори механизациялашган қишлоқ хўжалиги, замонавий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳақида гапириш қийин, чунки электр ва газ таъминоти етарли эмас. Августнинг охирги ўн кунлиги бошланган бўлса-да, пойтахтдаги АГТКС (автомобилга газ тўлдириш компрессор станциялари) ҳатто соат 20:00 да ўз лимитларини тугатиб, ёпилади. Айрим вилоятларда эса соат 14:00 даёқ ёпилмоқда.
Шарҳлар