Молдовада россияпараст партияга сайловларда иштирок этишга рухсат берилди

молдова
Фото: zn.ua

Молдова Конституциявий суди республика қонунчилигига ноқонуний ёки конституцияга зид партияларга алоқадор шахсларни 3 йил муддатга сайловларда қатнашишни тақиқловчи тузатишни конституцияга зид деб топган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мазкур қарор билан “Шор” партияси аъзоларининг сайловда иштирок этишига қўйилган тақиқ бекор қилинади. Унинг раҳбари, россияпараст бизнесмен Илан Шор Молдова банк тизимидан миллиард доллар ўғирлаганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Шор партияси Молдовада конституцияга зид деб топилган. Дастлаб суд томонидан бекор қилинган тузатиш Шор аъзоларининг маҳаллий сайловларда иштирок этишига йўл қўймаслик учун ишлатилган. Мисол учун, Шор ўринбосарларидан бири мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Балтида мер лавозимига даъвогар бўлган эди.

Молдова парламенти спикери Игор Гросу суд қарорини изоҳлар экан, ҳукумат бу қарорга амал қилишини, бироқ жиноий ташкилотларга алоқадор ҳар қандай шахснинг сайловларда иштирок этишига йўл қўймаслик учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини айтди, деб ёзади Reuters.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.