Экофаоллар Берлин яқинидаги Tesla заводи ҳудудига киришга уринди: полиция уларни тўхтатди

Фото: Axel Schmidt/Getty Images

Грюнхайде қишлоғидаги Tesla заводининг кенгайишига қарши норозилик намойиши чоғида бир нечта намойишчи заводга киришга уринган, бироқ полиция бунга тўсқинлик қилган.

Полиция матбуот хизматининг таъкидлашича, намойишчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, турли “қўпорувчилик ҳаракатлари”ни амалга ошира бошлаган, завод ҳудудига киришга уриниш ана шундай ҳаракатлардан бирига айланди. Намойишчилар ва полициячилар орасида жароҳатланганлар борлиги хабар қилинмоқда.

Намойиш чоғида ҳибсга олинганлар бор, тергов олиб борилмоқда. Tesla заводининг кенгайтирилиши ва заводга туташ ўрмоннинг бир қисмини кесишга қарши норозилик акцияси 8 май куни бошланган эди. Европанинг турли давлатларидан келган мингга яқин намойишчилар завод яқинида чодирлар қуришган. Tesla заводи юзлаб полициячилар томонидан сув отувчи қурилмалар билан ҳимояланган.

Tesla заводининг кенгайишига қарши норозилик намойиши Берлин марказида, америкалик автомобиль ишлаб чиқарувчиси салони жойлашган Mall of Berlin рўпарасида ҳам бўлиб ўтди. Намойишчилар “Тоза машиналар – жирканч ёлғон” шиори ёзилган баннерни осиб қўйишди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.