“Бугунги воқеалар Путин қотил эканини тасдиқлайди”. Зеленский — Навальнийнинг ўлими ҳақида
Украина президенти Владимир Зеленский россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг колонияда вафот этиши Владимир Путин қотил эканини тасдиқлашини ва сайловларда унга овоз берадиган одамлар ўзларига қотил президентни сайлаётганини англаши кераклигини айтди. Бу ҳақда Украина етакчиси 16 февраль куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан Парижда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Meduza.
“Бугунги воқеалар шундан дарак берадики, Путин қотилдир. Бу шунчаки ишора эмас. У қотил экани кундай равшан. Бу борада бошқа ҳеч қандай махфийлик йўқ. Бу фактнинг ўз тасдиғини топиши, сигнал аниқ-равшан, уни етакчиларга юбориш мумкин — кўряпмизки, сайловларга қотил бормоқда. Унга овоз берадиган одамлар эса қотилга овоз бераётганини ва ўзларига қотил президентни сайлашини тушуниши керак. Бугунги кунда бу одам билан иқтисодий алоқалар олиб бораётганлар эса, етакчилик даражасидан қатъи назар, қонли пул ишлаб топаётганини билиши керак, чунки улар қотил билан шартнома тузган. Сайловлардан кейин президентни сайлангани билан табриклайдиганлар эса улар қотилни қонунийлаштирганини билиши керак. Мана шундай ҳаммага тушунарли бўлган сигналлар. Аммо менимча, бу сигнал эмас, балки ҳақиқатнинг тасдиқланиши”, — деди Зеленский.
Эммануэль Макрон ўз навбатида Россия Алексей Навальнийнинг ўлимига аниқлик киритиши кераклигини айтди. “Алексей Навальнийнинг вафоти Кремлнинг заифлиги ва ўз мухолифларига нисбатан қўрқувидан дарак беради. Россия ўзининг эркин фикрга эга фуқароларини ГУЛАГларга юборади ва уларни ўлим жазосига ҳукм қилади”, — деди Франция президенти.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямал-Ненецк мухтор округи бўйича Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этганини маълум қилди. Муассаса талқинига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилган. RТ пропаганда телеканалининг манбаси Навальний ўлимининг сабабини тромб узилиб кетиши билан изоҳлади.
Шарҳлар