АҚШ Украинага қўшин юбормайди — Оқ уй

Фото: AP Photo / J. Scott Applewhite

Оқ уй АҚШ Украинага қўшинлар юбормаслигини маълум қилди. Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Украинага Ғарб қўшинлари юборилиши эҳтимолини истисно қилмаган эди.

“Президент Байден АҚШ Украинага жанг қилиш учун қўшинлар юбормаслигини очиқ-ойдин билдирди”, — дейилади Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон томонидан эълон қилинган баёнотда.

Байден “ғалабага олиб борадиган йўл” Конгресс томонидан блоклаб қўйилган ҳарбий ёрдамнинг қабул қилиниши, деб ҳисоблайди, токи “Украина қўшинлари Россия истилосидан ҳимоя учун зарур бўлган қурол ва ўқ-дориларга эга бўлсин”, дея қўшиб қўйди Уотсон.

АҚШ Сенати икки ҳафта аввал Украинага ҳарбий кўмакни маъқуллаганди, у Исроил ва Тайванга ҳам ёрдамни ўз ичига олувчи жами 95 миллиард долларлик пакетга кирди. Шундан 60 миллиарди Украинага ажратилади. Аммо у ҳали Конгресс Вакиллар палатаси томонидан маъқулланмади. Спикер, республикачи Майк Жонсон аввалроқ уни овозга қўймоқчи эмаслигини айтганди.

Байден 27 февраль куни Оқ уйда юқори мансабли конгрессменлар билан учрашиб, молиялаштириш, шу жумладан, Украинага ёрдам тақдим этиш масалаларини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония бош вазири Кая Каллас Ғарб давлатлари томонидан Украинага қўшинлар юборилиши Париждаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари конференциясида маълум бир таклиф сифатида кўриб чиқилмаганини айтганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.