ФЖИЭХ: белгородлик волонтёр Александр Демиденко тергов изоляторида ўз жонига қасд қилган
Украиналик қочқинларга ёрдам берган волонтёр Александр Демиденко тергов изоляторида ўз жонига қасд қилди, дея хабар беради Федерал Жазони ижро этиш хизматининг (ФЖИЭХ) Белгород бўлими. “Бел.ру” нашрининг ёзишича, журналистларнинг сўровига жавобан Тергов қўмитаси Демиденконинг жасадида зўравонлик излари топилмаганини маълум қилган. ФЖИЭХ, шунингдек, шифокорлар эркакни жонлантиришга ҳаракат қилгани, аммо натижа бўлмаганини айтади.
Волонтёрнинг ўлими юзасидан тергов бошланган, тергов изоляторига Тергов қўмитаси ходимлари ҳам етиб келган, дея қўшимча қилади бўлим.
Унинг қариндошларининг хабар беришича, Демиденко 8 апрель, душанба куни қамоқда вафот этган.
“Отамнинг юрагидан шикоят қилганини унутибман. 10 йил олдин у баъзан глицерин ичарди. Эҳтимол, у шунчаки вазиятни кўтара олмагандир. Умуман олганда, биз ҳозирча тафсилотларни билмаймиз, – деб ёзади волонтёрнинг ўғли Олег.
Демиденко украиналик қочқинларга Белгороддан Россия-Украина чегарасидаги ягона назорат-ўтказиш пункти – Колотиловкага етиб боришга ёрдам берарди, шунингдек, тунашга жойи йўқ украиналикларни уйида олиб қоларди.
2023 йил октябрь ойида Демиденко яна қочқинларни чегара пунктига олиб кетаётганда ғойиб бўлган. Кейинчалик маълум бўлишича, волонтёр хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва унинг уйида тинтув ўтказилганида гўёки улар граната топган.
Аввалроқ, Би-би-си билан суҳбатда Демиденко у билан «тарбиявий суҳбатлар» ўтказиш учун уни бир неча бор назорат-ўтказиш пунктига чақиришганини айтганди – чегарачилар волонтёр одамлар ўз навбатини кутишга мажбур бўлган шароитларни очиқ танқид қилганидан норози бўлишган .
Демиденконинг рафиқаси гувоҳлар эркакни уйига тинтув қилишга олиб келишганида унинг орқасида кўплаб кўкаришларни кўрганини айтади. Демиденконинг ўғли, шунингдек, “Новая газета Европа” нашрига отаси унга қўнғироқ қилиб, қийноқлар ҳақида гапирганини айтган. Олег Демиденконинг сўзларига кўра, уни бошқа нарсалар қаторида «батареяга боғлашган ва оёғининг остига отишган».
Шарҳлар