Эстония: Украинага қўшин юбориш ғояси муайян таклиф сифатида кўриб чиқилгани йўқ

Фото: зеркало души

Ғарб давлатлари томонидан Украинага қўшинлар юборилиши Париждаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари конференциясида маълум бир таклиф сифатида кўриб чиқилгани йўқ, дея маълум қилди Эстония бош вазири Кая Каллас.

“Аслида гап қўшинларни юбориш ҳақида бўлгани йўқ, бунақа таклиф бўлмади. Эҳтимол, таржима чоғида қайсидир сўз тушиб қолгандир. Музокараларнинг мавзуси бу эмас. Ҳа, ҳар хил нарса муҳокама қилинди. Муҳими ҳаммамиз Украинага ҳозир, ўзимизда бор имкониятлар билан қандай ёрдам беришимиз мумкинлиги ҳақида бош қотиришимиз керак. Бу истак ҳаммага бориб етди ва шуниси ижобийки, музокаралар столи атрофидагилар ҳаракатга ўтиш бўйича улкан истак ва иродани намойиш этишди”, — деди Каллас Postimees газетасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Эстониянинг ўзи икки йил ичида Украинага қўшинлар юбориш масаласини назарий жиҳатдан муҳокама қилиш бўйича ҳам ташаббус кўрсатмаган.

“Биз украиналиклар биздан сўраётган нарсалардан келиб чиқамиз: улар ўқ-дорилар, техника, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа сўрамоқда”, — деди Каллас.

Унинг айтишича, Париждаги учрашув Украина учун муҳим бўлган бир нечта ечимларни келтирган. Аввало, тез орада Украина учун янги ўқ-дори етказмалари очилиши борасида умид пайдо бўлди, шунингдек, ўқ-дори етказиб бериш бўйича янги коалиция яратилиши ҳақида эълон қилинди.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Париждаги саммит якунлари бўйича матбуот анжуманида келажакда украинага қўшинлар юборилишини истисно қилмаган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.