Ким Чен Ин биринчи марта тадбирга Путин совға қилган Aurus автомобилида келди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жамоат тадбирига биринчи марта Россия президенти Владимир Путин томонидан совға қилинган Aurus автомобилида келди. Бу ҳақда Корея Меҳнат партияси тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи ўринбосари, КХДР етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон маълум қилди.
“Шахсий машинанинг алоҳида функциялари мукаммал ва мутлақо ишончли”, — дейилади унинг баёнотида.
Ким Чен Ин томонидан ушбу автомобилнинг қўлланилиши “ҳар томонлама мустаҳкамланаётган ва янги, янада баландроқ босқичда ривожланаётган Корея-Россия дўстлигининг ёрқин рамзидир”, дея қайд этди Ким Ё Чжон.
18 февраль куни Россия президенти Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг туғилган кунига атаб унга Aurus автомобилини совға қилгани хабар берилган эди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Инга машина совға қилганини тасдиқлади. У Aurus автомобили бўлган. Песков машина моделини айтмади.
Кейинроқ ушбу ҳадя БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларига зид экани маълум бўлди. БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Шимолий Корея ядро дастури туфайли жорий қилинган санкциялар КХДРга ҳашамат буюмлари олиб кирилишини тақиқлайди. Тақиқланган маҳсулотлар рўйхатида люкс автомобиллар ҳам бор. Совға ушбу санкцияларга зид бўлиши мумкин.
Шарҳлар