АҚШ Яманнинг хусийлар назорати остидаги қисмига янги зарбалар берди
АҚШ Қуролли кучлари Яманнинг “Ансор Аллоҳ” (хусийлар) ҳаракати томонидан бошқарилувчи ҳудудига янгидан кетма-кет зарбалар берди, деб хабар қилади CBS телеканали Америка расмийларига таяниб.
Таъкидланишича, зарба хусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларига жавоб бўлган. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги вакили сўзларига кўра, зарбалар “Ансор Аллоҳ”нинг бир қанча ҳарбий объектларига қаратилган.
Америкалик ҳарбийлар томонидан Яманга берилган зарбалар ҳақидаги маълумотни хусийлар назорати остидаги “Ал-Масира” телеканали ҳам тасдиқлади. Унинг ахборотига кўра, ҳужумлар, хусусан, Дамар, Саада, Таиз, Ходейда, Эл-Байда вилоятларида амалга оширилган.
2023-йил ноябрида хусийлар Қизил денгиздаги Исроил билан алоқаси бўлган кемаларга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирган, шу тариқа “ҲАМАС” жангариларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган. Январда АҚШ ва Буюк Британия хусийларнинг Ямандаги объектларини оммавий равишда ўққа тутиб, жангариларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш қобилиятини йўққа чиқармоқчи бўлди. Американинг The New York Times газетаси маълумотларига кўра, АҚШ ва Британия зарбалари натижасида хусийларнинг ҳужум қобилияти тахминан 30 фоизга пасайган.
Шарҳлар