Тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг контрабандасига қарши курашишда амалдаги қонун қандай ишламоқда
Жорий йилнинг 26 август санасидан кучга кирган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун ижроси ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган соҳа ва тармоқларда қандай ижрога қаратилмоқда? Янги қонуннинг долзарблиги тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турлари ва шаклларининг пайдо бўлиши, уларнинг жамоат жойларида, шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида истеъмол қилинишини чеклаш зарурлигини, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқарилиши, айланиши, сотилиши ва яширин йўллар орқали кириб келишини назорат қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Қонун фуқаролар, жумладан, болалар ва ўсмирлар соғлиғини асрашга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади. Бу нимани англатади?
Ушбу Қонуннинг мақсади алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб:
Биринчидан, фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, бу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш учун ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Иккинчидан, ушбу қонуннинг 2-боб, 6-моддасига кўра, Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилиш мақсадида давлат, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини белгилайди, шунингдек уларга риоя этилишини таъминлаш кўзда тутилган. Эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ва реализация қилинишини тартибга солади, шунингдек таркибида инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддалар миқдори йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ошадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларнинг импорт қилинишига тақиқ ўрнатади;
жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишига, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланилишига тақиқ ўрнатади;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга ва ушбу шахслар томонидан реализация қилинишига, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига уларни жалб этишга тақиқ ўрнатади. Бундан кўриниб турибдики, ҳам ёшга доир, ҳам саломатликга оид қатор банд ва қоидаларни янги, амалдаги қонун ўзида ифода этмоқда. Бироқ, ҳали хануз ушбу йўналишда қатъий амалга оширилиши лозим бўлган ишлар суст бажарилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.
Буни эса, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан кун ора катта миқдорда ноқонуний тамаки маҳсулотлари қўлга олинди, ёқиб юборилди каби хабарларидан ҳам англаш мумкин.
Нашримизнинг, Божхона қўмитасига ахборот олиш мақсадида юборган сўровига берилган жавобга аҳамият қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида “256 та ҳолатда 77,9 млрд сўмлик 5 млн қути тамаки маҳсулотлари ҳамда 236 та ҳолатда 7,7 млрд сўмлик 129 минг литр спирт ва алкоголли маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси фош этилган”, – дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.
Амалдаги қонуннинг 8-моддасида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар” аниқ кўрсатиб ўтилган.
Унга кўра;
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи (бундан буён матнда Ваколатли давлат органи деб юритилади);
солиқ органлари;
божхона органлари;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган давлат органлари ҳамда ташкилотлар алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятда қонунчиликка мувофиқ иштирок этиши ҳам белгиланган бўлиб, уларга қатор вазифа ва ваколатлар юклатилган. Anhor.uz интернет-нашри юқоридаги ваколатли органлар фаолияти, ушбу қонун ижроси, амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига “Ахборот сўров”ларини юборди.
Белгиланган муддатда Ички ишлар вазирлиги ушбу ахборот сўровига қуйидагича жавоб йўллади.
“Ўзбекистон Республикаси “Алкоголь ва тамаки махсулотларининг таркатилишини хамда истеъмол килинишини чеклаш тугрисида”ги Конунининг 16-моддасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг алкоголь ва тамаки махсулотларининг тарқатилиши хамда истеъмол қилинишини чеклаш сохасида бир қанча ваколатлари берилган бўлиб, ички ишлар органлари тезкор хизмат ходимлари билан хамкорликда тегишли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда”, – дейди Ички ишлар вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов.
Жумладан, бу борада Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Хуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бўлинмалари томонидан жойларда “Наркалогик касалликлар ва тамаки истеъмолининг аянчли оқибатлари хақида” 5 412 маротаба тарғибот-ташвиқот ишларини;
Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилган шахсларга нисбата МЖтКнинг 561-моддасига асосан 175 755 та маъмурий баённомалар расмийлаштириш ҳолатлари;
Шунингдек иш жойлари, кўчалар, спорт майдонлари, хиёбонлар, истирохат боғлари ҳамда жамоат транспортининг барча турлари ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган шахсларга нисбатан МЖтКнинг 187-моддасига асосан 250 646 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилганлигини билдириб ўтган.
Бироқ, нашримиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборган “Ахборот сўров”лари жавобсиз қолмоқда.
Истеъмолчи учун контрабанда маҳсулотларни харид қилишдаги асосий омил бу нархларнинг арзонлиги ҳисобланади. Солиқ ва бошқа тўловлардан халос бўлиш ҳисобига контрабанда сигарет сотувчилари кўп ҳолларда расмий ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар томонидан ҳар бир қути учун тўланадиган солиқ ва йиғимлар миқдорига тенг келадиган чакана нархларни “белгилайди”. Агар жамоатчилик назорати кучайтирилса, назорат қилувчи органларнинг қонун доирасидаги фаолияти кучайтирилса, бозорлар ва савдо шохобчаларида контрабанда, контрафакт маҳсулотларга ўрин қолмас эди.
Шу билан бирга, Anhor.uz маълумотларига кўра, контрабанда сигареталарни сотувчилар Тошкент бозорлари ҳудудида ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида жиноий бизнесларини давом эттираётганлигини билиб олиш қийин эмас. Нашримиз бу борада нафақат Тошкентда, балки, бошқа вилоятларда ҳам ўз суриштирувларига оида қатор материалларни нашр қилиб боришда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра, тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
➖БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда (66 млн сўмдан 132 млн сўмгача) жарима;
➖3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
➖2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
➖5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
✅ Шунингдек, мазкур ҳаракатлар қуйидаги ҳолатда содир этилган бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади:
🔹жуда кўп миқдорда;
🔹уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб.
Огоҳ бўлинг, Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди…
Бобур Каримов
Шарҳлар