Қозоғистон Россия учун бензин захираларини яратганини рад этди
Қозоғистон РФ нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужуми оқибатида танқислик юзага келиши эҳтимоли юзасидан Россия учун бензин захирасини яратмаган, деб ёзади DW Қозоғистон энергетика вазири маслаҳатчиси Шингиз Илясовнинг интервьюсига таяниб. “Россия Энергетика вазирлигидан бундай сўров келиб тушгани йўқ”, — деди у 8 апрель куни.
Шу куни аввалроқ Reuters ўз манбаларига таяниб, Россия Қозоғистондан 100 минг тонна бензин авариявий захирасини яратишни ва РФга ёнилғи етказиб беришга тайёр бўлишни сўрагани ҳақида маълум қилганди. Шу тариқа, Россия ҳукумати, гўёки, нефтни қайта ишлаш заводларига тез-тез амалга оширилаётган дронлар ҳужумига нисбатан чоралар кўрган. Агентлик манбалари ҳисоб-китобларига кўра, Қозоғистоннинг ўзида АИ-92 бензини захиралари 5 апрель ҳолатига 307,7 минг тоннани, АИ-95 бензини — 58 минг тоннани, дизель ёнилғиси захиралари эса 435,3 минг тоннани ташкил қилган.
1 мартдан Россия ҳукумати ярим йилга бензин экспортини тақиқлади. Аввалроқ Reuters РФ февралдан бошлаб Беларусдан бензин импортини кескин оширганини даъво қилганди. DW ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага тўлиқ бостириб кирганидан кейин Россия нефтни қайта ишлаш заводлари қарийб 40 марта дронлар ҳужумига учраган.
Шарҳлар