Байден Украинага қурол-яроғ етказишни шу ҳафтадаёқ бошлашга ваъда берди
АҚШ президенти Жо Байден Украина қуролли кучларига қурол етказиб беришни шу ҳафтадаёқ бошлаш учун, Конгресснинг иккала палатаси томонидан маъқулланган, Украинага 61 миллиард доллар ажратилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини эртага имзолашини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У Оқ уй томонидан таклиф қилинган лойиҳа учун овоз берган қонун чиқарувчиларга миннатдорлик билдирди.
“Ушбу ўта муҳим қонун халқимиз ва бутун дунёни хавфсизроқ қилади, чунки биз ўз иттифоқдошларимизни қўллаб-қувватлаяпмиз”, — дейилади Байденнинг Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотида.
Украина президенти Владимир Зеленский Сенатга ва мамлакатни қўллаб-қувватлашда давом этаётган Америка фуқароларига миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Сенати Вакиллар палатасидан кейин Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам ажратилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. 2023 йил октябридан буён қабул қилинолмай турган қонун лойиҳаси 61 миллиард доллар ажратилишини кўзда тутади, шунинг 20 миллиарди Америка захираларини тўлдиришга, 14 миллиарди эса қурол-яроғ сотиб олишга кетади. Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини 20 апрель куни маъқуллади. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати Украинага 1 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини тайёрламоқда.
Шарҳлар