Таниқли режиссёр Муҳаммад Расулоф 8 йиллик қамоққа ҳукм қилингач, Эронни яширинча тарк этди
Эронлик режиссёр Муҳаммад Расулоф суд томонидан саккиз йиллик қамоққа ҳукм қилингач, мамлакатдан яширинча қочиб кетганини маълум қилди, деб ёзади BBC.
“Менга беғаразлик билан, шунингдек, ўз ҳаётларини хавфга қўйган ҳолда чегарани кесиб ўтишга ҳамда узоқ ва машаққатли сафардан кейин хавфсиз жойга етиб олишга ёрдам берган дўстларимга ва танишларимга раҳмат айтаман”, — деб ёзди у Instagram саҳифасида.
Канн кинофестивалининг танлов дастури доирасида Расулофнинг “Муқаддас анжир уруғи” филми премьераси бўлиб ўтади. Эрон ҳукумати уни ўз картинасини фестивалдан олиб ташлашга ундаган, аммо у бундай қилишдан бош тортган.
Режиссёрнинг адвокати маълум қилишича, Расулоф ўз фильмини тақдим этиш учун Каннга бормоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Эронда режиссор Муҳаммад Расулоф саккиз йиллик ҳибсга ҳукм қилинган эди. Унинг адвокати маълум қилишича, ҳукм учун Расулофнинг омма олдидаги баёнотлари ва унинг фильмлари асос бўлган. Суд уларни “мамлакат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш ниятида тил бириктириш намуналари” деб атади.
Шарҳлар