Президент Наврўз байрами арафасида 140 нафар маҳбусни афв этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ 140 нафар фуқаро афв этилди, деб ёзади ЎзА.

Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.