Тошкент ҳокимлигига савол: ҳукуматдан кучли зўравон ўзи ким экан?
Anhor.uz эълон қилган материалдан сўнг фақат Анҳор канали бўйидаги “Mahmood kabob” ўз фаолиятини тўхтатди.
Anhor.uz Минор масжиди рўпарасидаги халқ орасида “Анҳор канали” деб аталувчи канал ёқасида сув заҳиралари ҳудудига ноқонуний қурилган кафе ва ресторанлар мавзусида таҳлилий материал ва видео лавҳани тайёрлаган эди.
Ушбу материалдан сўнг ҳудудда амалга оширилган ишларни ўрганиш ва ўзгаришларни кўриш мақсадида журналистлар ушбу ҳудудда бўлишди.
Ҳукумат томонидан “Дарёлар, сойлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, сув хўжалиги объектлари ҳамда бошқа барча сув манбаларини саноат, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа объектларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида” катор қарорлар, қонун ости ҳужжатлари қабул қилинган бўлишига қарамасдан, айрим “тадбиркорлар” томонидан фуқароларнинг ҳордиқ чиқариш, саёхат қилиш ва айланиб юриш имкониятлари тортиб олинган. Сабаб эса, Анҳор канали ёқасига қурилган умумий овқатланиш жойлари, кафе ва ресторанлар.
Anhor.uz қатор ташкилоятларга ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча бор Ахборот олиш сўровномаларини юборган ва уларга қуйидагича жавобларни олган.
Биринчидан, кафе ва ресторанлар қурилиши Санитария эпидемиология осойишталиги маркази билан келишилмаган экан.
Иккинчидан, Вазирлар маҳкамасининг 2019 йилдаги 981 қарорига мувофиқ, Анхор канали каби сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зонасининг кенглиги камида 35-50 метр бўлиши даркор. (https://lex.uz/docs/4640429).
Юнусобод тумани, Бузсув канали ёнида, “ANHOR CRUISE” МЧЖ томонидан канал буйлаб дам олувчилар учун тез овқатланиш (фаст-фуд) ва кафе шахобчаси ташкил этиш буйича Тошкент шахар экология ва атроф-мухитни мухофаза килиш бошқармаси 2022 йил 31 августда №01-01704-1659 сонли давлат экологик экспертизасининг салбий хулосаси берилган.
Демак, бу ерда ҳукумат қарорини, иккита давлат бошқаруви органларининг талабларини оёқ ости қилган тадбиркорлар хотиржамгина ўз фаолиятларини олиб боришмоқда.
Юқоридаги ўрганишлар натижасида, юқоридаги ҳудудда фаолият олиб бораётган умумий овқатланиш шаҳобчаларидан бири “Mahmood kabob” ўз фаолиятини тўхтатди. Бироқ, “Anhor Cruise” МЧЖга қарашли “Супер Плов”, “Minor osh”, “China shashlik” кафе ва ресторанлар ҳали ҳам бемалол ишламоқда.
Навбатдаги сўровномаларимизга келган жавобларга аҳамият қаратадиган бўлсак, Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси Бошқарма ваколати доирасида огоҳлантириш хатларини тақдим этганлигини ва қирғоқбўйи минтақа чегарасида жойлашган ноқонуний қурилмаларни бартараф этишни талаб қилганлигини билдирган. Лекин, ўзгариш ханузгача йўқ.
Бу вазият мантиқан битта ниҳоят жиддий савол туғдиради: давлатда кимнинг сояси ҳукуматдан кучли эканки, унинг соясида ноқонуний фаолият олиб бораётган “тадбиркорлар” ўзларини бемалол хис этмоқда.
Ишончимиз комилки, шаҳримиз ҳокимияти жамоатчиликка буни ОАВ ахборот сўрови сифатида билиб, қонунда кўрсатилган муддат, яъни 7 кунда аниқ жавоб беради.
Шарҳлар