Теҳрондаги объектга зарба ёки киберҳужум. Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб қайтариш йўлларини кўриб чиқмоқда
Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб зарбасини бериш бўйича “сигнал юборадиган”, аммо қурбонларга олиб келмайдиган бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда Washington Post исроиллик манбаларига таяниб маълум қилган. “Исроил жавоб қайтариши кераклигига ҳамма қўшилади. Масала қандай ва қачон жавоб беришда”, — деди манба.
Исроил иттифоқдошлари “ҳаддан ортиқ жавоб” кўрсатилишига қарши чиқяпти, Исроил эса иттифоқчилари билан бирга ишламоқчи. “Биз қурбонлар бўлишига олиб келадиган ҳаракатлар қилмаслигимиз керак, аммо жавоб қайтаришимиз муҳим, чунки бу бизга зарар етказмоқчи бўлганларнинг барчасига сигнал юборади”, — деди Washington Post суҳбатдоши.
Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб қайтариш вариантлари сифатида Теҳрондаги объектга зарба ёки киберҳужумни кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ АҚШ Исроилга Эрон ҳудудига ҳужумда ёрдам бермаслиги маълум бўлган эди. ABC манбаларига кўра, бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остин Исроил мудофаа вазири Йоав Галантга 14 апрель куни шахсий суҳбат чоғида маълум қилган.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон юзлаб дронлар ва ракеталар ёрдамида Исроил ҳудудига ҳужум қилди, улар АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уриб туширилди. Зарба 1 апрель куни Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужумга жавобан берилди. Шундан кейин Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Герци Халеви Исроил Эронга жавоб зарбаси беришини айтди. Аммо 14 ёки 15 апрелга режалаштирилган ҳужум АҚШнинг низо кучайишига йўл қўймаслик ва масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш ҳақидаги даъватлари туфайли бекор қилинди.
Шарҳлар