Назарбоевнинг жияни Қозоғистонга 120 миллион доллар қайтарди
Қозоғистон коррупцияга қарши кураш агентлиги Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг ноқонуний олиб қўйилган активлари бўйича 120 миллион долларни мамлакат бюджетига қайтарди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар беряпти.
Коррупцияга қарши кураш хизмати 2021 йилдан 2023 йилгача бўлим ходимлари Қозоғистон бюджетига ноқонуний олиб қўйилган 912 миллиард тенгедан (1,9 миллиард доллардан ортиқ) зиёд маблағни қайтарганини маълум қилган.
“Кўрсатилган маблағлар давлатга етказилган зарарни қоплаш учун республика бюджетига юборилади. Буларга маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, квартиралар, автомобиллар, компаниялардаги улушлар, темир йўллар ва бошқалар киради”, – дейилади агентлик хабарида.
Маълумот учун, 2022 йил 26 сентябрда Сатибалди “Казактелеком” АЖ ва “СТС” АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғирлик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган. У жазони ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Шунингдек, унга 10 йил давомида давлат ташкилотларидаги юқори лавозимларда ишлаш тақиқланган.
Сатибалди ва жиноят иши бўйича бошқа айбланувчилар жабрланувчи билан воситачилик келишуви тузиб, айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни (жами 500 миллион доллардан ортиқ) қоплаган. Тадбиркор назоратидаги фирмалар “Казактелеком”нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган.
Шарҳлар