ОАВ: Алишер Усмонов компанияси 90 та мамлакат журналистларининг текширувларида тилга олинмоқда

ОАВ: Алишер Усмонов компанияси 90 та мамлакат журналистларининг текширувларида тилга олинмоқда

Терговчи-журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ) ва BuzzFeed News АҚШ Молия вазирлиги молиявий жиноятларга қарши курашиш бўйича ёпиқ бўлинмаси (FinCEN)нинг ҳужжатларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу бўлим жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш билан шуғулланади ва Америка банкларининг шубҳали транзакциялари ҳақидаги маълумотларни олади. Ҳужжатларга мувофиқ, россиялик бизнесменлар Владимир Путинга яқин кишиларга миллионлаб долларларни ўтказган, Россиянинг йирик компаниялари эса, шу жумладан давлат компаниялари ҳам, бошқа мамлакатларнинг раҳбарларига яқин кишиларга тўлаган. Бу ҳақда “Важные истории”  (“Муҳим воқеалар”) нашри ёзади.

Мақолада ёзилишича, Владимир Путиннинг маслҳатчиси Валентин Юмашев Британия Виргин оролларида рўйхатга олинган Epion Holdings Limited компаниясидан олти миллион доллар маблағ олган. Ушбу компания миллиардер Алишер Усмоновга тегишли. Шубҳали транзакциялар ҳақидаги ҳисоботларга мувофиқ пуллар 2006 йилдан 2008 йилгача “хизматлар” тўғрисидаги келишувга биноан ўтказилган. Сўз қандай хизматлар ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган.

Алишер Усманов ва Валентин Юмашев «Важные истории» нашрининг саволларига жавоб бермаган. Россия президентининг маъмурияти нашрга Юмашев жамоатчилик асосларида Путинга маслаҳатчи бўлиб ишлаётганини, шу боис давлат хизмати ҳақидаги қонун унга тааллуқли эмаслигини айтган. Россия президентининг матбуот хизматида эса шундай дейишмоқда: “Сиз кўрсатган саволлар шахсий ва тижорат ахборотига киради, биз уларга эга эмасмиз”.

«Важные истории»нинг қайд этишича, бу АҚШ тарихида юз берган умумий миқдори икки триллион долларлик шубҳали транзакциялар тўғрисидаги махфий молиявий ҳужжатларнинг энг йирик ошкор этилишидир. Ҳужжатларни қарийб 90 та мамлакат журналистлари ўрганиб чиққан.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.