Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади
Грузия парламенти овоз бериш натижаларига кўра Тбилисида оммавий норозиликларга сабаб бўлган “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.
Грузия махсус кучлари намойишчиларни, жумладан, ҳибсга олингандан кейин ҳам калтаклаганликда айбланмоқда.
16 апрель куни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойишининг бир нечта иштирокчиси полициячиларнинг ҳаракати туфайли жароҳатланганларини маълум қилганди. Шу тариқа, Lelo for Georgia партиясининг бош котиби Ираклий Купрадзе ўзининг митингда калтаклангани ва ҳибсга олинганини айтган. Партия Купрадзе қўлларини ҳавога кўтарган ҳолда тургани, махсус кучлар эса уни деворга итараётгани акс этган видеони чоп этди.
Shame Movement ҳаракатининг фаоли Мариам Долидзе тирсагидан жароҳат олгани ҳақида хабар беради. Намойиш иштирокчиси Дмитрий Беридзе Radio Tavisupleba га полиция томонидан калтакланганидан кейин мияси чайқалганини айтган.
Хавфсизлик кучларининг ҳаракатларидан журналистлар ҳам жабр кўрган. JAMnews махсус кучлар озарбайжонлик журналист Нурлан Либрега ҳужум қилгани ҳақида хабар беради. У журналист эканини айтган бўлса-да, калтакланган. Яна уч журналист ҳам калтакланганидан шикоят қилган.
Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир газидан фойдаланганидан сўнг, бир неча ўнлаб одамлар нафас олиш билан боғлиқ муаммолари ҳақида шикоят қилиб, шифокорларга мурожаат қилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, намойишчиларга қарши куч қўллаш юқори мартабали полиция зобитининг буйруғи билан полиция парламентга чекинишидан олдин бошланган.
Girchi-Meti Tavisupleba либертар партиясининг раҳбари Зураб Жапаридзенинг айтишича, ҳибсга олинганлар аллақачон полиция бўлимларида калтакланган. Буни Грузия Омбудсмани Леван Иоселиани тасдиқлаган.
ИИВ 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Хабарда айтилишича, “Ички ишлар вазирлиги томонидан митинг ташкилотчилари ва иштирокчиларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда ўз норозиликларини билдириш тўғрисида кўплаб чақириқлар қилинганига” қарамай, митинг иштирокчилари “полиция ходимларига жисмонан қарши турган ва ўз жойларига турли хил учи тўмтоқ буюмларни, шу жумладан тошлар ва шишаларни улоқтирган.
Шарҳлар