«Зўравонлик мавзуси доим долзарб бўлган, бироқ ёритилмаган», – ҳуқуқшунос янги қонуннинг қабул қилиниши ҳақида

Дильфуза Куролова. Фото из архива юриста

Хоразм вилоятида меҳрибонлик уйининг уч нафар тарбияланувчисини мансабдор шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбур қилишган, Қашқадарё вилоятида эркак асраб олган 13 ёшли қизини зўрлаган, Миллий гвардия ходими ўсмир қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда – булар ўзбек жамиятини ларзага солган воқеалар. Ушбу воқеаларни, жабрланган аёлларнинг ҳикояларини жамиятга ошкор этмасдан туриб, уйларимизнинг ёпиқ эшиклари ортида нималар содир бўлаётганини ҳеч қачон билмаган бўлардик.

“Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги вазиятни ўзгартириши керак. Anhor.uz зўравонлик учун энди қандай жазо тайинланиши ва қонун қабул қилиниши билан жамият қандай ўзгариши мумкинлигини билиш учун ҳуқуқшунос Дилфуза Қуроловага мурожаат қилди.

Нега зўравонлик долзарб мавзуга айланди

Дилфуза Қуролованинг сўзларига кўра, авваллари оиладаги ва жинсий зўравонлик мавзуси тақиқ остида бўлган. “Оиладаги ҳамма нарса оилада қолиши керак” дейишарди. Ҳокимият алмашинуви ва сўз эркинлиги босқичи бошланиши билан, жумладан NeMolchi.uz фаолларининг иштирокида ҳам, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда зўравонлик ҳолатлари ёритила бошланди.

“Оила – жамиятнинг ячейкаси, оила – муқаддас эканлигига кўникиб қолганмиз. Биз фарзандларимизни севамиз, улар бизнинг келажагимиз. Биз оилавий қадриятларни ҳурмат қиламиз. Ва шу билан бирга, эртаси куни баъзи эркаклар болаларни қандай зўрлашлари, хотинларини калтаклашлари ва ҳоказо ҳолатлар ҳақидаги можаролар чиқиб қолади. Зўравонлик мавзуси доим долзарб бўлган, бироқ у илгари ёритилмаган, чунки мамлакат ҳам қонунлар каби бошқача эди, – дея тушунтиради ҳуқуқшунос.

Жорий йилнинг 12 апрель куни кучга кирган ҳужжат энди айрим фуқароларни жинсий ва оилавий зўравонликка бўлган муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Агар илгари одам хотинини калтаклагани учун унга ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлаган бўлса, энди қўл кўтаришдан олдин ўйлайди.

Ўзбекистонда ярашув институти ҳамон фаолият кўрсатмоқда – бу жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури бўлиб, жабрланувчининг ярашув ҳақидаги аризаси асосида шахснинг айби тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан, жиноят ишини тугатишдан иборат. Мисол учун, сиз эрингиз ёки қайнонангиз билан жанжаллашдингиз ва ажрашмоқчисиз – суд яраштириш комиссиясига ушбу ишни кўриб чиқишни буюради.

Жиноят кодексининг 66-1-моддасида шахс ярашиш муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги тушунтирилган.

“Бу аёлнинг эмоционал шахс эканлиги билан асосланган. У ариза берди, лекин у фикрини ўзгартириши, эри билан ярашиши ва аризани қайтариб олиши мумкин. Аммо тушунамизки, яна бир омил бор – аёлга оила, жамият босим ўтказиши ёки уни моддий манфаат билан “сотиб олишлари” мумкин”, — дея тушунтиради Дилфуза Қуролова.

Қонунга киритилган иккинчи муҳим жиҳат – бу зўравонлик. Энди зўравон қурбоннинг ёшини билгани ёки билмагани муҳим эмас, борди-ю ўсмир ўн саккиздан катта кўриниб, ҳужжатларга кўра у ёшроқ бўлса, думак уни жазо кутади.

Бир қатор моддалар барибир қабул қилинмади. Масалан, онлайн груминг – бу катта ёшли кишининг вояга этмаган болани йўлдан уриш мақсадидаги онлайн мулоқоти. Кейинчалик  ўсмир ёки болага энди офлайн босим ўтказилиши мумкин ва уларнинг маълумотларидан эксплуатация мақсадларида фойдаланишлари мумкин.

Бундан ташқари, фаоллар ва адвокатлар ҳимоя ордери  болаларга ҳам тааллуқли бўлишини илшари суришганди, чунки кўпинча у фақат жабрланувчига таалуқли бўлади.

“Масалан, агар аёл бошпана борса, аммо боласини у билан бирга қўйишмаса, у ҳолда бола оиласига қайтади. Биз ушбу қонунга ўзгартириш киритилишини, шунда ҳимоя ордерлари  автомат тарзда болаларга ҳам тегишли бўлишини истардик. Аммо, менимча, бу масала ҳали ўтгани йўқ”, – дейди ҳуқуқшунос.

Унинг сўзларига кўра, қонун аллақачон қабул қилинган ва ушбу модда жиноий жазога киритилган, шунинг учун яқин келажакда судга аёл жабрланувчилардан кўплаб аризалар келиб тушади ва зўравонлик бўйича статистика маълумотлар ўсади. Бу ндан қўрқмаслигимиз ва уларга кескин муносабатда бўлишимиз керак, чунки бу табиий ҳолат. Одамлар йиллар давомида зўравонлардан ўзини ҳимоя қила олмаган, энди эса қонунчиликда модда пайдо бўлди. Аёл билвосита эмас, балки бевосита мурожаат қилиши мумкин. Бошқа масала бор – 66-модда (Ярашиш) орқали қанча иш ёпилади. Дилфуза Қуролованинг сўзларига кўра, келгусида ўзаро ярашиш туфайли қанча иш тугатилишини солиштириш ва ундан мантиқий хулоса чиқариш керак, яъни аёллар энди охиригача боряптими ёки йўқми?

Шунингдек, ишларнинг қандай кўриб чиқилиши ва тергов қандай давом этишини кузатиб бориш муҳим бўлади.

“Жиноий жазо ёки жиноятнинг моҳияти – огоҳлантириш орқали одил судловга эришиш. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, эркак хотинини калтакласа – қамалади. Бирмунча вақт ўтгач, эркаклар қонун амал қилишини тушунишни бошлайди. Худди шу тамойил 97-модда – қасддан одам ўлдириш ҳолатида ҳам ишлайди. Агар одам ўлдирса, қамоққа тушишини ҳамма тушунади. Зўравонлик ҳолатлари судгача етиб борса ва одамлар қамалса, зўравонлик пасая бошлайди, чунки улар муаммони бошқача йўл билан ҳал қилиши керак бўлади”, – дея тушунтиради ҳуқуқшунос.

Эътибор бериш керак бўлган кейинги нарса – бу медиация (воситачилик). Дилфуза Қуролованинг фикрича, бу низоларни судгача ҳал қилишнинг ажойиб воситаси бўлиб, уни Ўзбекистонда ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш зарур. Қонунда медиация – бу низо бўйича аниқ келишувни ишлаб чиқишга ёрдам берадиган учинчи нейтрал ва холис тараф – воситачи иштирокида низоларни муқобил ҳал қилиш. Фуқаролар ўртасидаги келишмовчилик ва тушунмовчиликларни судга эмас, балки суд ҳокимиятига оғирлик қилмасдан ҳал қиладиган воситачиларга мурожаат қилиш мумкин. Шу билан бирга, қонунчиликда жиноят, зўравонлик ёки дўппослаш содир этилган тақдирда, воситачилик қилиш тақиқланади. Қийин вазиятларда воситачилик ёрдамида муаммони ҳал қилишнинг иложи бўлмайди.

Жамият қай даражада тез ўзгара бошлайди

Катта роль ва кейинги қадам тарғибот ва таълим бўлади. Нега аёллар одатда судга боришмайди? Дилфуза Қуролова 2019 йилдан бери бепул юридик маслаҳатлар бериб келади ва кўпинча одамлар шунчаки қўрқишади ёки тизимга ишонмайди, деб ҳисоблайди. Аёллар барибир уйга қайтишга тўғри келади, деб ўйлайди ва калтакланишда ёки зўрланишда давом этади. Жазоланган зўрловчилар ҳақида хабарлар чиқа бошлагач, одамларнинг тафаккури ўзгара бошлайди. Худди шу ҳолат учун харассментни (шилқимлик) мисол сифатида келтириш мумкин.

“Ходима аёллар харрасмент ҳақида гапиришни тўхтатмагунича, бу норма ҳисобланаверади. Аёлларнинг тушунтиришича, улар ишсиз қолишдан қўрқишади, бироқ гап иш жойидаги хавфсизлик ҳақида”, – дея тушунтиради Дилфуза Қуролова.

Кейинги барча зўравонлик ҳолатлари суд адолатли эканлигини ва қонунни бузган ҳар бир киши ўз қилмишига яраша жазоланишини кўрсатади. Телевидение, босма ва онлайн оммавий ахборот воситаларидаги кейинги ишлар зўравонликка тоқат қилмаслик кераклигини гамойиш эта бошлайди.

Масалан, илгари эркак ўз ёшидан катта кўринган ўсмир қизни зўрлаган бўлса, унинг ёшини билмаганман, деб жазодан қутула олмайди. Энди у неча ёшга ўхшамасин, агар у вояга етмаган бўлса, зўрлаш учун ҳеч ким жазодан қочиб қутулолмайди.

“Хоразмдаги воқеадан сўнг ўсмирларнинг оналари фоҳишалик билан шуғулланган ёки носоғлом оилалардан экани ҳақида кўплаб фикрлар билдирилди. Лекин зўрланган қизларнинг айби нимада?” – дейди Дилфуза Қуролова.

Унинг сўзларига кўра, афсуски, барча ҳолатлар ҳам жамоатчиликка етиб бормайди ва бу тизимли муаммо. Масалан, спортчи хотини ва боласини калтаклаган. Бу аёлнинг никоҳ пайтидаги биринчи калтак ейиши эмасди, у бир неча бор ҳимоя ордерини олган. Бу иш жамоатчилик эътиборига тушмагунича, бунга ҳеч ким эътибор бермаган.

Агар сиз оиладаги зўравонлик ҳақида билиб қолсангиз, нима қилиш мумкин

Агар, масалан, қўшниларингиз ёки танишларингиз калтакланган бўлса, сиз маҳалла қўмитасига мурожаат қилишингиз ва участка инспекторини чақиришингиз керак. Жабрланувчининг кўрсатмаси бўлмаса ҳам, сиз участка инспекторидан бу иш билан шуғулланиш лозимлигини ёки яраштириш комиссиясини талаб қилишингиз мумкин. Оилани назорат қилиш керак, чунки уйига участка инспекторининг келиши зўравонларга ҳам таъсир қилади.

Бу ҳолатда ҳамжиҳатлик муҳим аҳамиятга эга. Агар инсон зўравонлик қилмаса, у қонуннинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди, салбий фикрларни ёзмайди ёки тарқатмайди. Бу қонуннинг қабул қилиниши  зўравонлик қилмайдиган одамларга тааллуқли эмас, чунки улар ҳеч кимни зўрламайди ёки калтакламайди. Дилфуза Қуролованинг назарида ҳозир қонундан кўпроқ зўравонликни қўллайдиганлар хавотирда.

“Калтакладингизми – қамоққа тушасиз. Агар ҳибсга олишларини истамасангиз, урманг. Вақт ўтиши билан зўравонлик ҳолатлари камайиши мумкин, ажралиш статистикаси ортади. Эҳтимол, никоҳлар сони ҳам камроқ бўлар, чунки одамлар кўпроқ ўйлай бошлайди”, – дейди ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова.

Дарья Пензова

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.