Янги қонун сигареталар контрабандасига зарба берадими?

Контрабандные сигареты
Фото: Anhor.uz

2023 йил август ойида Ўзбекистонда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Янги қонуннинг долзарблиги тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турлари ва шаклларининг пайдо бўлиши, уларнинг жамоат жойларида, шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида истеъмол қилинишини чеклаш зарурати, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, айланиши ва сотилишини назорат қилиш билан белгиланади. Қонун фуқаролар, жумладан, болалар ва ўсмирлар соғлиғини асрашга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади.

Янги қонунга кўра Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилишини чеклаш бўйича фаолиятни ИИВ, солиқ, божхона органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, Техник тартибга солиш агентлиги, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришини тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

Anhor.uz бир неча бор бозор ҳудудларида контрабанда сигареталар сотилиши, шунингдек, Ўзбекистон кўчаларида ноқонуний сигарета савдоси масаласини кўтариб чиққан эди. 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида божхона органлари томонидан тахминан 74 млрд сўмлик 4 млн 686 минг қути контрабанда сигарета мусодара қилинган. 2022 йилда 1 млн 619 минг қути, 20 млрд сўмлик сигаретлар аниқланган ва мусодара қилинган. Мусодара қилинган контрабанда маҳсулот ҳажмининг икки баравардан кўпроқ ортиши бир томондан божхона хизмати, солиқ органлари ва ИИВнинг самарали ишлаётганидан далолат берса, иккинчи томондан, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда контрабанда сигареталар савдосининг ўсиб бораётганини кўрсатади. Мутахассислар фикрича, бу тасодифий эмас, чунки айнан 2021 йилда қонуний ва ноқонуний таклифларнинг чакана нархлари ўртасидаги тафовут сезиларли даражада ўсди ва истеъмолчи контрабанда маҳсулотлар фойдасига танлов қила бошлади.

“Фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозоридаги ерости айланиш ҳажми, оқибатлари, сабаблари, қисқартириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар” мавзусидаги таҳлилий ҳисоботга кўра, сигарета бозорида мунтазам равишда репрезентатив  ижтимоий тадқиқотлар ўтказиб турилади, улар 2016 йилдан бошлаб қонуний бўлмаган сигаретлар улуши изчил ва тез суръатларда ўсаётганини кўрсатмоқда. Агар 2020 йил сентябрида умумий бозор ҳажмининг 4,3 фоизини ташкил этган бўлса, 2022 йил июлида 14,9 фоизга, 2023 йил июлида эса 24,8 фоизга етди. Бунда, ноқонуний айланма деярли бутунлай контрабанда маҳсулотларидан иборат.

Ўзбекистонда сотилаётган кўпчилик фильтрли контрабанда сигареталар Дубайда (БАА) ишлаб чиқарилган. Жорж Мейсон университети (АҚШ) ҳузуридаги Террорчилик, халқаро жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш марказининг маълумотларига кўра, Дубайдаги (энг машҳури “Жебел Али”) эркин савдо ҳудудлари дунёдаги контрабанда савдонинг, шу жумладан, фильтрли сигареталарнинг энг катта маркази ҳисобланади. Экспертнинг ҳисоб-китобларига кўра, Дубайдаги ноқонуний сигарет ишлаб чиқарувчиларнинг умумий қуввати йилига 200 млрддан ортиқ дона сигаретни ташкил этади. Солиқ ставкаларининг минимал даражада эканлиги, мажбурий ҳисобдорликнинг деярли йўқлиги, қулай географик жойлашув (Дубай дунёдаги энг йирик портлардан бири) ва самарали етказиб бериш тармоғи туфайли Дубайдан келтирилган ноқонуний сигареталар Буюк Британиядан Австралиягача бўлган мамлакатларда қўлга олинади. Қонунга хилоф тамаки маҳсулотлари асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон ва Қирғизистондан, шунингдек бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга келтирилади. Энг кўп контрабанда сигареталар Тошкент, Наманган, Фарғона, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида мусодара қилинади. Мусодара қилинган сигареталарнинг асосий қисми Milano, Esse, Mond, Cavallo, Parlament, Heets ва Marlboro каби брендлардан иборат.

Истеъмолчи учун контрабанда маҳсулотларни харид қилишдаги асосий омил нарх ҳисобланади. Солиқ ва бошқа тўловлардан халос бўлиш ҳисобига контрабанда сигарет сотувчилари кўп ҳолларда расмий ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар томонидан ҳар бир қути учун тўланадиган солиқ ва йиғимлар миқдорига тенг келадиган чакана нархларни “белгилайди”. Шундай қилиб, oxиргилар қонунга хилоф ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар билан нарх жиҳатдан рақобатлаша oлмайди. Anhor.uz нашри 30 нафар чекувчилар орасида “Агар сигаретлар қонунга xилоф эканини била туриб, нархи 30-40% арзонроқ бўлса, сотиб оласизми?” деган ягона савол билан сўров ўтказди. Сўровда иштирок этганларнинг ҳаммаси арзонроқ сигареталарни афзал кўрди. Шубҳасиз, бу сўров социологик тадқиқот даражасида эмас, аммо натижа яққол.

Расмий сигаретларнинг чакана нархини оширишдаги асосий омил акциз солиғи ставкасининг ўсиши ҳисобланади. Сўнгги етти йилда Ўзбекистонда 1000 дона сигарета учун акциз солиғи ставкаси деярли 800% га ошди: 2016 йил январда 28,8 минг сўмдан 2023 йил февралда 255 минг сўмгача.

Акциз солиғи ҚҚС каби бевосита солиқларга киради, яъни охири охирида бундай солиқларни истеъмолчилар тўлайди. Шунинг учун акциз солиғи ставкасининг ошиши сигаретларнинг чакана нархлари ўсишига олиб келди. Масалан, 2016 йилда Ўзбекистондаги ўртача сигарета қутиси нархи 2,5 – 3 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 минг сўмгача етди. Қонунга хилоф сигарета қутисининг чакана нархи oxирги уч-тўрт йилда ўзгармас қолмоқда: 8 – 9 минг сўм. Контрабандачилар ушбу нархни анча узоқ вақт давомида сақлаб туришлари мумкин.

Агар 1 минг сўм фарқи контрабанда сигареталар сотиш ҳажмининг кенг кўламда ўсиши учун етарли бўлмаган бўлса, 4 – 5 минг сўм фарқи энди қонунга хилоф тамаки маҳсулотларига бўлган талабни сезиларли даражада ошириш учун тўла етарли.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда расмий ва норасмий тамаки маҳсулотларининг чакана нархлари нисбати 1,7 – 1,9 ни ташкил этади. Масалан, 2019 йилда Малайзияда чакана нархлардаги 2,7 баравар фарқ қонунга хилоф бозор улушини 66 фоизгача ошириб юборди. Бу акциз солиғи ставкаларини ошириш натижаси бўлди. Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, “қайтариб бўлмас нуқта” расмий ва норасмий сигареталарнинг чакана нархлари нисбати 1:2га етганда содир бўлади ва Ўзбекистон ана шу рақамларга жуда яқин.

Тамаки маҳсулотларига солинадиган акциз солиғи тамаки истеъмолини қисқартиришнинг самарали усули ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маърузага кўра, “тамаки маҳсулотларига солинадиган акциз солиқлари аҳоли соғлиғини ҳимоя қилишнинг кучли воситаси бўлиб, шу билан бирга давлат даромадларининг самарали манбаи ҳисобланади”. Тамаки маҳсулотлари спиртли ичимликлар ва инсон соғлиғи ёки атроф-муҳитга зарар етказадиган бошқа маҳсулотлар каби зарарли маҳсулотларга нисбатан акциз солиғи қўлланилиши лозим, чунки бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва сотувчилар етиштирган зарарни қоплашлари керак. Аммо коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатларда акцизли товарларга солинадиган солиққа ёндашиш эҳтиёткор бўлиши керак, токи жуда юқори ставкалар контрабандачиликни кучайтириб юбормасин ва параллел равишда расмий ишлаб чиқаришни қисқартириб, бюджет тушумларини камайтириб юбормасин.

Шу билан бирга, Anhor.uz маълумотларига кўра, контрабанда сигареталарни сотувчилар Тошкент бозорлари ҳудудида ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида жиноий бизнесларини давом эттирмоқда.

Лола Исламова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.