Дональд Трамп тилла кроссовкалар брендини ишга туширди
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп ўзининг Trump Sneakers кроссовка брендини ишга туширди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Линейкада жами уч жуфт оёқ кийим бўлиб, уларнинг нархи 199 доллар ва 399 доллардан.
Пойабзаллар тақдимоти 17 февраль куни Филадельфияда бўлиб ўтди. Бундан бир кун аввал, 16 февраль куни эса Нью-Йорк суди Трамп ва унинг ўғилларини молиявий ҳисоботларни қалбакилаштиришда айбдор деб топиб, 355 миллион доллар миқдорида жарима белгилаган эди.
“Мен буни анчадан бери амалга оширмоқчи бўлиб юрувдим. Мен билан ажойиб одамлар ишлайди, буни улар ўйлаб топди. Ўйлайманки, кроссовкалар жуда муваффақиятли бўлади”, — деди Дональд Трамп тақдимот чоғида.
Учта оёқ кийимдан иборат линейкадан Т ҳарфи ва АҚШ байроғи туширилган The Never Surrender High-Tops (“Ҳеч қачон таслим бўлма”) номли тилла кроссовкалар ўрин олган. Сайтда айтилишича, ҳар битта жуфтга рақам берилган, жами минг жуфт кроссовка чиқарилади, бир жуфтининг нархи — 399 доллар. Савдо 2024 йил июлида йўлга қўйилади. Олдиндан буюртмага чиқарилган кроссовкаларнинг барчаси сотиб олинган.
Ҳозир сайтда 199 долларлик икки хил кроссовкага олдиндан буюртма бериш мумкин, булар — POTUS 45 ёзуви, Т ҳарфи, тилларанг 45 рақами ва АҚШ байроғи туширилган оқ рангли трикотаждан тикилган кроссовка ҳамда Т — Red Wave ёзуви, Т ҳарфи, кумушранг 45 рақами ва АҚШ байроғи туширилган қизил трикотаж кроссовкадир. Ушбу пойабзаллар 2024 йил августида сотувга чиқарилади.
Эслатиб ўтамиз, Нью-Йоркда суд АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампни фирибгарлик тўғрисидаги иш бўйича айбдор деб топганди. Унга 354,9 миллион доллар тўлаш мажбурияти юкланди. Судья Артур Энгорон, шунингдек, Трампга уч йил мобайнида Нью-Йоркда исталган корпорациянинг ходими ёки директори бўлиб ишлашни тақиқлади. Собиқ президентнинг ўғиллари — кичик Дональд Трамп ва Эрик Трамп 4 миллион доллардан тўлаши керак.
Шарҳлар