Россияда теракт юзасидан қидирилаётган автомобиль тўхтатилиб, 2 киши қўлга олинган. Улар Тожикистон фуқаролари

Россиянинг Брянск вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт юзасидан қидирилаётган автомобилни тўхтатди, деб ёзади Meduza баъзи Telegram-каналларга таяниб. Бу маълумот ҳукумат томонидан тасдиқланганича йўқ.

Baza маълумотларига кўра, ичида эҳтимолий жиноятчилар бўлган автомобиль Беларус ва Украина билан чегарадан бир неча километр масофадаги Тёплий қишлоғи яқинида тўхтатилган. Машинада, дастлабки маълумотларга кўра, олти киши бўлган, уларнинг икки нафари қўлга олинган, қолганлар қочиб кетган. Тожикистон фуқаролари қўлга олинган, дейилади хабарда.

Аввалроқ ОАВлар ҳуқуқ-тартибот органлари терактда гумонланувчилар оқ Renault машинасида қочиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Шунингдек, кулранг Renault автомобили ҳам қидирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Astra Telegram-канали ёзишича, полиция иккита Renault автомобилидан ташқари, гумонланувчилар бўйича маълумотларга эга эмас.

Айни вақтда “Осторожно, Новости” Брянск вилоятида тўхтатилган машинада ҳаракатлангани тахмин этилаётган одамлар фотосуратларини эълон қилмоқда.

22 март куни кечқурун “Крокус Сити Холл”да юз берган терактда, расмий маълумотларга кўра, 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 140 дан зиёд киши жабрланган. “112” Telegram-канали келтираётган норасмий маълумотлар бўйича эса, 82 киши ҳалок бўлган ва 183 киши жабрланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.