Тошкент мактабларида болалар нималарни истеъмол қилмоқда

Столовая в школе №56. Фото: Мила Аксёнова

Ўзбекистондаги давлат умумий таълим мактабларида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мактаб муассасаларида сотилиши тақиқланган ёки тавсия этилмаган маҳсулотлар рўйхатига киритилган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади. Anhor.uz таҳририяти томонидан Тошкент шаҳри ва қатор вилоятлардаги айрим мактабларда ота-оналар ўртасида ўтказилган сўров ва шахсий текширув натижаси ана шуларни кўрсатди.

Ўзбекистон президенти 2021 йилда “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган бўлиб, унда, хусусан қуйидагилар белгиланган:

“Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида икки ой муддатда 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб мазкур соҳа билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган янгиланган овқатланиш тартиби ва талаблари тасдиқлансин ва амалиётга жорий этилсин. Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар ҳудудида болалар саломатлигига зарар етказувчи ва уларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга чекловлар белгилансин”.

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори доирасида 2022 йилда Тошкент шаҳридаги мактаб ошхоналарида берилиши мумкин бўлмаган тақиқланган маҳсулотлар рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхатга шакар, ёғ ва туз миқдори юқори бўлган овқатлар киритилди. Уларга қуйидаги маҳсулотлар киради:

  • гўшт, майонез, кетчуп ва сабзавот қўшилган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар);
  • сунъий ароматизаторлар ва бўёвчи моддалар қўшилган қандолат маҳсулотлари;
  • сунъий консервантлар қўшилган «кириешка»лар, «хрустяшка»лар ва чипслар , қурт, писта, уйда тайёрланган конфетлар;
  • рангли ва рангсиз газланган ичимликлар;
  • ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ ва парранда гўшти.

Anhor.uz таҳририятига Тошкент шаҳрида тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган ўрта мактаб ўқувчиларининг ота-оналари томонидан мурожаат келиб тушди. 2022 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактаб ошхоналарида сотилмаслиги керак бўлган тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини эълон қилганди.

Таҳририят журналистлари пойтахтдаги бир қанча мактабларда бўлди, хусусан 56, 83, 233, 185, 79, 305. Шикоят тушган мактабда тақиқланган маҳсулотлар топилмади.

233-сонли мактаб ошхонаси

305-сонли мактаб

Миробод туманидаги 83-сонли мактабда тақиқланган маҳсулотлардан газланган бўялган ичимликлар ва “кириешка”лар бор эди.

83-сонли мактаб

83-сонли мактаб ошхонасининг совутгичи

Олмазор туманидаги 185-мактаб ва Чилонзор туманидаги 79-мактаб маъмурияти ошхоналарни кўрсатишдан бош тортди. Бироқ журналистлар мактаб ёнида турган ота-оналар ва уларнинг фарзандлари билан суҳбатлашди ва бу мактабларда хот-дог ва пицца каби майонез ва кетчуп қўшилган маҳсулотлар сотилаётганини аниқлади. Таҳририят сўровига йўлланган СЭСнинг расмий жавобида таъкидланишича, умумтаълим мактабларида Санитария қоидалари ва меъёрларининг 13.4-бандига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини ҳар куни текшириш бўйича комиссия тузилади, унинг таркибига камида уч киши киритилиши керак: тиббиёт ходими, ошхона ходими ва таълим муассасасининг вакили.

79-сонли мактаб директори A.Ҳамраева туман мактаб ва мактабгача таълим бўлимига бир неча бор қўнғироқ қилган, сўнгра бўлим ушбу мактаб ошхонасини бориб кўришни тақиқлаганини айтган. Фарзандлари шу мактабда таҳсил олаётган ота-оналарнинг айтишича, ошхонада болаларга тақиқланган овқатлар рўйхатига киритилган маҳсулотлар сотилади, шунингдек заҳарланиш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Олмазор туманидаги 185-мактаб вакили С.Хошимова ОАВ ишига аралашибгина қолмай, Facebook ижтимоий тармоғида суҳбат чоғида ҳозир бўлмаган шахснинг профили орқали пост эълон қилган, у журналистларнинг шахсини тасдиқловчи бейжлари бўлишига қарамай, журналистлар ўзларини таништирмагани ва оммавий ахборот воситаларига алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмагани ҳақида ёзган.

Шунингдек, СЭС 2022-2023 ўқув йилида мактаб ошхоналарида заҳарланиш ҳолатлари бўлмаганини ҳам таъкидлади.

Мактабларда ошхоналарни танлаш жараёни шаффоф эмас, бу жараённи жамоатчилик назорат қилмайди. Масалан, директорнинг айтишича, Сергели туманидаги 305-мактаб ошхонаси хусусий корхонага ижарага берилган бўлиб, овқат сифатини шахсан директор текширади. Давлат харидлари веб-сайтида мактабларнинг овқатланиш корхоналари учун ўтказадиган тендерлари ҳақида маълумот берилмаган.

Умуман олганда, мактаб ошхоналарида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақиқланган маҳсулотларнинг сотилиши ўқувчиларнинг саломатлиги ва билим олишига салбий таъсир кўрсатиши, таълим муассасаси учун салбий оқибатларга олиб келиши, шунингдек, қонун бузилишига олиб келиши мумкин.

“Таркибида қўшимчалар, консервантлар ва сунъий компонентлар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу зарарли компонентлар турли соғлиқ муаммоларини, жумладан, семириш, юрак-қон томир касалликлари, аллергик реакциялар ва бошқа сурункали касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин”, — дейди парҳезшунос Антоний Мальков.

Бундай озиқ-овқатлар маҳсулотлари мувозанатлаштирилмаган бўлиши, уларнинг таркибида витаминлар, минераллар ва озуқа толалари каби муҳим озиқ моддалар бўлмаслиги мумкин. Бу болаларда озиқ моддалар етишмовчилигини келтириб чиқариши ва уларнинг жисмоний ривожланиши, ўсиши ва умумий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўров.

Anhor.uz таҳририяти жорий йилнинг 26 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига таҳририят сўровини (хат сурати) йўллаган бўлиб, унга материал тайёрланган санага, яъни 10 октябрга қадар жавоб олинмаган.

Мила Аксёнова

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.