Қумларда қолиб кетган қишлоқ

Арвоҳ шаҳарлар ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Кўз олдингизда Америка киноларидаги қўрқинчли шаҳарлар пайдо бўлади. Устюрт платосининг чексиз поёнида Қибла-Устюрт қишлоғи мағрур турмоқда. Бу 286 нафар аҳолиси бўлган кичик қишлоқ.

Бу ерликлар ўзларини “адашган жаннат” одамлари деб аташади. 90-йилларга қадар Қибла-Устюрт Устюртдаги Комсомольск деб номланган. Собиқ совет даврида бу Орол денгизи бўйида 500 мингдан зиёд аҳолиси бўлган гуллаб-яшнаган шаҳар эди.

Аҳолиси балиқ тутиш, чорвачилик билан шуғулланар, болалар денгиз қирғоқларида ўйнарди. Қибла-Устюрт ўзига яраша замонавий эди, бу ерда икки-уч қаватли уйлар, алоҳида вертолёт учиш майдончаси, ўз мактаби, боғи, фельдшерлик пункти бор эди.

Маҳаллий аҳолидан бир киши болалигини хўрсиниб эслайди: “Бизнинг туманимиз замонавий деб ҳисобланган, зарур озиқ-овқат вертолётда етказиб бериларди, биз Москва таъминотида эдик, аммо … 80-йилларда Орол бир зумда чекинди. Ва фожеа юз берди. Қишлоқ ўлди. Ҳамма кета бошлади. Аввалига руслар, кейин бизникилар”.

Ягона марказий кўча – Қибла Устюрт бўйлаб юрар экансан, қишлоқ қанчалик обод бўлганини тушунасан киши. Ҳозир эса йўл Устюрт платосининг қуруқ қумли жарлигига олиб боради.

Қишлоқ анча озода, одамлар мевали дарахтлар экиб қўйишган. Қайси ҳовлига кирманг, сизни табассум билан кутиб олишади. Ҳовлилар кичик ва шинам. Қишлоқдаги тартиб ва аҳлат йўқлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бугунги кунда одамлар асосан чорвачилик билан кун кўради, уйлардан узоқ бўлмаган жойда туя карвонини кўрдик. “Туя сути энг тўйимли”, – дейди аёллар. “Олинг, афсусланмайсиз”.

Йўлда бир чўпонни учратдик, у туяларни ҳайдаб кетарди. Биз уни гапга тутдик. Ёшлиги, электрчи бўлиб ишлагани ҳақида гапирди. Ҳар йили ёзда Сочига ва бошқа жойларга дам олгани борган экан. Энди у нафақага чиқиб, туя боқади ва одамлар унинг меҳнати учун рамзий тўлов беради.

Узоқда кичик оқ бино кўринади. Бу қишлоқ мактаби, унда ҳаммаси бўлиб 30 га яқин бола ўқийди. Биринчи синфни уч нафар бола тугатди. Алифбе байрами ёки битирув кечаси бўлса, бутун қишлоқ учун байрам. Болалар мактабда ўзларини яхши тутмасликка имкон ҳам йўқ, синф раҳбари ва директор қўшниларинг, бирон айб қилиб қўйсанг, дарҳол кириб уйдагиларингга айтишади. Ҳамма бир-бирини яхши билади, тўй-маъракалар ҳамқишлоқлар билан ўтади.

Уяли алоқа деярли йўқ, Uzmobile ҳам ўтган йили кириб борди. Одамлар офлайн олам – қурилмалар, телефонлар, планшетларсиз яшайди. Болалар тўп тепиб, бекинмачоқ ўйнайди. Катталар уй ишлари, кундалик ҳаёт ва болалар тарбияси билан банд.

Қибла-Устюртнинг оддий аҳолисининг ҳаёти ягона газ компрессор станциясида ўтади. Аҳолининг асосий қисми ўша ерда ишлайди. Кўк дарвоза олдида бир аёлни учратиб, уни саволга тутдик: “Ҳаётингизда нималар билан бандсиз?”. У мағрурлик билан жавоб берди: “Мен Компрессор станциясида асосий оператор бўлиб ишлайман!”.

Аёл жилмайиб, бу ерга 79-йилда Жаслиқдан келин бўлиб тушгани, эрини севиб қолганини гапирди. Улар турмуш қуришди, болаларни катта қилишди, қизларни турмушга беришди. Аммо бир сония ҳам бу қишлоқдан кетиш ҳақида ўйлашмади. Қаҳрамонимиз станцияда яхши ойлик олаётгани, қўлига 3 миллион сўмдан кўпроқ олишини айтди. Фақат битта томони, бозор қишлоқдан 300-400 км нарида, атрофда дорихона йўқ.

Инфратузилма йўқлиги ва чўлланиш муаммосига қарамай, аҳолининг чидамлилиги ва бу жойларни тарк этишни истамасликларига қойил қолмай иложимиз йўқ.

Бу одамларнинг юзларига қарасангиз, нима бўлишидан қатъий назар бахтиёр ва самимийликларини кўрасиз. Қишлоққа кираверишда балиқчига ўхшаган кекса чол туриб, қумтепаларга қарарди. Хаёлида қачондир бу ерга сув қайтиши ҳақида ўй суради.

Афсус, хаёллар умидлигича, денгиз эса – сароб бўлиб қолмоқда..

Лойиҳа муаллифиДанил Каримов

МатнЖанна Рахимова

Таржимон: Нигора Адизова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.