Чақирув ёшидаги ўғлини “Единая Россия”га “яширган” Медведев Киевни босиб олишни ваъда қилди

Фото: Коммерсант

Россия қўшинлари ҳозирги уруш жараёнида Киевга етиб бориши ва шаҳарни эгаллаши мумкин, чунки Украина пойтахти Россиянинг мавжудлигига таҳдид солмоқда, деди Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев. Бу ҳақда Moscow Times нашри ёзади.

«Қаерда тўхташ керак? Билмайман. Ҳали кўп ва жиддий ишлашимиз керак. Бу Киев бўладими? Ҳа, эҳтимол Киев бўлиши мумкин. Агар ҳозир бўлмаса, бирмунча вақт ўтгач, балки бу можаро ривожланишининг бошқа босқичида содир бўлар”, — дейди Медведев Россия ОАВларига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Киев Россиянинг шаҳри, аммо айни дамда у Қўшма Штатлар бошчилигидаги “Россия мухолифларининг халқаро бригадаси томонидан назорат қилинади” ва шу боис Москва учун “халқаро хавф” туғдиради.

2022 йил ёзида Дмитрий Медведевнинг ўғли Илья «Единая Россия»га аъзо бўлди ва Рақамли ривожланиш вазирлигининг хабарига кўра, Украинанинг босиб олинган ҳудудлари аҳолисига давлат хизматларини кўрсатиш порталини «мувофиқлаштириш» билан шуғулланмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.