Белоруссия тактик ядро қуролини ташувчиларни текширишни бошлади
Беларусь Россия билан биргаликда ўз қуролли кучлари ва тактик ядровий қурол ташувчиларини кутилмаганда текширишни бошлади. Бу қарор Ғарбнинг Украинага контингент юборилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларидан сўнг қабул қилинди.
Мудофаа вазирлигининг телеграм-каналида маълум қилинишича, Беларусь Қуролли кучлари ўз кучлари ва воситаларининг ядровий-тактик қуролларини етказиб беришга тайёрлигини синовдан ўтказишга киришган. Генерал-майор Виктор Гулевич ушбу тадбир доирасида авиациянинг бир қисми муқобил аэродромга кўчирилганини, сўнгра стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланишга тайёргарлик кўриш учун жиҳозлар кўчирилишини қайд этди.
“Ушбу тадбир доирасида авиация кучлари ва воситаларининг бир қисми муқобил аэродромга кўчирилди. Кейинчалик техник ходимларни кўчирган ҳолда биз стратегик бўлмаган ядро қуролларини қўллашга тайёргарлик ишларини бошлаймиз”, — дейди генерал-майор Виктор Гулевич.
Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин 7 май куни республика Қуролли кучлари бош қўмондони томонидан кутилмаган текширув ўтказиш бўйича кўрсатма олинганини айтди. Шунингдек, у «Искандар» оператив-тактик комплекси дивизиони ва Су-25 самолётлари эскадрони топшириқларни бажаришга тайёр ҳолатга келтирилишини қўшимча қилди.
Шарҳлар