Қозоғистон Тўқаев ва Шольцнинг матбуот анжуманини бекор қилди
Остона Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Германия канцлери Олаф Шольц қўшма анжуманини бекор қилди, деб хабар бермоқда DPA агентлиги. Бунинг сабаблари очиқланмади.
Шольц Тўқаев билан учрашувдан кейин журналистлар билан мулоқот қилди. Остонанинг қарорини қай даражада илтифотсизлик деб ҳисоблаши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у “нима бўлганда ҳам, бутун дунёдаги журналистлар учун яхши иш шароитларини исташи”ни айтди. “Шунинг учун ҳам, бу кичик ҳиссани қўшиш мақсадида қаршингизда турибман. Қолаверса, ҳар қанақасига буни амалга оширган бўлардим”, — дея қўшиб қўйди канцлер.
Қозоғистон президенти матбуот хизмати Тўқаев Шольцнинг илтимосига кўра Россия-Украина низоси борасида фикр билдирганини маълум қилганди. У Истанбул битимини тузишдан бош тортилиши туфайли, ярашиш имконияти қўлдан бой берилганидан афсус билдирди. Давлат раҳбари “ҳарбий жиҳатдан Россия енгилмас” эканини ва “урушнинг янада авж олиши бутун инсоният учун ва аввало бевосита Россия-Украина низосига аралашаётган барча мамлакатлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши”ни айтди. Тўқаев Хитой ва Бразилиянинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлади.
Шарҳлар