Путин Ким Чен Инга Aurus лимузинини совға қилиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларини бузди

Foto: EPA

Россия президенти Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг туғилган кунига атаб унга Aurus автомобилини совға қилди. Ушбу ҳадя БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларига зиддир, деб ёзади Bloomberg.

Аввалроқ Путин КХДР етакчисига Россияда ишлаб чиқарилган автомобилни совға қилгани ҳақида Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берганди. Аммо машина русуми ва моделига аниқлик киритилмаганди.

Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Инга машина совға қилганини тасдиқлади. У Aurus автомобили бўлган. Песков машина моделини айтмади, аммо сентябрда, Ким Чен Ин Россияга келган пайтида Путин унга ўзи фойдаланадиган Aurus Senat лимузинини кўрсатганди. Aurus Senat нархи 440 минг доллардан бошланади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Шимолий Корея ядро дастури туфайли жорий қилинган санкциялар КХДРга ҳашамат буюмлари олиб кирилишини тақиқлайди. Тақиқланган маҳсулотлар рўйхатида люкс автомобиллар ҳам бор. Совға ушбу санкцияларга зид бўлиши мумкин.

Жанубий Корея Бирлашув вазирлиги аллақачон Россиянинг ушбу хатти-ҳаракатларини санкцияларнинг бузилиши деб баҳолади. “Биз Шимолий Кореяни БМТ санкцияларнинг бузилишини сурбетлик билан омма олдида тан олгани учун қоралаймиз. Россия ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида ўз масъулиятини ҳис қилиши ва халқаро меъёрларга зид келадиган хатти-ҳаракатларни тўхтатиши керак”, — деди Жанубий Корея муассасаси вакили.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 2006 йилдан ҳарбий синовлар туфайли КХДРга қарши санкцияларнинг бир нечта пакетини киритган эди. Россия бу чекловларга амал қилиб келган.

2023 йил сентябрида Владимир Путин Россия Украинадаги РФ армияси учун асосий қурол етказиб берувчига айланган Шимолий Кореяга нисбатан киритилган чекловларга амал қилаётганини айтганди.

Аммо феврал бошида The New York Times АҚШга иттифоқчи мамлакатлар разведкаларидаги манбаларига таяниб, Россия Шимолий Кореянинг РФ банкларидаги БМТ санкциялари томонидан музлатилган активларининг бир қисмини блокдан чиқаргани, шунингдек, Пхеньянга халқаро молия тизимидан фойдаланиш имкониятини тақдим этгани ҳақида хабар берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.