Тарғиботга совурилган бюджет миллионлари
2020-2021 йилларда республика бўйича бюджет ташкилотлари томонидан баннерлар тайёрлаш ва ўрнатишга 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ (12,1 миллиард сўм) маблағ сарфланган. Давлат харидлари маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқда. Республикадаги жами байроқлар сонининг ҳар тўртинчиси Дўстлик ва Денов туманларига тўғри келмоқда, уларнинг ҳудуди биргаликда 1,2 минг км2 ни ташкил қилади, аҳолиси эса 0,5 миллионга ҳам етмайди.
Сурхондарё вилояти баннерлар харид қилиш бўйича етакчи бўлиб, ўтган йиллар давомида 10 миллиард сўмга баннер харид қилинган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тендерлардан бири 3 миллиард сўмга тузилган – Денов туман халқ таълими бўлими умумий майдони 60 минг метр квадрат бўлган баннерларга буюртма берган. Лот тавсифида баннерлар туман мактабларида ўрнатилиши ҳамда сифатли, белгиланган ўлчамда бўлиши ва белгиланган муддатларда ўрнатилиши шартлиги кўрсатилган.
«Бунёдкор» стадионининг иккита майдони
Бошқа бир тендер бўйича 1 млрд сўмдан ортиқ маблағга турли ўлчамдаги (ўлчов бирлиги устунида - 15 минг метр квадрат кўрсатилган) баннерлар харид қилинган. Агар таққосласак, бундай майдонга Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионининг иккита майдони сиғади.
Дастлабки ва якуний нарх ўртасидаги фарқ биринчи ҳолатда 1020 барақарни, иккинчи ҳолатда эса - 3250 бараварни ташкил қилган.
Баннерларнинг давлат харидлари объектларининг ўлчов бирликлари фарқ қилади. Бу давлат харидлари порталида лотларни тўлдиришда стандартлаштириш йўқлигидан далолат беради.
Баннерларнинг мазмунини таҳлил қилишнинг иложи йўқ, чунки кўп ҳолларда лотнинг батафсил тавсифида фақат "баннер тайёрлаш", энг яхши ҳолатда эса, баннернинг ўлчами, у қандай материалдан тайёрланиши кераклиги кўрсатилади. Бироқ, ҳамма лотларда ҳам баннерлар тайёрланиши керак бўлган материалнинг аниқ номи кўрсатилмаган.
Ўзбекистон президентининг нутқидан олинган иқтибослар акс эттирилган баннерларни тайёрлашга 63,5 миллион сўм сарфланганди. Шунингдек, бошқармалар томонидан “Спортчилар – фахримиз” (спортчиларнинг фотосуратлари билан), “Спорт ва соғлом оила – саломатлик ва соғлом жамият асоси” шиорлари ёзилган баннерлар ҳамда Янги йил байрамига бағишланган баннерлар харид қилинган.
Шу билан бирга, ушбу лотлар бўйича dxarid.uzex.uz порталида маълумотлар йўқлиги боис бу буюртмаларни қайси компаниялар олганлигини таҳлил қилишнинг иложи бўлмади.
Мафкуравий баннерлар узоқ вақтдан бери тижорий манфаат объектига айланган, деб ёзганди Kun.uz нашри 2020 йилда. Нашр маълумотларига кўра, маълум шахслар бундан пул ишлаб олишдан манфаатдор. Баннерлар ихтисослашган фирмалар ва босмахоналар томонидан тайёрланади.
Босмахоналардан бирининг собиқ ходимининг сўзларига кўра, корхона ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилишни таклиф қилиб, ташкилотларга расмий хат йўллайди. Масалан, ташкилотларга коррупция ва терроризмга қарши ташвиқот материаллари таклиф қилиниши мумкин. Агар таклиф этилаётган баннерларнинг мавзулари юқори турувчи органларни, масалан, вазирликни қизиқтирса, улар бу баннерларни сотиб олишлари мумкин. Кейин юқори орган тизимнинг қуйи органларига расмий хат тайёрлайди, унда барча баннерлар рўйхати келтирилади. Бу хат фирма учун ўз маҳсулотини қуйи ташкилотларда илгари суришга асос бўлиб хизмат қилади. Фирма ходимлари тизим ташкилотларига «тавсиявий» характердаги фикр билдирилган расмий хатни юборади.
“Давлат ташкилотларининг раҳбарлари баннерларни сотиб олишдан бош тортиши мумкин. Фирма ҳам бунга тайёр туради. Бундай ҳолда, улар юқори органга хат юбориб, қуйи ташкилот баннерни харид қилишни рад этгани ҳақида хабардор қилишларини айтади, натижада ташкилот, табиийки, юқорида тилга олинган баннерларни сотиб олишга мажбур бўлади", - дейди манба.
Фотосураткаш Умида Аҳмедова 2020 йилда Тошкентда SNAP (Кўргазмали тарғибот ва ташвиқот воситалари) фотокўргазмасини ўтказди. Унинг сўзларига кўра, у ҳукумат механизмлари совет давридаги каби жамият онгини назорат қилишига урғу бериш учун шиорлар фонида суратларга тушган.
Аввалроқ Ўзбекистонда мактаблар етарли эмаслиги ҳақида ёзгандик. Республика мактабларида ўқиш ўринлари кам, болаларнинг сони бу мактаблар қабул қила оладиган ҳажмдан анча кўп. 2021 йилда Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 миллион) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 миллион) сезиларли даражада ошган. Мактабларнинг тўлиб кетганлиги таълим сифатига ҳам таъсир кўрсатади. 12 миллиард сўмга тахминан 700 нафар ўқувчига мўлжалланган битта мактаб қуриш мумкин эди.
Дана Опарина
Шарҳлар