“Толибон” Афғонистонда Facebook блокланишини эълон қилди

Фото: Rambler

Толиблар ҳукумати Афғонистонда Facebook’ни “блоклаш стратегияси”ни ишлаб чиқди. Бу ҳақда мамлакат телекоммуникациялар ва ахборот технологиялари вазири вазифасини бажарувчи Нажибулла Ҳаққоний маълум қилди, деб ёзади “Медиазона”.

У чекловлар киритилиши ҳақида 6 апрель куни TOLOnews телеканали эфирида маълум қилган. Бундай қарор ўсиб келаётган авлодни ўйлаб қабул қилинганини таъкидлаган.

“Ёшларимиз академик жиҳатдан кучсиз, кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмайди. Бу нарсаларга (ижтимоий тармоқларга) вақт ва пул сарфлаш компаниялар учун фойдали, аммо халқ учун зарарли. Шу сабабли Facebook’ни чеклаш ва блоклаш стратегияси ишлаб чиқилди”, — деди мансабдор.

У ушбу стратегия нимадан иборат экани ва ҳукумат қачон сайтни блокировка қилишга киришишига аниқлик киритмади.

2024 йил февралида NapoleonCat статистика портали Facebook’нинг афғонистонлик аудиториясини 4,76 миллион кишига баҳолаган эди. Уларнинг кўпчилиги (2,16 миллион) 18—24 ёшдаги ёшлардан иборат.

Толиблар 2021 йил августида ҳокимият тепасига келганидан буён Афғонистонда кўплаб чекловларни жорий қилди. Энг радикал чоралардан бири қизларнинг олтинчи синфдан кейин таълим олишига қўйилган тақиқ бўлди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.