Италия, Канада, Бельгия бош вазирлари ва Еврокомиссия раҳбари бирдамлик белгиси сифатида Киевга келди
Италия, Канада, Бельгия бош вазирлари, шунингдек, Еврокомиссия раҳбари бугун, 24 февраль куни Киевга етиб келди, деб хабар бермоқда “Коммерсантъ”. Италия ҳукумати баёнотида айтилишича, уларнинг жанговар ҳаракатлар бошланганига икки йил тўладиган пайтдаги ташрифи Украина билан бирдамлик белгиси сифатида амалга оширилган.
Италия бош вазири Жоржа Мелони, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Бельгия бош вазири Александр Де Кроо ва Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Киевга биргаликда тунги вақтда Польшадан поезд орқали келган.
Бугун Жоржа Мелони Киевда туриб видеоконференция форматида G7 етакчилари учрашувини ўтказиши керак. Учрашувда Украина президенти Владимир Зеленский нутқ сўзлайди. Саммитнинг бош мавзуси Украинани қўллаб-қувватлаш бўлади. Учрашув якунларига кўра қўшма баёнот эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини эълон қилди. Қора рўйхатга яна 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахс кирди. Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа институтлари ва Евроиттифоқ фуқароларига нисбатан “стоп-рўйхат” кенгайтирилишини маълум қилди. АҚШ Россия молия секторига, мудофаа-саноат мажмуасига, шунингдек, марҳум Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар ҳақида эълон қилди. Кейинроқ Канада ҳам Россия қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди.
Шарҳлар