“Ҳудудгазтаъминот” қишга қандай тайёргарлик кўрди
Ўтган йил қишида совуқлар сабабли Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар, аэропортлар ишининг чекланиши, жамоат транспортида интервалларнинг кўпайиши, газ тўлдириш шохобчалари фаолиятининг тўхтатилиши, тураржой биноларида иссиқлик таъминотининг йўқлиги ёки ёмонлиги, маҳаллаларда иссиқ сувнинг етишмаслиги каби муаммолар юзага келган эди.
Ўзбекистонда яқин кунларда ҳароратнинг паст чегараси -17°С га етади.Anhor.uz нашри 2022-2023 йиллар қиш фаслида энергия инқирозини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини 2023-2024 йил қишида нималар кутаётганини билиш учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖга мурожаат қилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ жавобида қайд этилишича, жорий йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўтган йилнинг куз-қиш даврида аниқланган муаммолар, шунингдек, ва маҳаллий газ қувурларини техник янгилаш, модернизация қилиш доирасида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад совуқ мавсумда аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлашдан иборат. Бироқ 12 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани аҳолиси уйларида газ босими пастлигидан шикоят қилиб, 1055 хизматига мурожаат қилган. Бундан ташқари, интернетда энергия ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўйича аҳоли мурожаатларини назорат қилувчи 1055 хизмати Телеграм мессенжеридаги расмий чатда хабарлар юборишни тақиқлагани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ҳозир хизмат онлайн талабномаларни тезкор қабул қилмоқда ва ҳар бир хабарга ишлов беряпти.
«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг таркибий бўлинмалари мутахассислари томонидан жорий куз-қиш мавсуми учун иш режасини тайёрлашда фуқароларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда, сўнгги пайтларда газ таъминотида узилишлар ва тармоқларда босим пасайган манзиллар рўйхати тузилди. Қарийб 479 минг истеъмолчини газ билан таъминлашда муаммоларни бартараф этиш ва яхшилаш мақсадида жорий йилда 205,2 километр янги газ қувурлари қурилди, 273,6 километр газ қувурлари тўлиқ таъмирланди, 6,3 минг километр газ тармоқлари синовдан ўтказилди. Айни пайтда 63 минг газ тақсимлаш пункти (ГТП) тўлиқ таъмирланди, жумладан, 250 та ГТП капитал таъмирдан чиқарилди. Бугунги кунга қадар 950 мингдан ортиқ истеъмолчи редукторлар ўрнатилган уч босқичли тизимдан икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилди”, – деб ёзади «Ҳудудгазтаъминот».
Фавқулодда вазиятлар учун захира газ таъминоти манбалари мавжудми?
Аҳоли ва корхоналарни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш «Ҳудудгазтъминот» акциядорлик жамиятининг вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда «Ўзгазтред» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ каби етказиб берувчилар билан шартномалар тузилган. Куз-қиш мавсумида табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида корхонада ихтисослаштирилган авария-диспетчерлик гуруҳлари ташкил этилиб, аварияларни тезкорлик билан бартараф этиш учун зарур техника ва механизмлар тайёрланган. Унинг таркибига 24,9 километр газ қувурлари, 3,5 минг бутловчи қисмлар, 518 та манометр, 5,2 тонна карбид, 1,9 тонна мойлаш материаллари ва 234 дона автотранспорт воситалари киради.
Ҳайдовчилардан газ қувурлари жойлашган йўлларда эҳтиёт бўлишлари сўралади. Бахтсиз ҳодисалар натижасида қувурларни бузиш ҳолатлари мавжуд. Бу истеъмолчиларни газ билан таъминлашда муаммоларга олиб келиши мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида газ қувурларига шикаст етказиш, газ тақсимлаш пунктлари ва газ қувурлари таянчлари билан тўқнашиш билан боғлиқ 33 та авария ҳолати қайд этилган, натижада газ таъминотида узилишлар юзага келган.
«Ҳудудгазтъминот» компанияси ҳам ўз жавобида газ ўғирлигига қарши қатъий чоралар кўрилганини эслатади. Газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган мониторинги тизими газни ноқонуний улаш ва ўғирлик ҳолатларини аниқлашга ёрдам беради. Газ таъминоти ташкилотлари ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрмоқда. “Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, газдан тижорий фойда олиш мақсадида ноқонуний фойдаланиш ўғирлик деб ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликлар 5 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.
Мила Аксёнова
Шарҳлар