Бир гуруҳ ҳиндистонликлар видеомурожаат йўллаб, уларни Россия томонида туриб Украинада жанг қилишга мажбурлашаётганини маълум қилди
Етти нафар Ҳиндистон фуқароси видеомурожаат эълон қилиб, уларни Россия қуролли кучлари томонида туриб Украинадаги урушда жанг қилишга мажбурлашаётганини маълум қилди.
Видеода Россия ҳарбий формасини эслатадиган кийим кийиб олган бир гуруҳ эркаклар деворлари кир бўлиб кетган хонада турибди. Улар айнан қаерда жойлашгани номаълум.
Аммо Ҳиндистоннинг News 18 нашри ёзишича, улар 15 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, сўнг “уруш бўлаётган жой”га юборилган. Мурожаатни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаган ҳиндистонлик журналист қайд этишича, улар “исталган лаҳзада жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун жўнатилиши мумкин”.;
Видеода эркаклар 2023 йил декабри охирида янги йилни кутиб олиш учун Россияга келганини айтган. Сўнг қандайдир сайёҳлик агенти уларга Беларусга ҳам ташриф буюришни таклиф қилган, улар эса рози бўлган.
“Бизга виза кераклигини билмагандик, — деди эркаклардан бири. — Беларусга етиб келганимизда агент биздан пул сўради, кейин ғойиб бўлди”.
Ҳиндистон фуқаролари айтишича, шундан сўнг уларни полиция ушлаб Россия ҳукуматига топширган, улар эса “ҳужжатларни имзолашга мажбур қилган”. Ҳужжатлар рус тилида бўлгани сабабли, ҳиндистонликлар уларнинг мазмунини тушунмаган, шундай бўлса-да, ўз имзоларини қўйган.
Уларга Россия армиясида ҳарбий хизмат ўташ ўн йиллик қамоқ муддати ўрнини босишини тушунтиришган. “Энди бизни Украинага қарши урушда жанг қилишга мажбурлашмоқда”, — демоқда ҳиндистонликлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон ҳукумати Россиядан мамлакат армияси билан шартномалар тузган ҳинд фуқароларига муддатидан олдин хизматдан бўшашга рухсат беришни сўраган эди. The Hindu нашри маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида 100 га яқин Ҳиндистон фуқароси Россия армияси билан шартномалар тузган бўлиши мумкин. 20 февраль куни нашр жанговар ҳаракатларда иштирок этишни кўзда тутмаган иш учун рози бўлган камида уч нафар Ҳиндистон фуқароси Россия армияси сафларида жанг қилишга мажбурланган.
Шарҳлар