Беларус ўз ҳарбий доктринасида иттифоқдошларига ҳарбий ёрдам бериш имкониятини қайд этиб қўйди

Foto: Belarus Mudofaa vazirligi

Беларус Россияга Иттифоқ давлати аъзоси сифатида ҳамда КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) бўйича иттифоқдошларига уларга қарши тажовуз кузатилган тақдирда, ҳарбий ёрдам тақдим этиши мумкин. Шундай банд Беларуснинг халқ мажлиси томонидан тасдиқланган ҳарбий доктринасида пайдо бўлди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Ҳужжатда қайд этилишича, Беларус Иттифоқ давлати (унга Россия ва Беларус киради) ҳамда КХШТга аъзо ҳар қандай давлатга қарши жанговар куч қўлланилган хатти-ҳаракатларни Иттиқоф давлати ёки КХШТга нисбатан тажовуз деб ҳисоблайди ҳамда ўз ихтиёрида бўлган барча куч ва воситалардан фойдаланиб, тегишли жавоб чораларини кўради.

2022 йил кузида Беларус президенти Александр Лукашенко унинг давлати Украинадаги махсус ҳарбий операцияда иштирок этаётганини, аммо низо зонасига ўз ҳарбийларини юбормаётганини айтганди. Айни вақтда эса Беларус Тергов қўмитаси Украинадаги ҳарбий низода қатнашган, шу жумладан, ҳарбий ҳаракатларни молиялаштирган беларуслар жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.